Эъзоз ва эҳтиромнинг ёрқин ифодаси
  • 30 Сентябрь 2015

Эъзоз ва эҳтиромнинг ёрқин ифодаси

Ҳар бир халқ, ҳар бир миллатнинг эртанги куни бугун вояга етаётган авлод тақдири билан узвий боғлиқдир. Мамлакатимизда истиқлолнинг илк йиллариданоқ Президентимиз раҳнамолигида таълим тизимини ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, ўғил-қизларимизнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда билим олишини, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб улғайишини таъминлаш, қобилият ҳамда иқтидорини, интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, қалбида она-юртга садоқат ва фидойилик туйғуларини қарор топтириш борасида амалга оширилаётган беқиёс саъй-ҳаракатлар замирида ҳам ана шу эзгу мақсад мужассам.
Албатта, қайси соҳада бўлишидан қатъи назар, кўзда тутилган марралар, орзу-ниятларнинг рўёбга чиқиши учун унинг ҳуқуқий асослари яратилган бўлиши лозим. Юртдошларимизнинг сифатли таълим олишига оид ҳуқуқлари, аввало, Конституциямиз орқали мустаҳкамлаб қўйилган. Жумладан, Асосий Қонунимизнинг 41-моддасида “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади”, дея қайд этилган. Ана шу тамойилдан келиб чиқиб, ўтган йиллар давомида бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди. “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастурининг ҳаётга изчил татбиқ этилиши туфайли умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг қиёфаси кўркамлашиб, уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. 9+3 тамойили асосида 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизимининг жорий этилгани, мактаб таълими етти тилда олиб борилаётгани, Юртбошимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил қилиниб, ёшлар ўртасида спортни оммалаштиришнинг ноёб тизимига асос солингани халқаро миқёсда ҳам алоҳида эътироф этилаётир.
Ёш авлодни она-юртга садоқат руҳида тарбиялаш, улар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришда уч босқичли мусобақалар тизими — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинларининг алоҳида ўрни бор. Аҳамиятли жиҳати, мазкур мусобақалар биринчи синф ўқувчиларидан тортиб, олий таълим муассасалари битирувчиларигача — ёш авлоднинг барча вакилларини қамраб олади. Дунёда ўхшаши йўқ бу ноёб тизим фарзандларимизни соғлом турмуш тарзига ўргатиш, фойдали ҳаракатга йўналтириш, курашда чиниқтириш, ғалабага интилиш фазилатларини тарбиялаш, қисқача айтганда, спортни уларнинг ҳаётий эҳтиёжига айлантиришга хизмат қилмоқда.
2000 йилда ҳаётга татбиқ этилган ушбу ғоя бугун ўз самараларини бераяпти. Яъни уч босқичли мусобақаларда тобланган йигит-қизларимиз эндиликда қитъа, жаҳон чемпионатлари ва бошқа нуфузли турнирлар, шунингдек, Олимпиада ўйинларида юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишмоқда.
Мамлакатимизда маърифат аҳлининг шарафли меҳнатини қадрлаш, эъзозлаш масаласи ҳам доимо эътиборда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар йили 1 октябрь санаси юртимизда умумхалқ байрами — Ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида кенг нишонланади. Ушбу айёмнинг таъсис этилиши зиёлиларимизга, уларнинг энг катта ва фаол қисмини ташкил этадиган минг-минглаб жонкуяр ўқитувчи ва муаллимлар, устоз ҳамда мураббийларга нисбатан чуқур ҳурмат ва эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.
Қайд этиш керакки, дунёда глобал молиявий-иқтисодий инқирознинг салбий таъсири давом этаётган бир шароитда таълим соҳасини ривожлантириш ва ислоҳ қилишга жуда катта куч ва маблағ сарфланаяпти. Аниқроқ айтганда, БМТ маълумотларига кўра, мамлакатимизда таълимга йўналтирилаётган харажатлар давлат бюджетининг 35 фоиздан ортиғини ташкил этмоқда. Шунинг ўзиёқ Ўзбекистонда баркамол авлодни тарбиялашга нечоғли устувор аҳамият қаратилаётганини яққол тасдиқлайди.
Бугун республикамиздаги 9698 та умумтаълим мактабида жами 383 625 нафар педагог  фаолият кўрсатаётир. Ўз навбатида, билим масканларига  ёш кадрларни жалб қилишга ҳам алоҳида эътибор берилаётганини айтиш жоиз. Жумладан, 2004 йилда олий ўқув юртларида педагогика ва касбий таълим йўналиши бўйича таҳсил олган 2945 нафар битирувчи иш билан таъминланган бўлса, жорий йилда олий ўқув юртларини грант асосида битирган етти мингдан ортиқ ёш мутахассислар мактабларда ўз иш фаолиятини бошлади.
Президентимиз ташаббуси билан юртимизда чет тилини жаҳон стандартлари асосида ўқитиш тизимига асос солинди. Ушбу жараёнда чет тили фани ўқитувчиларига ҳам қатор имтиёзлар яратилиб, ўз навбатида, улар зиммасидаги масъулият оширилди. 2013/2014 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларининг 1-синф ўқувчилари учун уларнинг ёшига мос тарзда чет тилларини мукаммал ўқитиш бошланди. Шу мақсадда янги давлат таълим стандартлари, ўқув қўлланмалари, дарслик мажмуалари яратилди. Бу йилдан 3-синфларда хорижий тилларни ўргатиш такомиллаштирилган ҳолатда, яъни эшитиш, сўзлашиш, ёзиш ва ўқиш орқали давом эттирилиши муносабати билан 18 минг нафар чет тили ўқитувчиси махсус малака ошириш курсларида ўқитилди.
Чет тили ўқитувчилари Давлат тест маркази томонидан доимий равишда синовлардан ўтказилиб, уларнинг маошига қишлоқ жойларда 30 фоиз ва бошқа таълим муассасаларида 15 фоиз миқдорида қўшимча устама берилмоқда.
Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича бюджетдан ташқари жамғарма тузилгани умуммиллий дастур якунлангач, қурилиш-таъмирлаш ишларини давом эттириш имконини бермоқда. Биргина 2015 йили 384 та умумтаълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шу билан бирга, уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланиши ҳам янада яхшиланди. Агар 1991 йили бу борадаги кўрсаткич 55,4 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилда 100 фоизга етказилди. Ўқувчилар дарсликлардан арзонлаштирилган нархларда ижара тизими асосида фойдаланмоқда. Бу йил ҳам мактабларнинг 1-синфига қадам қўйган 631 мингдан ортиқ болалар 12 номдаги ўқув қуроли ва портфелдан иборат Президент совғасига эга бўлишди. Шунингдек, 492 493 нафар эҳтиёжманд оила фарзанди қишки кийим-бош тўплами билан,
9761 нафар якка тартибда уйда таълим олувчи ўқувчи зарурий ўқув қуроллари ва дарсликлар билан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланди.
1991 — 2014 йиллар давомида халқ таълими тизимида жами 3954 нафар педагог давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллар билан тақдирлангани, айниқса, 6 нафар ҳамкасбимиз “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган олий мукофотга лойиқ кўрилгани юртимизда ўқитувчилик касби нақадар эъзозланаётганидан далолат беради. Қолаверса, халқ таълими ходимларидан 122 нафари “Эл-юрт ҳурмати”, 32 нафари “Фидокорона хизматлари учун”, 291 нафари “Меҳнат шуҳрати”, 506 нафари “Соғлом авлод учун”, 381 нафари “Дўстлик” ордени, 1351 нафари “Шуҳрат”, 20 нафари “Жасорат” медаллари ҳамда бошқа унвонлар билан тақдирлангани мамлакатимизда ўқитувчи ва мураббийларнинг шарафли меҳнати юксак қадрланаётгани ифодасидир.
Рағбат, эътибор инсонни янада кўпроқ изланишга ундайди. Бугун халқ таълими тизимида фаолият юритаётган ҳар бир педагог давлат даражасида кўрсатилаётган ғамхўрликни чуқур ҳис қилиб, билиб турибди. Педагог ходимлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича изчил амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида ўқитувчиларнинг ўртача иш ҳақи 2006 йилнинг 1 сентябрдагига нисбатан 12 баробар оширилди. Айниқса, изланувчан устоз-мураббийларни қўшимча рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган директор жамғармаси ижобий самара бераётир. Бу эса педагоглар ўртасида ижодий рақобат муҳитини яратиб, уларни ўзи устида кўпроқ ишлашга ундамоқда.
Мухтасар айтганда, мустақиллик шарофати билан Ўзбекистонда таълим-тарбиянинг сифати, мазмун-моҳияти тубдан ўзгарди, янгиланди. Зиёлиларимизга, уларнинг энг катта ва фаол қисмини ташкил этадиган минг-минглаб жонкуяр ўқитувчи ва муаллимлар, устоз ҳамда мураббийларга нисбатан ҳурмат тушунчаси юксак даражага кўтарилди. Бинобарин, “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир”, деган теран маъноли ибора амалда тўла ўз ифодасини топмоқда.

Бахтиёр ДОНИЁРОВ,
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими
вазирининг биринчи ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn