Эрта тараддуд кўрган афзал
  • 10 Октябрь 2015

Эрта тараддуд кўрган афзал

Мамлакатимиз иқлим шароити ҳароратнинг кундузи ва кечаси, ёз ҳамда қишда ўзгариши билан ажралиб туради. Айниқса, куз-қиш фаслларининг ўзига хос об-ҳавоси, жумладан, бу даврда кузатиладиган қаттиқ ёғингарчилик ва кутилмаганда совуқнинг тушиши, мавсумга жиддий ҳозирлик кўрилмаган тақдирда, кишини шошириб қўяди.

Шу боис Президентимизнинг 2015 йил 7 июлдаги “2015/2016 йиллар даврида республиканинг иқтисодий тармоқлари ва ижтимоий соҳасини куз-қиш даврида ишлашга чидамлиликка комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Навоий вилоятида кўп қаватли уйларнинг том, ертўла қисмларини таъмирлаш, ички иситиш тизимлари ва муҳандислик-коммуникация тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Масалан, Навоий, Зарафшон шаҳарлари ҳамда туманлардаги 1431 кўп қаватли тураржойнинг барчасида ушбу юмуш юқори савияда амалга оширилиши натижасида бугунги кунга қадар шаҳарлар бўйича жами 331 кўп қаватли уй-жой жорий таъмирланди. Қарийб мингга яқин кириш йўлакларига рақамли қулф ўрнатилиб, мавжуд ертўлалар мавсумга шай ҳолатга келтирилди.
Шу билан бирга, 2 та шифохона мукаммал, 5 та Меҳрибонлик уйи ва интернатда, 17 та мактабгача таълим ва 7 та даволаш-профилактика муассасаларида жорий таъмирлаш ишлари якунланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, вилоятимизда “Ўзбеккўмир” АЖнинг дистрибьюторлик маркази ташкил этилгани туфайли ижтимоий соҳа объектлари учун 13,1 минг тонна ёқилғи жамғариб қўйилди.
Аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш масаласи ҳам доимий диққат-эътиборда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 2 минг 493,8 тонна баллонли суюлтирилган газ етказиб берилиши режалаштирилган бўлса, амалда бу кўрсаткич 2711 тоннадан ортди.
Ҳозирги кунда чўл ҳудудлари аҳолисига 19 та “Исузу” ва 2 та “МАН” русумли махсус техникалар ёрдамида баллонли газ етказиб бериш ишлари туман ҳокимликлари билан келишилган жадвал асосида амалга оширилмоқда.
Қолаверса, вилоятимиз бўйича 3438 та газ тарқатиш пункти, 4,6 километрлик сув тармоқларида жорий таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланган ҳолда, иссиқлик тармоқларини изоляциялаш юмушлари 155 фоиз уддаланди.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизда ижтимоий соҳа объектлари ва уй-жой фондини куз-қиш мавсумига барқарор ишлашга тайёрлашга алоҳида эътибор берилаётгани ўз самарасини кўрсатаяпти. Зеро, мавсумга эрта тараддуд кўрилган жойда қор-қировли кунларда ҳам юртдошларимиз хонадонларини илиқлик, файзу барака тарк этмайди.

Муяссарбек САФАРОВ,
Навоий вилояти ҳокимлиги Уй-жой-коммунал хўжалиги соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш департаментининг бўлим бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « АКТ — тараққиёт кўзгуси Етуклик ва салоҳият »