Тил, тараққиёт ва маънавият
  • 20 Октябрь 2015

Тил, тараққиёт ва маънавият

Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамкорлигида “Тил, тараққиёт ва маънавият” мавзуида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 26 йиллиги муносабати билан ташкил этилган анжуманда соҳа мутахассислари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, талабалар қатнашди.
 Таъкидланганидек, мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ она тилимизни ривожлантириш, давлат тили сифатидаги ўрни ва аҳамиятини кучайтириш, уни нафақат расмий тил, балки миллий маданиятимизнинг ифода воситаси сифатида янада бойитиш ва софлигини асрашга алоҳида эътибор берилаётир. Бинобарин, давлат ва жамоат ташкилотларида “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар замирида ҳам ана шу эзгу мақсад мужассам.
Маълумки, бугунги кунда мамлакатимиздан ташқарида ҳам миллионлаб кишилар ўзбек тилида мулоқот қилади. Қолаверса, хорижий давлатларда она тилимизда китоблар, газета ва журналлар чоп этилмоқда, шунингдек, ўзбек тилини ўрганишга қизиқувчилар сони тобора ортиб бораяпти. Буларнинг барчаси тилимизнинг бойиб, мавқеи юксалиб бораётганидан далолатдир.
— Мен ўзбек тилини қунт билан ўрганаяпман, — дейди Тошкент  давлат шарқшунослик институти талабаси Кикучи Кахо. — Умуман, Японияда ўзбек тилига қизиқувчилар  сони йилдан-йилга кўпайиб бораётир. Боиси, бу тилнинг ўзгача жозибаси бор. Мақсадим, олий ўқув юртини тугатгач, ўзбек тили йўналишида илмий изланиш олиб бориш ва  ушбу тилни ўрганиш иштиёқида бўлган юртдошларимга  амалий ёрдам беришдир.
Анжуманда она тилимизнинг давлат тили сифатидаги ўрни ва мавқеини янада юксалтириш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз экани айтиб ўтилди.

Мавжуда ХОЛМАТОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn