АКТ — тараққиёт кўзгуси
  • 10 Октябрь 2015

АКТ — тараққиёт кўзгуси

Бугунги глобаллашув даврида ахборот-коммуникация технологиялари ҳаётимиздан тобора кенг ўрин эгаллаб бормоқда. Пировардида давлат ва жамият ривожида янги босқич бошланиб, барча соҳада модернизациялаш жараёни изчил давом эттирилаётир.

Буни биргина Наманган вилоятидаги ўзгаришлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, ҳудудда маҳаллий ҳокимлик тизимига АКТнинг жорий этилиши билан бошқарув ва хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда бошқа муассасалар ўртасида электрон алоқа изчиллиги таъминланаяпти. Ҳозир бу ерда локал ва корпоратив тармоққа уланган компьютерлар орқали турли йиғилишлар тафсилотлари, қабул қилинган расмий ҳужжатлар нусхалари ижрочиларга тезкорлик билан етказиб берилмоқда. Ўз навбатида, вилоят ҳокимлиги веб-сайти зарур маълумотлар билан бойитилиб, мунтазам янгиланиб борилаётир. Айни чоғда маҳаллий ҳокимликларнинг юқори ва қуйи бўғинлари ўртасида электрон ҳужжат алмашинуви тўлиқ йўлга қўйилган.
Бундай ислоҳотларнинг ҳаётга татбиқ этилишида Президентимизнинг 2012 йил 21 мартдаги “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этаётир. Жумладан, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Компьютерлаштириш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан шаҳар ва туман ҳокимликларида “Е-хат”  ҳимояланган электрон почта тизими ҳамда “Е-ҳужжат” дастури ўрнатилди. “Uz” доменида регистраторлик, хостинг, электрон почта хизматлари, электрон имзо калитларини рўйхатга олиш ҳуқуқига эга бўлинди. Шунингдек, веб-сайтлар яратиш, илғор дастурий таъминотларни ишлаб чиқишга киришилди.
Корпоратив электрон почта ёрдамидаги қоғозсиз ҳужжат алмашинуви эндиликда нафақат ҳокимликлар, балки солиқ, молия, иқтисодиёт, статистика, маданият ва спорт, адлия, божхона бошқармалари, банклар, коммунал соҳа ташкилотларини ҳам қамраб олган. Умуман, ҳозирги кунга қадар вилоятдаги 230 дан зиёд бошқарма, ташкилот  ва муассаса “Е-хат” тизимига уланиб, бошқарув ва ижронинг электрон имкониятларидан  фойдаланмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бугун интерактив давлат хизматларини йўлга қўйиш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Вилоят ҳокимлигининг “namangan.uz” веб-сайтида фуқаролар, юридик шахслар ва тадбиркорлик субъектлари учун мўлжалланган 27 та интерфаол давлат хизмати кўрсатилмоқда. Улар орқали вилоят ҳаётининг энг долзарб масалалари, шунингдек, тадбиркорлар мурожаатларини электрон тарзда кўриб чиқиш, қишлоқларда намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган уй-жойлар қурилиши сингари масалалар ҳал этиб борилаётир.
2014 йилда вилоятда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш бўйича режалаштирилган манзилли дастур ижроси доирасида амалга оширилган ишлар натижасида янгидан-янги соҳаларга АКТ кириб борди. Улардан бири — Наманган туманидаги “Орзу” даҳасида барпо этилаётган намунавий тураржойлар қурилишида он-лайн видеокузатувнинг йўлга қўйилиши бўлди. Гап шундаки, янги массивда барпо этилиши мўлжалланган 150 дан ортиқ уй-жой биноларида иш жараёни доимий равишда мониторинг қилиб борилди. Бу эса, ўз навбатида, бунёдкорлик учун зарур бўлган ашёларни узлуксиз етказиб бериш, бинокорлар учун қулай меҳнат ва дам олиш шароитининг яратилиши, иш унумдорлигини ошириш сингари масалалар ечимини тезкорлик билан ҳал этишда кенг имкониятларни юзага келтирди.
Манзилли дастурнинг яна бир банди ижроси эса шаҳар ва қишлоқлардаги маҳалла фуқаролар йиғинларини компьютер техникаси ҳамда бошқа турдаги замонавий алоқа воситалари билан таъминлашнинг янги босқичини бошлаб берди. Ўтган давр мобайнида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларидаги оргтехникалар тўлиқ хатловдан ўтказилди. Ҳозирги пайтда “Маҳалла-Н” дастури, яъни йиғин, унда яшовчи фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида маълумотлар базасини сақловчи, шунингдек, турли сўровлар бўйича ҳисоботлар олиш имконини берувчи дастурий маҳсулот ишлаб чиқилмоқда.
Ахборот алмашинувининг энг тезкор ва қулай воситаси бўлган интернет хизмати ҳам вилоятимиз аҳли ҳаёти, корхона, ташкилот ва муассасалар фаолиятидан мустаҳкам ўрин олаётганини таъкидлаб ўтиш жоиздир. У телекоммуникация тармоғи иш сифатини белгилаб берувчи воситалардан бирига айланган. Буни, масалан, ҳозирги кунга келиб давлат ва бошқарув идораларидан 280 таси, шунингдек, 1886 та хўжалик юритувчи субъект ҳамда 615 минг киши глобал тармоқдан фойдаланаётганида кўриш мумкин.
АКТ соҳасининг ўзига хос жиҳати шундаки, у тезкорлиги, кун сайин янгиланиб туриши билан бошқа жабҳалардан фарқланади. Жамият учун нафи тегадиган ҳар бир янгилик эса амалда татбиқ этилиши билан қимматлидир. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ахборот технологияларини ҳаётга янада кенг жорий этиш бўйича олдимизда ҳали кўплаб муҳим вазифалар турибди. Уларнинг изчил ижроси эса иқтисодий-ижтимоий тараққиётимизнинг жадаллашувига хизмат қилиши, шубҳасиз.

Лазизхон НАСИРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn