Миллий интернет танлови ғолиблари аниқланди
  • 07 Октябрь 2015

Миллий интернет танлови ғолиблари аниқланди

Кеча пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида ёшлар ўртасидаги “MIT.uz” — миллий интернет танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, “Ўзбектуризм” Миллий компанияси ҳамда бошқа муассасалар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда талабалар, фаол ва ташаббускор ёшлар қатнашди.
Маросимда сўзга чиққанлар ахборот-коммуникация соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли тармоқнинг жадал ривожланишига эришилаётганини таъкидлашди. Президентимизнинг 2013 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз ахборот ресурслари, тизимлари ва тармоқларини янада тараққий эттиришда муҳим ўрин тутмоқда.
“MIT.uz” — миллий интернет танлови давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида анъанавий тарзда ўтказилаяпти. У глобаллашув шароитида ёшларни ахборот хуружларидан ҳимоялаш, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини ошириш ҳамда юртимиздаги ислоҳотларни интернет тармоғида кенг ёритишда навқирон авлод иштирокини таъминлашга хизмат қилаётир.
— Ушбу танловни ёшлар орасида кенг оммалаштириш мақсадида ташкилотимиз томонидан бир қатор тадбирлар амалга оширилди, — дейди “Камолот” ЁИҲ марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова. — Жумладан, 50дан ортиқ олий таълим муассасаларида ёш дастурчилар, веб-дизайнерлар, интернет сайтлари муаллифлари, интернет тармоғи администраторлари иштирокида давра суҳбатлари ташкил этилди. Мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан жойларда уюштирилган ёшлар фестиваллари доирасида “Биз соғлом ахборот муҳити тарафдоримиз!” шиори остидаги миллий интернет танловининг 200га яқин тарғибот акцияларида йигит-қизлар фаол қатнашди.
Маълумотларга кўра, 2013 йилда мазкур танловга веб-дастурчилар ва дизайнерлар томонидан 200 дан ортиқ сайтлар тақдим этилган бўлса, жорий йилда улар сони тўрт баробар ортиб, 809 тани ташкил этди. Яна бир жиҳати, мазкур сайтлардан 40 фоизининг фаолияти шу йил йўлга қўйилган.
Жорий йилги “MIT.uz”да ғолиблар ўнта асосий ва олтита қўшимча номинация бўйича аниқланди. Жумладан, “Ўзбекистоннинг бой маданияти ва санъати, тарихи ҳамда истиқлол ғоялари ва маънавий қадриятларини ёритувчи энг яхши сайт”, “Кексаларни эъзозлаш йили” мазмунига доир энг яхши сайт”, “Маҳалла, қишлоқ ва шаҳарлардаги фаровон ҳаётни ёритган энг яхши сайт”, “Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини ёритувчи энг яхши сайт”, “Энг яхши янгиликлар сайти”, “Энг яхши таҳлилий сайт” ва бошқа номинациялар бўйича совриндорлар номи эълон қилинди.
Шунингдек, танлов доирасида 3D форматда яратилган “Ўзбекистон музейларининг энг сара 1000 асари” номли кўргазма намойиш этилди. Унда республикамиз музейларида сақланаётган, тарихи минг асрларга бориб тақаладиган археология, этнография, нумизматика, маданият, ҳарбий санъат йўналишига оид экспонатлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш мумкин. Тадбирда “Камолот кутубхонаси” туркумида чоп этилган бадиий китобларнинг анимация шаклидаги иловалари тақдимоти ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Маросим якунида миллий интернет танлови ғолибларига диплом ва совғалар топширилди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn