Етуклик ва салоҳият
  • 10 Октябрь 2015

Етуклик ва салоҳият

Аввал хабар қилинганидек, шу йилнинг 8-9 октябрь кунлари Тошкентда “Ўзбекистон Республикасида ёшлар сиёсатини амалга оширишнинг долзарб масалалари” мавзуида II республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбир “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъдод” жамғармаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Олимлар, адиблар, маънавият тарғиботчилари, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, иқтидорли талабалар иштирок этган мазкур анжуманда истиқлол йилларида Юртбошимиз раҳнамолигида билимли, мустақил фикрлайдиган, ўз манфаатларини Ватан ва халқ манфаатлари билан уйғун ҳолда кўрадиган авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳақида сўз юритилди.
Конференцияда иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда, “Ўзбекистонда ёшлар сиёсати: бугунги ҳолати ва истиқболлари”, “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида ёшларнинг ҳуқуқий маъданиятини шакллантириш ва ижтимоий фаоллигини ошириш”, “Мустақил фикрлайдиган, ўз ҳаётий позицияси ва мустаҳкам эътиқодга эга ёш авлодни тарбиялашнинг маънавий-маърифий асослари”, “Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш”, “Ёшларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва ёшлар спортини ривожлантириш масалалари” ҳамда “Баркамол авлодни тарбиялашда оммавий ахборот воситалари ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг роли” каби мавзуларда машғулотлар олиб боришди.
Ялпи мажлис ҳамда секцияларда бўлиб ўтган муҳокамалар якуни бўйича қатнашчилар томонидан ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Олимлар, ёш тадқиқотчи ҳамда мутахассисларнинг илмий мақолалари тўплами нашр этилди.
Анжуман иштирокчиларининг айримлари билан суҳбатлашдик.

Нилуфар АББОСХОНОВА,
Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси:
— Юртимизда биз, ёшларга ўз иқтидор ва салоҳиятимизни намоён этиш учун жуда катта имкониятлар яратиб берилган. Бу ҳар бир йигит-қиз камолотида ёрқин акс этаяпти. Ўзим мисолимда айтсам, Ёшлар йилида Зулфия номидаги Давлат мукофоти, Баркамол авлод йилида Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси соҳибаси бўлдим, Соғлом бола йилида оила қуриб, фарзандли бўлдик. Яқин орада барча қулайликка эга “Камолот” уйларидан бирига кўчиб ўтишни режалаштирганмиз. Энди айтинг, бундай ғамхўрлик яна қаерда бор?!
Анжуманда бизнинг ишчи гуруҳ ёшлар ўртасида китобхонликни оммалаштириш, мутолаа маданиятини юксалтиришга эътиборни кучайтириш зарурлиги бўйича таклифларни илгари сурди. Чунки замон ҳар қанча тараққий этмасин, ёшлар онгу тафаккурини юксалтиришда китобнинг ўрни ва аҳамияти йўқолмайди.

Раъно ТУРДИБОЕВА,
Тошкент давлат аграр университети қошидаги академик лицей директори:
— Анжуманда истиқлолнинг дастлабки йилида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонунни янада такомиллаштириш зарурлиги, бу бўйича таклиф-мулоҳазаларни ишлаб чиқишда айнан иқтидорли, билимли йигит-қизларни жалб этиш кераклиги муҳокама қилинди. Бундан ташқари, ёшларни мамлакатимизда қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд органлари тизими ҳамда фаолияти билан яқиндан таништириб бориш уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳуқуқий маданияти, фаол фуқаролик позициясини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эгалиги юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Давлат УМАРОВ,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси:
— Бугун, биз, ёшлар қўлга киритаётган юксак марраларимиз замирида юртимизда таълим-тарбия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, Юртбошимиз ташаббуси билан қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури сингари мустаҳкам ҳуқуқий асослар мужассам. Яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, пухта билим олишга, касб-ҳунар эгаллашга астойдил интилмоқдамиз.
Конференцияда Президентимизнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” китобида илгари сурилган ғоя ва фикрларнинг баркамол авлод келажаги, таълим-тарбиясидаги аҳамияти ҳақида алоҳида сўз юритилди.
Мазкур асарда ҳар бир мавзу мамлакатимиз тараққиёти, жамият ҳаётининг аниқ бир йўналишини пухта таҳлил этишга қаратилгани, шу тарзда бугунги кунда Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳаларда қўлга киритган ютуқлари ҳамда истиқбол режаларининг яхлит манзараси онгу шууримизда намоён бўлиши таъкидланди. Шу жиҳатдан олганда, бу китоб — Ватанимизнинг яқин ўтмиши, бугуни ва унинг келажакдаги ривожи бўйича ҳаётий қўлланма, дейиш мумкин.
Юртбошимиз асарида “Ким эдигу ким бўлдик?! Эртага ким бўлишимиз, қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?” деган саволлар ҳар биримизни фикрлашга, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш учун ғайрат-шижоат кўрсатишга ундайди. Бинобарин, мустақиллик миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳамма учун энг муқаддас туйғу, олий қадрият ҳисобланади.
«Халқ сўзи» мухбири

Омонулла ФАЙЗИЕВ
ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Эрта тараддуд кўрган афзал Ибрат мактаби »