Ҳуқуқий маданият ва қонун устуворлигини таъминлаш жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқда
  • 20 Октябрь 2015

Ҳуқуқий маданият ва қонун устуворлигини таъминлаш жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқда

Пойтахтимизда аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқий онгини ошириш ҳамда жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш ва ривожлантиришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрнига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳамда Республика болалар ижтимоий мослашув маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Адлия ҳамда Ички ишлар вазирликлари, Бош прокуратура, Олий суд, Олий хўжалик суди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Адвокатлар палатаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа қатор давлат ҳамда нодавлат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Амалий мулоқот руҳида ўтган тадбирда таъкидланганидек, демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш мамлакатимизда олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг асосий мақсадидир. Ушбу жараёнда ҳар бир шахснинг қонуний манфаатлари ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш, шунинг баробарида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқароларнинг жамият ҳаётида юз бераётган ижтимоий-сиёсий воқеаларга нисбатан мустақил фикр ва фаол позицияга эга бўлишини рағбатлантириш устуворлик касб этмоқда. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ҳамда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга оид қонунчилик ташаббуслари илгари сурилдики, бу, ўз навбатида, мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.
Дарҳақиқат, юртимизда ҳуқуқий маърифатни қарор топтириш, бунинг учун аҳолининг барча қатлам вакилларида қонунларга ҳурмат ҳиссини шакллантириш бўйича муайян тизим яратилган. Айни соҳадаги муносабатлар тегишли қонун ҳужжатлари асосида тартибга солинган. Аҳамиятлиси, ушбу қонунларнинг ижросини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг ҳам роли ва нуфузи тобора ортиб бормоқда. Бу эса нодавлат сектор фаолиятини такомиллаштиришга қаратилаётган эътибор ва изчиллик билан амалга оширилаётган ҳуқуқий, ташкилий-иқтисодий, ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларининг ёрқин натижасидир. 
Бинобарин, Конституциямизда фуқаролик институтларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларига риоя қилиш кафолатлари, уларга тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беришга оид тамойиллар мустаҳкамлаб қўйилган. Бу борада қабул қилинган икки юздан ортиқ қонун ҳужжатлари “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини босқичма-босқич рўёбга чиқаришда ҳуқуқий асос бўлаётир.
Давра суҳбатида алоҳида қайд этилганидек, фуқаролик жамияти институтлари тизимида нодавлат нотижорат ташкилотлари алоҳида ўрин тутади. Буни бугун республикамиздаги мавжуд 8 мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари давлат бошқаруви органлари томонидан муҳим қарорларни қабул қилишда, мамлакат ва жамият ҳаёти учун долзарб қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этаётгани, уларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли кенг қатламларига етказишда ташаббус кўрсатаётгани ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини самарали тарзда олиб бораётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. 2014 йилда қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги ҳамда “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари нодавлат нотижорат ташкилотларининг барча соҳадаги, хусусан, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли ҳуқуқий маданиятини юксалтириш йўлидаги саъй-ҳаракатларини янада жадал суръатда давом эттиришида дастуриламал бўлаётир.
— Президентимизнинг 2011 йил 23 августдаги қарорига асосан, Адлия вазирлиги ҳузурида Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгаш  тузилган, — дейди Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими Алижон Қаҳрамонов. — Мазкур кенгаш инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши билан боғлиқ масалаларни ўрганувчи ва умумлаштирувчи ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқишда ҳамкорлик ва ягона ёндашувни ташкил этишни мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади. Таъкидлаш ўринлики, кенгаш томонидан жамиятда юксак ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда. Бу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари кўмаги катта бўлаяпти. Ижтимоий шериклик институти давлат ва нодавлат тузилмаларнинг ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги ҳамкорлиги тобора  ривожланиб боришига замин яратаётир.
Тадбир иштирокчиларининг фикрича, мамлакатимизда кечаётган демократик ислоҳотларнинг самараси кўп жиҳатдан фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти даражасига боғлиқ, албатта. Ҳуқуқий маданияти етук шахс қонунларни, жамиятдаги ахлоқ меъёрларини ҳурмат қилади, уларга оғишмай риоя этади, тўғри йўлдан адашмайди. Ҳуқуқий тарғибот тадбирлари эса фуқароларни, айниқса, ёш авлодни ана шундай руҳда тарбиялашда муҳим ўрин тутмоқда.
— Инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда фаоллик кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотларининг сафи кенг, — дейди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси бош консультанти Муродали Жўраев. — Айтиш жоизки, республикамизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам ҳуқуқий тарғибот самарадорлигини ошириш бўйича ННТ иштирокини кучайтиришда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан эълон қилинаётган давлат грант танловлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу Фонд томонидан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили грант танлови эълон қилинаётир. Уларда юқори баҳоланган ва молиялаштирилган лойиҳалар асосида давлат ва жамият ҳаётида қонун устуворлигини мустаҳкамлаш мақсадида ишлаб чиқилаётган аниқ манзилли чора-тадбирлар ўзининг амалий натижаларини бераяпти.
Тадбирда юртимизда нодавлат секторни қўллаб-қувватлашнинг ноёб тизими яратилгани инсон ҳуқуқлари соҳасида ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни ва долзарб вазифаларни муваффақиятли ҳал этиш имконини бераётгани айтиб ўтилди. Ушбу институт фаолияти такомиллашиб бораётгани фуқаролик жамияти асосларини янада мустаҳкамлаб, демократик қадриятларни қарор топтиришга, барча жабҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилаётир.
 — Жамиятда юксак ҳуқуқий маданиятни шакллантириш мамлакат тараққиётига дахлдор масалалардан ҳисобланади, — дейди Ўзбекистон болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси раиси Инқилоб Юсупова. — Бу йўналишда юртимиздаги кўплаб ННТ фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатаётгани эътирофга лойиқ. Бизнинг ташкилот ҳам ижтимоий шериклик асосида эҳтиёжманд қатлам вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий билимларини юксалтириш бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Бунда маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва хотин-қизлар қўмиталари билан яқин ҳамкорлик ўрнатганимиз айни муддао бўлаётир.
Давра суҳбатида қонун устуворлигини таъминлашда прокуратура органлари ҳамда жамоат ташкилотларининг ҳамкорлиги, аҳолининг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини оширишда адвокатура институтининг ўрни, бола ҳуқуқларини таъминлашда ҳуқуқий тарбия, шунингдек, ҳуқуқий саводхонликни такомиллаштириш юзасидан ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Якунда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий шериклик принципларига асосланган ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn