Ватанга садоқат ва муҳаббат изҳори
  • 16 Октябрь 2015

Ватанга садоқат ва муҳаббат изҳори

Ажойиб халқимиз бор-да! Юрт кезиб, турли ёшдаги кишилар билан суҳбатлашганда, уларнинг шундай самимий фикрларини эшитасизки, беихтиёр шу жонажон Ватан фарзанди эканлигингиздан хурсанд бўлиб кетасиз. Уларнинг аксарияти оддий кишилар, бироқ ҳаётдан ўзларига хос салмоқли хулосалар чиқаришган.

— Мустақиллик арафасида оила қурганмиз. Рўзғорнинг илк йиллари ҳаёт оғир эди, эртадан кечгача ишлар эдиму топганим сира икки бўлмасди. Худди шу пайтда Президентимиз ташаббуси билан бизга ўхшаган минглаб кишиларга томорқа бўлиб берилгач, рўзғоримизга барака кира бошлади, — дейди риштонлик фермер Муқимжон Қодиров. — Томорқамга нима эксам, мўл-кўл ҳосил олдим. Дарахтлар шохлари эгилиб-эгилиб мева тугди. Шуларни кўриб, ўзимча шукр қилиб, қувониб юраверибману асл сабабини чуқур ўйламабман.
Кейинроқ ўйлаб қарасам, бошланган ислоҳотлар замирида, энг аввало, инсон манфаатлари устувор этиб белгиланган экан. Барча саъй-ҳаракат, эътибор одамларнинг фаровон ҳаёт кечириши учун қаратилган. Бугун юртимиздаги файзу баракага гувоҳ бўлиб, кеча ким эдигу бугун ким бўлдик, дея мушоҳада қиламан.
Кўпни кўрган, умр бўйи мактабда ёшларга таълим-тарбия берган фарғоналик ўқитувчи Тўхтасин ота Юсуповнинг ҳикматига қаранг:
— Отам далада деҳқон эди, тиним билмасди. Ёзда қовун-тарвузларни кўтариб келиб қоларди. Бола эканмиз-да, уйимиздаги тартиб, ота ташиб келган ризқ қайдан келиб қолаяпти, булар учун отамиз қанча заҳмат чеккан, деб ўйламас эканмиз. Ҳозир қаранг, ҳар тараф фаровон, мўл-кўллик, неваралар “Ҳаёт доимо шунақа тўкин, ўз-ўзидан шунақа бўлиб келган”, дейишмаслиги учун доимо ўгит бериб туришга ҳаракат қиламан. Турли мисоллар келтираман, ўз кечирган кунларимиздан ҳикоя қилиб бераман.
Қувасойнинг чекка бир қишлоғида Одилжон ака деган бир киши бор. У киши истиқлол қадри, ватанпарварлик  туйғуси ҳақида шундай дейди:
— Бир маҳаллар бақалоқ печкада доим кўмир тутаб ёнадиган, қишу баҳорда чакка ўтадиган мактабларда ўқиганмиз. Ўқитувчиларимиз ҳам этик кийиб юришарди, чунки кўчалар лой-ботқоқ бўларди. Қийшиқ-синиқ тахта парталар эсимда қолган. Мактабда турли фанлар ўтилса ҳам, у фанлар келажакда нимага керак бўлишини билмасдик. Мактабни битирганлар жуда узоқларга ҳарбий хизматга кетишар, қайтиб келишганидан кейин ўша ёқлардаги машаққатлар, хўрланишлардан ҳикоя қилиб беришар, сўнгра ҳамма қатори далага ишга чиқиб кетаверар эдилар. Қобилиятли тенгдошларимиз анчагина эди, ҳозир ҳам биз тенгилар орасида механиканинг олтин қоидасини, тенгламаларни ёддан биладиганлар бор. Ўша истеъдодлилар ҳам турмуш машаққатлари орасида йўқ бўлиб кетаверарди. Бугун болаларимга қарайман, мендан юз чандон кўп билимга эга, чет тилларда бийрон гапиришади. Кеча биттаси халқаро фан олимпиадасида қатнашаман деб китоб кўтариб юрибди. Чекка бир қишлоқнинг боласининг шаштини қаранг! Шунга севинаман.
— Озод ва обод мамлакат кишиларга фаровонлик, тинчлик-осойишталик деган неъматни ҳадя этди. Мен яна шуни айтган бўлардимки, мустақиллигимиз булардан ташқари, кишиларга ўзлигини, истеъдодини рўй-рост намоён қила олиш имкониятини ҳам тақдим қилди, — дейди хатирчилик олима Гулноз Сатторова. — Кимдир меъморчиликда, кимдир деҳқончиликда, кимдир муҳандисликда истеъдодли бўлиши мумкин. Истиқлол ана шуни рўёбга чиқаришга шароит яратди. Кечагина ишлаб кун кечирай деб юрган кишилар эдик, бугун яратувчанликдан, бунёдкорликдан, истиқболдаги улкан тараққиётлардан гапирмоқдамиз.
Бахтни ҳар ким ҳар хил тушунади. Ким учундир бахт — бир парча нонини бола-чақаси билан тинчгина баҳам кўриш, ким учундир бехавотир ухлаб, соғ-омон тонг оттиришдир.
Бетакрор, ягона Ўзбекистонимизда эса бахтнинг маънолари ҳам ўзгача юксалиб туради. Кечагина далаларда сув тараб, “Ҳа энди, мен заҳмат чексам, роҳатини болаларим кўрар... Қора қозоним қайнаб турса, шу бахт-да”, деб юрган кишилар эдик, бугун эса юртимиз фаровон, обод, ҳар томонда бунёдкорлик, ривожланишлар... Осмонимиз мусаффолигини, шу бахту саодатимизни юзлаб фидойи эр йигитларимиз кечани-кеча, кундузни-кундуз демай қўриқлаб турибди. Эл обод, болалар замонавий даргоҳларда ўзлари истаган фанларини ўқишмоқда, яъни бахтли яшаш учун керакли ҳамма шароит рўёбга чиқди. Фикр юритиб кўрайлик: атиги йигирма тўрт йилда ҳаёт қанчалар ўзгарди? Кеча ким эдинг, бугун кимсан? Энди элга сенинг меҳнатингдан ташқари, тафаккур қувватинг, билиминг зарур, сенга ўша фазилатларингга қараб қадр-қиймат берилади. Шуларни тушунганимдан бери ичимда кўтаринки бир севинч, ажойиб бир шукрона бор.
— Қишлоғимиз олдидан катта сув ўтган, кўприк йўқ эди, — дейди  Риштон туманининг Авазбой қишлоғида яшовчи саксондан ошган Акрам ота Мадвалиев. — Бош урмаган жойимиз қолмаса-да, биров кўприк қуриб беришни ўйламас, ҳар йили одамлар тўпланиб, ёғоч устига тупроқ ташлаб омонат кўприк қурар, кузга бормасдан бузилиб кетаверарди. Қаранг, биттагина кўприк қуриш учун рухсат олиш ҳам жуда мушкул бўлган. Эсласам, юрагим орқага тортиб кетади. Бутун ҳосили қайларгадир кетадиган, фақат кун кечириши учун имконият берилган, тарихидан, анъаналаридан, ўзлигидан жудо қилинган бир элни кўз олдингизга келтиринг-а! Оталаримиз бошдан кечирган кунларни, улар айтиб берган ҳикояларни ўйласам, юрагим ачишиб кетади. Келажагида бир қатим нур кўринмайдиган ўша даврларда бутун бошли халқ “болам-чақам” деб чидайверган экан-да. Шукр  мулоҳазаю муқояса билан бўлади. “Ким эдигу ким бўлдик?” деган гаплар менинг хаёлимда адоқсиз манзараларни ҳосил қилади. Айни ёшлик маҳалларимизда охири кўринмас далаю шудгорлардаги, қиш қаҳратонларидаги меҳнатларимизни ўйлайман. Ҳақиқатан ҳам, мустақиллик бизга берилган бебаҳо неъматдир. Ҳар кунимда “Ризқимизни мўл қилиб бергин, юртимизни паноҳингда сақлагин, тинчлигимизни, бахту саодатимизни абадий қилгин”, деб дуо қиламан.
Қорақалпоғистонлик тиббиёт ходими, олий тоифали шифокор Анвар Ражабов шундай дейди:
— Илгари болаларимиз бугунгидай етук, комил бўлиб улғайишлари учун етарли шароитлар йўқ эди. Сабаби, уларнинг камолоти учун ота-онасидан бошқа ҳеч ким қайғурмасди. Ота-она бечора нимаям қилсин, қайси боласига диққат айирсин? Соғлиғига қарасинми, уст-бошигами, ўқишигами? Мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ фарзандлар камолига алоҳида эътибор кўрсатилди. Юрт келажаги шулар қўлида, булар бизлардан кўра доно, ақлли ва албатта  бахтли бўлишлари шарт, деган даъват ҳар бир ота-онанинг кўнглидан жой олди. Шундан кейинги амалий ишларга диққат қаратсангиз-чи? Соғлиқни сақлаш, таълим тизимлари тубдан ислоҳ қилинди, она ва бола, соғлом бола каби дастурлар мамлакат миқёсида амалга оширилди.
Ўтган йили Президентимиз “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимида айтган сўзлари ҳеч эсимдан чиқмайди. Давлатимиз раҳбари ўшанда генлари ўзгартирилган маҳсулотларга тўхталиб, фарзандларимиз соғлиғи ҳақида ёниб гапирган эдилар. Ўйлаб қарасам, гап фақат гени ўзгарган озиқ-овқат маҳсулотларида эмас экан. Гени ўзгарган маҳсулот инсон вужудида ақл бовар қилмайдиган ўзгаришларни содир этиши мумкин. Моҳиятидан, яъни жавҳаридан ўзгарган ғоя ва фикрлар-чи? Улар инсон шахсиятини, мазмунини ўзгартириши ҳақида ҳам ўйлаб қолдим. Мана шундай кенг кўламли, ҳар томони чуқур ўйланган амалий ишлар оқибатида бугун болаларимизга боқиб, қувонаман: ҳар йигитларки, тоғни толқон қиладиган, илмга чанқоқ, элим-юртим деб ёнадиган шижоатли авлод кўз ўнгимизда вояга етди. Ҳар қизларки, интилишда, қобилиятда йигитлардан кам эмас, ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом ақли бутун авлод.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Гап юртимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ўзгаришларнинг энг чекка ҳудудлардаги кишиларни ҳам тўлқинлантираётгани, келажакка ундаётгани ҳақида бормоқда.
Шундай фикрлар бу йилги энг улуғ, энг азиз байрамимизнинг “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” эзгу шиори ҳақида ҳам айтилди. Юртимиз, ҳақиқатан ҳам, бетакрор ва ягона, аммо у бетакрорлик нафақат табиатига, ер-сувига, иқлимига хос, балки ўз маънавий қиёфаси, тарихи, шонли анъаналари ва албатта, юрт келажаги учун амалга оширилаётган чуқур мазмунли, кенг кўламли ишлар борасида ҳам бетакрордир. Бетакрорлик тараққиёт йўлимизнинг ўзига хос модели сифатида дунёнинг ривожланган ўлкалари томонидан рўй-рост тан олинганида ҳамдир.
— Бетакроримсан, ягонасан деб суюкли кишига айтилади, — деб жилмаяди кекса муаллим Тўхтасин ота Юсупов. — Ахир, Она — ягона, фарзанд, ёр ягонадир. Бу сўз замирида жуда самимий, улкан меҳру муҳаббат бор. Бугун мана шундай кўркам, фаровон, жўшиб турган обод юртга бундай изҳор сўзларини айтмай бўладими?!
Албатта, айтилади-да. Чунки арзийди. Арзиганда ҳам шунақанги арзийдики! Мана шунинг учун ҳам бу шиор юртдошларимиз қалбидаги самимий туйғулар билан уйғундир.

Исажон СУЛТОН,
ёзувчи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn