Қалбимиз қувончга тўлди, кучимизга куч қўшилди
  • 26 Октябрь 2015

Қалбимиз қувончга тўлди, кучимизга куч қўшилди

Президентимизнинг мамлакатимиз деҳқонлари ва фермерлари, барча меҳнаткашларига йўллаган табрикномасини ўқиб, кўнглимиз осмон қадар кўтарилди.

Энг қувонарлиси, бизнинг фермер хўжалигимизнинг номи ҳам юксак пахта хирмонини бунёд этишда муносиб ҳисса қўшган илғор жамоалар қаторида алоҳида тилга олинди. Камтарона меҳнатимиз шу даражада қадр топганидан кучимизга куч, ғуруримизга ғурур қўшилди.
Табрикномада қайд этилганидек, пахтачилик ўзининг жуда нозиклиги, кўп меҳнат, катта билим ва тажриба талаб қилиши билан ажралиб туради. Хусусан, табиат инжиқликларини енгиш деҳқондан ишга омилкорлик билан ёндашишни тақозо этади. Жумладан, жорий йил ёзида ҳаво ҳароратининг ўта юқори келиши биз, фермерларни яна бир синовдан ўтказди. Кечани-кеча, кундузни-кундуз демай, ишлаш эвазига ана шу қийинчиликларни енгиб ўтишга эришдик. Бунда давлатимиз томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор, деҳқон ва фермерлар учун яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар муҳим аҳамият касб этди, албатта.
Қолаверса, бугун қишлоқ одамларининг ҳаёт фалсафаси тубдан ўзгарган. Қилаётган меҳнатидан, энг аввало, ўзи, оиласи, жамият наф кўришини чуқур ҳис қилган ҳолда иш юритмоқда. Сабаби, илгари йил бўйи тер тўкиб, косаси оқармаган деҳқоннинг истиқлол -туфайли қадри юксалди, моддий манфаатдорлиги ошди. Бу, ўз навбатида, ишга бўлган муносабат ўзгаришида ҳал қилувчи омил бўлаётир.
Аслида, ерга меҳрингизни берсангиз, у саховатини аямайди. Бунга ўз фаолиятимда кўп марта ишонч ҳосил қилганман. Деҳқончилик учун ноқулай келган бу йилги мавсумда ҳам ғўзанинг “Бухоро-8” навини парваришлаб, ҳар қачонгидан кўра мўл ҳосил етиштиришга муваффақ бўлдик.
Шу ўринда айтиш жоизки, агротехника тадбирларини тўлиқ ва сифатли адо этишимизда ёнилғи-мойлаш материллари, минерал ўғит, сув таъминотининг оқилона йўлга қўйилгани қўл келди. Гармсел эсган жазирама кунларда эса ғўза қатор ораларидаги намлик миқдорини бир меъёрда сақлаб турдик. Натижада ҳосил элементлари тўлиқ асраб қолинди. 
Йиғим-терим  ишлари эса сафарбарлик асосида ташкил этилди. Бунинг самараси ўлароқ, давлатга пахта сотиш шартномавий режасини уддалашимиз учун атиги саккиз иш куни кифоя қилди. Қиёслаш учун айтишим мумкинки, ўтган йилги мавсумда 20 кунда ваъдамизнинг устидан чиққан эдик.
Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, биргина пахтачиликнинг ўзидан кўраётган умумий даромадимиз 500 миллион сўмни ташкил этаяпти. Агар бу йил 300 тонна сифатли ғалла етиштирганимизни ҳам назарда тутсак, хўжалигимиз аъзоларининг манфаатдорлик ҳисси кучайиб бораётганини, келажакка ишончи янада мустаҳкамланаётганини пайқаш қийин эмас.
Бу фикрни вилоятимизнинг исталган фермер хўжалиги мисолида ҳам билдириш мумкин. Зеро, юртимиз тинч, дўкон ва бозорларимиз тўкин. Меҳнат қилиб, асло кам бўлмаяпмиз. Танти халқимизнинг дастурхони файзли, қут-баракали. Шундай фаровонлик, тинчлик-хотиржамликка бир фермер сифатида ҳиссанг қўшилганини англаб, шукроналар айтасан, киши.


Завқий БОЛТАЕВ,
Қоракўл туманидаги «Ҳосилдор» фермер хўжалиги раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn