Маҳалла — фуқаролик жамиятининг муҳим таянчи
  • 07 Октябрь 2015

Маҳалла — фуқаролик жамиятининг муҳим таянчи

Мамлакатимизда барча соҳада эришилаётган улкан ютуқ ва марралар нафақат юртдошларимиз, айни чоғда хорижликлар томонидан ҳам юксак эътироф этилаяпти. Қўлга киритилаётган муваффақиятлар, шубҳасиз, “ўзбек модели” асосида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарасидир.

Ислоҳотлар жараёнида, айтиш ўринлики, давлат ва жамоат ташкилотлари қаторида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам фаол иштирок этиб келаётир. Хусусан, ушбу ноёб тузилма томонидан бугунги кунда аҳолини аниқ йўналтирилган асосда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, миллий урф-одат, анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш, ёшларимизни она-Ватан ҳамда истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш каби ўттиздан ортиқ вазифалар самарали бажариб келинаяпти.
Бу борада фуқаролар йиғинларида жамоатчилик асосида фаолият олиб бораётган Яраштириш, Маърифат ва маънавият масалалари, Ижтимоий қўллаб-қувватлаш, Хотин-қизлар билан ишлаш, Вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари, Экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, Тадбиркорлик фаолияти ва оилавий бизнесни ривожлантириш масалалари, Жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссиялар хизмати салмоқли бўлаётир. Жумладан, Вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари комиссиялари саъй-ҳаракати билан фарзандларимиз маънан етук бўлиб улғайиши ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилиб, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳамда улар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилиб, муайян натижаларга эришилаётир.
Гулистон шаҳридаги “Улуғобод” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги ушбу комиссия таркиби ҳам эл орасида обрў-эътибор қозонган, таълим-тарбия ва спорт соҳаларида етарли тажриба ҳамда малакага эга кишилардан тузилган. Масалан, комиссия раиси Г. Назарова ўқитувчи, М. Раҳмонов ва В. Тўрабекова спорт ва жисмоний тарбия мутахассисларидир. Бу белгиланган вазифаларни изчил бажаришда муҳим омил бўлмоқда. “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлик механизми доирасида тегишли чора-тадбирларнинг амалга оширилишига кўмаклашилаяпти.
— Халқимизда “Маҳалла — ҳам ота, ҳам она” деган нақл бор, — дейди ушбу маҳаллада истиқомат қилаётган меҳнат фахрийси Отақул Айхўжаев. — Бизда бунга амал қилмайдиган киши йўқ. Мазкур жараёнда йиғинимизнинг Вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссиясининг хизмати катта. Комиссия томонидан ўтказилаётган тадбирлар ўғил-қизларимизни она-Ватанга меҳр-муҳаббатли, маънан ва жисмонан етук қилиб тарбиялашга қаратилаётгани барчани қувонтирмоқда. Ахир ҳар бир ота-онага фарзандининг шу юрт, шу халққа муносиб инсон бўлиб етишганини кўришдан ортиқ бахт борми?!
Маҳалла ёшлари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларни жисмоний тарбия билан шуғулланишга жалб этиш, спортнинг оммавий ва миллий турларини ҳамда халқ ўйинларини ривожлантиришга қаратилган ишларни ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Муҳими, бу ерда уларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун барча шарт-шароит яратилган. Айтайлик, йиғин ҳудудидаги умумтаълим мактабида спортнинг бир нечта тури бўйича тўгараклар мунтазам ишлаб турибди. “Улуғобод” футбол жамоамиз эса вилоят мусобақаларида муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.
Наманган вилояти Норин туманининг “Кемабоши” маҳалла фуқаролар йиғини яқинда Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” танлови республика босқичида “Маҳаллада ибратли миллий анъана ва урф-одатларни сақлаш ҳамда ривожлантириш масалалари” номинацияси бўйича ғолиб, деб топилганди. Бу бежиз эмас. Гап шундаки, йиғин қошида ташкил этилган Маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссиянинг ҳудудда миллий ҳамда маънавий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимизни асраб-авайлаш, халқимиз, айниқса, ёш авлод қалби ва онгига юртга муҳаббат туйғусини сингдириш борасидаги фаолиятига берилган ўзига хос баҳодир.
Мазкур тузилма томонидан ҳудудда соғлом маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, урф-одатлар ва уларнинг замирида мужассам бўлган меҳр-оқибат, инсонни улуғлаш, тинч ҳамда осойишта ҳаёт, дўстлик ва тотувликни қадрлаш каби ибратли анъаналарнинг моҳияти ва аҳамиятини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратиб келинаяпти. Бу ерда келинлар ва турмуш қуриш арафасидаги қизларга аллани ўргатиш йўлга қўйилди. Айни чоғда қизларга оила юритиш ва пазандалик сирларидан сабоқ берилаётир. Қолаверса, “Оила — муқаддас”, “Фарзанд тарбияси”, “Келинлик одоби” каби мавзуларда ёш оилалар ўртасида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
— Ибратли онахонлар иштирокида ташкил этилаётган учрашувлардан келинлар ва никоҳ ёшидаги қизлар бирдай баҳра олаяпти, — дейди ушбу комиссия раиси Хурсаной Қодирова. — Кейинги пайтларда бундай мулоқотларга ота-оналарни ҳам таклиф қиляпмиз. Суҳбат чоғида Яраштириш комиссияси аъзолари иштирокида улар билан тўй ва бошқа тантанали маросимларни кам чиқим, тартибли ўтказиш масаласини келишиб оламиз. Бундан ташқари, охирги бир ой ичида бўлиб ўтган никоҳ тўйларини ва бошқа маросимларни чуқур таҳлил қилиб, келгусида уларни ихчам, кенг аҳоли манфаатларини, миллий қадриятларимиз ва ибратли анъаналаримизни ҳисобга олган ҳолда ўтказиш, бу борада ижобий тажрибаларни оммалаштиришга қаратилган чораларни ишлаб чиқмоқдамиз. Ушбу саъй-ҳаракатлар пировардида ҳудуддаги 569 та оилада истиқомат қилаётган маҳалладошларимизнинг аҳиллигини ҳамда бир-бирига бўлган меҳр-оқибатини мустаҳкамлашда қўл келаётир.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари бажарилишини таъминлаш, аҳоли пунктлари санитария ҳолатини яхшилашга доир тадбирларни амалга ошириш ҳамда спорт майдончаларини қуриш ва жиҳозлаш, йўл, кўприк, кўча ва коммунал тармоқларни барпо этиш, қабристонларни тартибга келтириш каби чора-тадбирларни амалга оширишга кўмаклашишда Экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссияларнинг ҳиссаси салмоқли бўлаётир. Денов шаҳридаги “Меҳр-оқибат” маҳалла фуқаролар йиғинидаги мазкур комиссия фаолияти бунга яққол мисолдир.
— Маҳалламизда 3207 нафар аҳоли яшайди, — дейди комиссия раиси Гулбаҳор Нуралиева. — Ҳудудни озода сақлаш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш масалалари доимий эътиборимизда. Шу мақсадда ҳамкор ташкилотлар кўмагида чиқинди тўплаш шохобчасини қуриб, ишга туширдик. Таъкидлаш керакки, комиссиямиз зиммасидаги вазифалар анча залворли. Шундан келиб чиқиб, табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ходимлари, профилактика инспекторлари, таълим муассасалари, “Камолот” ЁИҲнинг бошланғич ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб келаяпмиз.
Маълумки, кейинги йилларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор туфайли бундай субъектлар ва оилавий корхоналар кўпаймоқда. Бу янги иншоотлар қурилади, деганидир. Биз ана шундай кезларда тадбиркорлар билан бамаслаҳат ҳолда атроф-муҳитга зарар келтирмаслик, кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ишларини амалга оширишга ҳаракат қилаяпмиз. Бу амалда ўз самарасини бераяпти.
Зарафшон шаҳридаги “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини намунали маҳаллалардан биридир. Бу ерда 4 минг 760 нафардан зиёд аҳоли яшайди, шундан 2,5 мингга яқинини хотин-қизлар ташкил этади.
— Маҳалла маънавият маскани ҳамда аҳиллик қўрғони ҳисобланади, — дейди ушбу фуқаролар йиғинининг диний-маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Нодира Раҳматова. — Оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшларни ҳар жиҳатдан етук инсонлар сифатида тарбиялаш, оилаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашда маҳалланинг ўрни ва таъсири ортмоқда. Хусусан, бугун маҳалланинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш орқали оилаларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ўрни юқори. Бу вазифаларнинг кўнгилдагидек бажарилишида фуқаролар йиғини қошидаги Хотин-қизлар билан ишлаш комиссиясининг алоҳида ҳиссаси бор.
Дарҳақиқат, ушбу жамоатчилик тузилмаси ташаббуси билан хайрли ва эзгу ишлар рўёбга чиқарилаётир. Ибратли ҳаёт йўлига эга хотин-қизлар билан учрашувлар ўтказилиб, уларга ёшлар таклиф этилаяпти. Бундай тадбирларда қизларнинг таълим олиши, ҳунар эгаллаши, эрта ҳамда яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, оилавий ва аёллар спортини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини таъминлаш ҳақида тушунтиришлар берилмоқда. Шуларга мос ҳолда, маҳалламиздаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган оилаларнинг бекалари билан суҳбатлар ўтказилиб, мавжуд муаммоларга ечим топилаётир. Пировардида ҳудудда шу йилнинг ўтган даврида хотин-қизлар билан боғлиқ бирорта ҳам салбий ҳолатлар қайд этилмади.
Мухтасар айтганда, фуқаролик жамиятининг муҳим таянчи ва суянчи — маҳалла институти ислоҳотларда фаол қатнашмоқда. Зеро, соғлом бола тарбиясида, айниқса, қизларни тарбиялаш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашига ёрдам бериш, эрта никоҳ ва оилавий низоларнинг олдини олиш, урф-одат ҳамда маросимларни ихчам ва тартибли ўтказиш каби вазифаларни ҳал қилишда маҳалла фаоллари катта тажрибага эга.

«Халқ сўзи» мухбирлари
материаллари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn