Истеъмолчи ҳуқуқи — доимий эътиборда
  • 10 Октябрь 2015

Истеъмолчи ҳуқуқи — доимий эътиборда

Замонавий бозор иқтисодиёти шароитида барчамиз деярли ҳар куни товар-пул муносабатларига киришамиз. Бироқ сотиб олинган маҳсулот ҳамиша ҳам сифат стандартларига тўлиқ жавоб бермаслиги ёки хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида истеъмолчилар манфаатларига зид келадиган ҳолатлар учраши мумкин.

Бундай пайтда наинки истеъмолчи ўз ҳуқуқини билиши, айни чоғда унинг манфаатлари тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан ишончли ҳимоя қилиниши талаб этилади.
Мамлакатимизда ушбу йўналишдаги изчил саъй-ҳаракатлар институционал туб ўзгаришларга ҳамоҳанг равишда амалга оширилаётгани истеъмолчилар ҳуқуқлари устуворлигини таъминламоқда. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Фуқаролик кодекси, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар истеъмолчиларнинг ишлаб чиқарувчилар, сотувчилар ҳамда хизмат кўрсатиш субъектлари билан ўзаро муносабатларини тартибга солишда муҳим асос бўлиб хизмат қилаётир. Қонунчиликка биноан, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига нодавлат сектор ҳам жалб этилганки, бу фуқаролик жамияти ривожини белгиловчи муҳим омиллардан биридир.
Пойтахтимизда “Юксак ҳуқуқий маданият ва фуқаролик жамияти” мавзуида бўлиб ўтган тадбир ана шу масалага бағишланди. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан ўтказилган тадбирда Марказий банк, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Иштирокчилар истеъмол бозорида сифатсиз, инсон ҳаёти ва саломатлигига хавф солувчи товарлар ҳамда хизматлар таклиф этилишининг олдини олиш, бунинг учун жамоатчилик назоратини кучайтириш ва аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш йўлидаги аниқ чора-тадбирларни атрофлича муҳокама қилдилар. Мазкур жабҳада фаол нодавлат тузилма — Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан ижтимоий шериклик асосида қилинаётган ишларга урғу берилди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг ўтган даврида ушбу Федерация ва унинг ҳудудий бирлашмаларига фуқаролардан келган 5,4 мингдан ортиқ мурожаатнинг 92 фоизга яқинига ижобий ечим топилди.  Истеъмолчиларга 1,7 миллиард сўмга яқин маблағ қайтарилишига эришилди. Савдо, газ, сув, электр таъминоти, коммунал хизмат кўрсатиш, транспорт, алоқа ва коммуникация, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларга оид фуқаролар мурожаатлари тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда ижобий ҳал этилди.  Бу мамлакатимизда фуқароларнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асос яратилгани, айни соҳада давлат бошқаруви, назорат қилувчи органлар билан биргаликда нодавлат ташкилотлар ҳам самарали фаолият юритиши учун барча шарт-шароит мавжудлиги, ижтимоий шериклик институти изчил ривожланиб бораётганидан далолат беради.
Федерация истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Адлия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамламоқда. Шу билан бирга, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати сингари жамоат ташкилотлари ҳам унинг яқин шерикларидан саналади.
Тадбирда истеъмолчиларнинг электрон шаклдаги мурожаатларини ўрганиш тизими йўлга қўйилгани амалий натижасини бераётгани ҳамда 1091 қисқа рақамли “Ишонч телефони” ишга туширилиши туфайли фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш янада яхшилангани қайд этилди.

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn