Оила, маҳалла ва таълим муассасаси
  • 26 Октябрь 2015

Оила, маҳалла ва таълим муассасаси

ҳамкорлиги ёшларни баркамол инсонлар қилиб тарбиялашда муҳим ўрин тутмоқда

Мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялашда оиланинг ўрнини кучайтириш, оила институтининг таълим ва тарбия муассасалари билан амалий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Зеро, давлатимиз раҳбарининг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” номли китобида алоҳида таъкидланганидек, “Бугунги кунда фарзандларимизнинг маънавий оламини юксалтириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш масаласи биз учун энг долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Айниқса, ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда миллий ўзлигимиз, азалий қадриятларимизга ёт ва бегона бўлган турли хил хуружлар, ёшларимизнинг онги ва қалбини эгаллашга қаратилган ғаразли интилишлар тобора кучайиб бораётгани барчамизни янада ҳушёр ва огоҳ бўлишга даъват этиши табиийдир”.
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви томонидан ўтказилган “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигини таъминлаш бўйича белгиланган чора-тадбирлар: эришилган натижалар ва муаммолар” мавзуидаги тадбирда ана шулар хусусида атрофлича сўз юритилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, “Оила” илмий-амалий маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, Республика Маънавият тарғибот маркази вакиллари, фуқаролар йиғинлари раислари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар ҳамда журналистлар қатнашди.
Эътироф этилганидек, ёшларнинг таълим-тарбияси, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни миллий урф-одат, анъана ҳамда қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, спорт билан шуғулланиши, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун зарур шарт-шароит яратиш ҳамда бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка кенг жалб этиш орқали соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда фуқаролар йиғинларининг таъсири тобора ошиб бормоқда. Бу борада халқимиз ўртасида кенг тарқалган “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она”, “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур, қудратли элнинг фарзандлари соғлом бўлур” деган мақол ва ҳикматли иборанинг аҳамиятига эътиборни қаратиш муҳим ҳисобланади.
Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир ота-онанинг барча эзгу ниятида фарзандларини ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш орзуси мужассамдир. Айниқса, оила, маҳалла ва таълим муассасаларининг бу борадаги ҳамкорлиги алоҳида ўринга эга. Айни чоғда ушбу ҳамкорлик ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни турли зарарли таъсирлардан, “оммавий маданият” ниқоби остидаги таҳдид ва хатарлардан асраш, она-Ватанга муҳаббат, садоқат руҳида тарбиялаш учун унинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни янада кучайтириш ҳамда турли фан ва спорт тўгаракларига кенг жалб этиш, бўш вақтларининг мазмунли ўтказилишини таъминлашда долзарб аҳамият касб этади.
Анжуманда жисмонан соғлом, маънавий етук авлодни тарбиялашда оила институти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигини тизимли йўлга қўйиш, ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги ўрни, мажбурияти, масъулияти ҳамда фарзандлар билан яқин муносабатларини мустаҳкамлашга кўмаклашиш мақсадида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва Халқ таълими вазирлиги тузилмалари, республикамиздаги мавжуд ўн мингга яқин фуқаролар йиғинлари томонидан қатор ижобий ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Жумладан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида таълим-тарбия сифатини ўрганиш, ўқувчилар дарсларга жалб этилиши, ўқишга мунтазам қатнамайдиган ўқувчиларнинг ота-оналари ўртасида тушунтириш ишлари бўйича 75 мингга яқин тадбирлар ўтказилди. Таълим муассасалари ва маҳалла фаоллари томонидан бундай ўқувчиларнинг дарсга тўлиқ қатнашишини назоратга олиш, масъулларни бириктириш, уларни турли тўгаракларга жалб этиш чоралари кўрилди. Йиғинлардаги 9046 та “Ота-оналар университетлари” томонидан ота-оналар ҳуқуқий билимини мустаҳкамлаш бўйича 26 мингга яқин, маънавий-ахлоқий билимларини бойитиш юзасидан 31 минг, физиологик билимларини оширишга қаратилган 21 мингдан зиёд тадбирлар ўтказилишида амалий ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, қиз болаларни тарбиялаш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашига ёрдам бериш, эрта никоҳ ва оилавий низоларнинг олдини олиш, урф-одат ҳамда турли маросимларни ихчам ва тартибли ўтказиш мақсадида мактаб, касб-ҳунар коллежи ва академик лицейлар ҳамкорлигида 15 мингдан ортиқ тадбирлар ташкил этилди. Бевосита маҳалла маслаҳатчилари томонидан 6 миллионга яқин оила, шу жумладан, 2 миллиондан зиёд ёш оилалар ўрганилди. Шу асосда 32,4 мингта оилада низоли ҳолатларнинг олди олинди, 151 мингдан ортиқ ёш оилалар тиббий кўрикдан ўтказилди.
Тадбир иштирокчилари томонидан ёшлар ўртасида спортни, айниқса, болалар спортини ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳам алоҳида эътироф этилди. Айниқса, бу борада ҳамкорлик доирасида ўтказиб келинаётган “Футболимиз келажаги”, “Маҳалламиз паҳлавонлари”, “Отам, онам ва мен — спортчилар оиласи”, “Биз ақл-идрокли оилалармиз” каби спорт мусобақаларининг ўрни салмоқли бўл-моқда. Биргина жорий йилда 9 мингга яқин фуқаролар йиғинида мусобақалар ўтказилиб, “Маҳалламиз паҳлавонлари” мусобақасида 160 мингдан зиёд ўғил-қизлар, “Отам, онам ва мен — спортчилар оиласи” беллашувларида 250 мингга яқин оила вакиллари, шахмат ва шашка бўйича “Биз ақл-идрокли оилалармиз” каби спорт мусобақаларида 230 мингга яқин оила аъзолари, “Футболимиз келажаги” турнирида эса
1 миллион 260 мингга яқин болалар ва ўсмирлар қамраб олинди.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан кўрилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар болалар спортини ривожлантиришда муҳим ўрин тутмоқда. Яъни Фонд томонидан 2010 — 2015 йиллар давомида 1631 болалар майдончаси қайта таъмирланди, 712 таси эса намунавий лойиҳа асосида қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Тадбирда “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигини янада кучайтириш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга қаратилган тарғибот ишларини изчил давом эттириш, бу борада “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Халқ таълими вазирлиги, “Оила” илмий-амалий маркази, Республика Маънавият тарғибот маркази ва бошқа ташкилотлар ҳудудий тузилмалари ва фуқаролар йиғинлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини бугунги кун талабларига мос равишда мустаҳкамлаш, маҳаллалардаги жамоатчилик комиссиялари ишини янада кучайтириш билан боғлиқ масалалар чуқур -муҳокама қилинди.
Шунингдек, “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?”, “Эртага ким бўлишимиз, қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?” деган саволлар моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчилик, айниқса, ёшларга атрофлича тушунтириш, уларнинг маънавий оламини юксалтириш, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш масалаларига эътиборни кучайтириш зарурлиги айтиб-ўтилди.


З. ХОЛТЎРАЕВ.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn