Самарқандда гуллар байрами
  • 16 Октябрь 2015

Самарқандда гуллар байрами

Самарқанд шаҳридаги вилоят ўлкашунослик музейида “Гулла, азиз Самарқандим!” деб номланган байрам тадбири ўтказилди. Унда турли гул намуналари, умумтаълим мактаблари ўқувчилари томонидан чизилган расмлар ва безаклар кўргазмаси намойиш этилди.

— Тасодифни қарангки, Самарқандга ташриф буюриб, айни шу тадбир устидан чиқдим, — дейди швейцариялик сайёҳ Александр Гафаев. — Бу ерда минглаб гуллар ва уларнинг кўчатлари иштирокчиларга бепул тарқатилаётганини кўриб, ҳайратим ошди. Қолаверса, “Ширин гуллар тасаввури” номинациясида чечаклар ва ўсимликлар шакли акс эттирилган қандолат маҳсулотлари менга жуда маъқул бўлди.
Тадбирда “Камалак ранглари”, “Лаҳзаларда акс этган гўзаллик”, “Биз сизга бахт тилаймиз”, “Қўлдан ясалган гуллар” каби йўналишлар бўйича ҳам ғолиблар номи аниқланиб, уларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Шу билан бирга, кўргазма доирасида “Самарқандни гулзорга айлантирамиз 1+10” акцияси ҳам ўтказилди. Ушбу тадбир шартларига кўра, иштирокчилар ўзларига берилган битта гул кўчатини 10 тага етказиб, бошқаларга тақдим этишлари лозим.
Эътиборли томони шундаки, анъанага айланган бундай байрам сайли Самарқандда еттинчи маротаба ўтказилди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn