Ижтимоий шериклик институти ногиронларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутмоқда
  • 21 Октябрь 2015

Ижтимоий шериклик институти ногиронларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутмоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, бугун дунё аҳолисининг олтидан бир қисмини ногиронлар ташкил этмоқда. Мутахассислар илм-фан, техника, тиббиёт шитоб билан ривожланаётганига қарамай, Ер юзида имконияти чекланган шахслар сонининг ортиб боришини сурункали касалликлар, табиий ва техноген характердаги офатлар кўпайиши ва шу каби қатор омиллар билан боғламоқдалар.

Мазкур эҳтиёжманд қатламни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ногиронларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш инсонпарварлик ва ижтимоий адолат тамойилларини кўзлаган давлат ҳамда жамият олдидаги долзарб вазифа ҳисобланади. Юртимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ изчиллик билан олиб борилаётган ижтимоий йўналтирилган сиёсат замирида ҳам, аввало, ана шу тамойиллар устуворлигини таъминлаш, ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмай, ўз турмушидан рози бўлиб яшашини кафолатлаш мақсади мужассамдир.  
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши барча соҳада, хусусан, ногиронлар ижтимоий муҳофазасининг самарадорлигини оширишда давлат органларининг фуқаролик институтлари билан ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди.
— Нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда ногиронларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий интеграциялашувини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар қамрови тобора кенгаймоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг бошқарма бошлиғи Баҳодир Шарапов. — Жумладан, ногиронларга кўрсатиладиган ижтимоий хизмат тизимини ривожлантириш, мақсадли даволаш ва соғломлаштириш, тиббий-ижтимоий реабилитация чораларини ҳамда геронтология ёрдамини кучайтириш, ногиронларнинг уй-жойлари ва маиший шароитларини яхшилаш, шунинг баробарида, тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, имконияти чекланган шахсларни ўз лаёқатига кўра ишга жойлаштириш жараёнида ижтимоий шериклик институти ҳал қилувчи аҳамият касб этаяпти.
Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришда ҳам фуқаролик институтлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Айни шу йўналишдаги норматив ҳужжатларни тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳлар таркибига нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари жалб этилмоқда. Тегишли қонун ва норматив ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси фуқаролик институтлари вакиллари иштирокида ўтказилаётир. Шу билан бирга, мазкур лойиҳалар вазирлигимиз веб-сайтига жойлаштирилиб, кенг жамоатчиликнинг таклиф-мулоҳазалари ўрганилмоқда. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, қонун ҳужжатларининг ижроси нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда мониторинг қилиниб, жамоатчилик назорати йўли билан амалий-услубий ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилаётир. Хусусан,  уруш ва меҳнат фахрийларини санаторийларда соғломлаштириш чора-тадбирлари бўйича мониторинг ўтказаётган ишчи гуруҳга вазирлигимиз мутахассисларидан ташқари, республика Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда “Нуроний” жамғармаси вакиллари ҳам бириктирилган.
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги имконияти чекланганларни моддий қўллаб-қувватлаш, санаторийларда соғломлаштириш, реабилитация техник воситалари билан таъминлаш, ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш юзасидан белгиланган хайрли ишларни республика Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Қизил яримой жамияти, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди сингари  ташкилотлар билан ижтимоий шериклик асосида рўёбга чиқармоқда. Умуман олганда, бугунги кунда вазирлик томонидан мазкур соҳада 300 га яқин  нодавлат тузилмалар билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бундан ташқари, БМТ Тараққиёт дастури, Япониянинг JICA ташкилоти, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA),  ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти билан турли ижтимоий лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Баҳодир Шараповнинг айтишича, юртимизда ҳар йили ўртача 5,5 минг нафардан зиёд ногирон ишга жойлаштирилмоқда ва ушбу тоифадаги шахслар учун 18 мингга яқин иш ўринлари захира қилиб қўйилаяпти. Ногиронлар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежларини битирган йигит-қизларнинг ҳам бандлиги таъминланиб, касбий билим ва кўникмаларини ривожлантириши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилаётир. Шунингдек, ҳозирги пайтда Саховат ва Мурувват уйларида 7,3 минг нафардан зиёд ногиронларга тиббий-ижтимоий ва маиший хизмат кўрсатилаётган бўлса, ногиронлар учун реабилитация марказларида бир йилда 17,5 мингдан зиёд имконияти чекланган шахсларга ижтимоий-тиббий, коррекцион-ривожлантирувчи кўмак берилмоқда. Қолаверса, вазирлик тизимидаги сиҳатгоҳларда йил давомида 34 минг нафардан ортиқ имконияти чекланган шахслар соғломлаштирилаётир. Ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини кучайтиришда прокат пунктлари, ижтимоий такси сингари янги технологиялар қўлланилаётгани ҳам эътиборлидир. Чунончи, прокат пунктлари муҳтож фуқароларга реабилитация техник воситаларидан қулай шаклда фойдаланиш имконини бераяпти.
Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатимизда имконияти чекланган шахсларнинг муносиб шароитда яшаши, таълим олиши ва меҳнат қилиши билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқлари аниқ манзилли ҳамда самарали дастурлар асосида кафолатланаётир. Давлат ва нодавлат ташкилотларининг бу эзгу мақсад йўлидаги якдиллиги эса, ўз навбатида, жамиятда ижтимоий мувозанатни сақлаб, меҳр-мурувват, оқибат ҳамда ҳамжиҳатлик муҳитининг барқарорлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn