Юксак ишонч ва эътибор ифодаси
  • 26 Октябрь 2015

Юксак ишонч ва эътибор ифодаси

Президентимизнинг жорий йил 22 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар идоралари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони билан мамлакатимизда жамоат хавфсизлиги, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, хизмат бурчини бажариш ва миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишда мадрлик ва жасорат кўрсатгани ҳамда ёш авлодни она-Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга қўшган муносиб ҳиссаси учун тизим ходимларидан 35 нафари давлатимизнинг орден ва медаллари билан тақдирланди.

Бу, албатта, соҳа ходимларига бўлган юксак ишонч  ифодасидир. 2006 йил 6 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар идоралари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун асосида ҳар йили юртимизда 25 октябрь — Ички ишлар идоралари ходимлари куни сифатида нишонлаб келинаётгани ҳам соҳа ходимларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик нечоғли юксак эканидан далолат беради.
Мазкур сана муносабати билан ташкил этилган тадбирда шулар ҳамда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ жамият ҳаётида барқарорликни сақлаш, қонунчилик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, аҳоли тинчлиги ҳамда осойишталигини таъминлаш мақсадида ички ишлар тизимини ислоҳ қилишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.
— Президентимизнинг 2001 йилдаги Фармони ҳамда ҳукуматимизнинг бу борадаги тегишли қарорлари Ички ишлар вазирлиги ва унинг жойлардаги идоралари фаолиятини тубдан ўзгартиришда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Турғунов. — Ушбу ҳужжатлар асосида тизимнинг етакчи соҳалари ҳисобланган тезкор-қидирув ва тергов, йўл ҳаракати хавфсизлиги, патруль-пост ва жамоат тартибини сақлаш, ёнғин хавфсизлиги хизматлари такомиллаштирилди ва бу борада профилактика ўрни кучайтирилди. Умуман, ўтган йиллар мобайнида ички ишлар органлари фаолияти тубдан янгиланди.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш  ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси талабларидан келиб чиққан ҳолда, эл-юрт осо-йишталиги ва инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, шу жумладан, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноят содир этилишининг дастлабки босқичларидаёқ уларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар ҳам изчил давом эттирилмоқда. Шу мақсадда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, шахсий таркибни маънавий-ахлоқий жиҳатдан етук қилиб тарбиялаш, ходимлар онги ва дунёқарашини юксалтириш чоралари кўрилаётир.
— Ички ишлар тизимини она-Ватанимизга, истиқлол ғояларига садоқатли, малакали мутахассислар билан тўлдириш, шахсий таркибни нафақат жисмоний, айни чоғда маънавий жиҳатдан етук кадрлар асосида шакллантириш, ходимлар онги ва дунёқарашини янада юксалтириш, уларни бугун дунёда юз бераётган воқеа ҳамда ҳодисаларни теран англаб етиб, тегишли хулоса чиқара оладиган зийрак ва ҳушёр этиб тайёрлаш энг долзарб вазифаларимиздан ҳисобланади, — дейди “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси кафедра бошлиғи Исраил Каримов. — Ана шу талаблардан келиб чиқиб, Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасалари — -Академия, Тошкент олий ҳарбий техника билим юрти ва Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактабида тингловчи ва курсантларга таълим-тарбия бериш ўқитишнинг илғор услубларига мувофиқ тарзда йўлга қўйилган. Бошқа олий ўқув юртларини тугаллаб, ички ишлар органларига ишга қабул қилинган ёш ходимлар ҳам ИИВ Академиясида малака оширмоқда. Шунингдек, хизмат жараёнида халқ орасида кўпроқ бўлиб, уларнинг қувончу шодлигига ва ғаму ташвишига бирдек шерик бўлаётган профилактика инспекторлари Академия полигонида малака ошириш курсларини ўтаяпти. Бу уларнинг юртимизда бугунги кунда олиб борилаётган оқилона сиёсат, қабул қилинаётган қонунлар ва соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти билан яқиндан танишиш ҳамда ўз касбий ҳамда жисмоний тайёргарлигини янада юксалтиришга имкон яратаётир. Камтарона меҳнатим шу даражада қадрланганидан мамнунман. Бу, албатта, зиммамдаги масъулиятни янада оширади.
Тадбирда тизим ислоҳотлари самараси ўлароқ, ички ишлар идоралари ходимларининг халқ билан ҳамкорлиги янада кучайгани алоҳида қайд этилди. Жумладан, маҳалла посбонлари ҳамда профилактика инспекторларининг саъй-ҳаракати билан аҳоли ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида муайян ютуқлар қўлга -киритилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида юртимиздаги 3 мингга яқин маҳаллаларда жиноятчилик ҳолатлари умуман қайд этилмагани бунинг яққол мисолидир.
— Бугун профилактика инспекторлари халқ ичига кириб бориб, улар билан ҳамдард ва ҳамнафас бўлмоқда, турли ҳуқуқбузарлик ва  жиноятчиликка қарши курашда уларни ўз атрофида жипслаштирмоқда, — дейди “Шуҳрат” медали соҳиби, Қашқадарё вилояти Касби тумани ички ишлар бўлими профилактика инспектори Холмурод Шерқулов. — Ўз фаолиятимиз мисолида айтадиган бўлсак, биз хизмат қиладиган “Комилон” қишлоқ -фуқаролар йиғини ҳудудида 5 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, шундан 3 мингдан кўпроғини ёшлар ташкил этади. Уларнинг ҳар бирининг қизиқиши ва интилишидан хабардормиз. Бу эса фаолиятимизни юқори даражада давом эттиришда қўл келаётир. Пировардида кейинги йилларда ҳудудимизда жиноятчилик ҳолатлари умуман қайд этилмади. Ушбу юксак мукофот ишимизни янада изчил давом эттиришимизда қанот бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Адҳам Ахмедбаев давлат мукофотларини ўз эгаларига топширди.  Вазирлик ашула ва рақс ансамбли томонидан намойиш этилган концерт дастури кечага байрамона руҳ бағишлади.


Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn