Хусусий секторнинг жадал ривожи
  • 29 Сентябрь 2015

Хусусий секторнинг жадал ривожи

унга қаратилаётган юксак эътибор ва яратиб берилаётган имкониятлар билан чамбарчас боғлиқ

Сирдарё вилоятида “2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзуида конференция-семинар бўлиб ўтди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш, солиқ, суд органлари, шаҳар ва туман ҳокимлари, молия муассасалари вакиллари, тадбиркорлар ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган мазкур анжуманда Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти хусусида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, ҳозирги кунда мамлакатимизда фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектларнинг қарийб 90 фоизини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари ташкил этади. Қувонарли жиҳати, уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги ҳиссаси ортиб бораётир. Бошқача айтганда, мазкур тармоқ иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим ўрин тутмоқда.
Конференция-семинарда юртимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити Сирдарё вилоятидаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳам ўз самарасини кўрсатаётгани қайд этиб ўтилди. Чунончи, воҳада кейинги беш йил мобайнида хусусий секторнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 64,4 фоиздан 67,7 фоизга ўсгани, аҳоли бандлигини таъминлашдаги ҳиссаси эса 79,4 фоизга етгани бунга мисол бўлади. Қолаверса, соҳа вакиллари вилоят экспорт салоҳиятини юксалтиришда етакчи кучга айлангани эътиборга моликдир. Маҳаллий ишбилармонларни молиявий қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида 2828 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектига фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда ривожлантириш учун 140,3 миллиард сўмлик кредит ажратилди. Бу 2014 йилнинг шу давридагига нисбатан 33,7 фоиз кўп. Яна бир эътиборли жиҳати, кичик бизнес вакилларининг давлат солиқ ҳисоботларини топшириши тўлиқ электрон шаклга ўтказилди. Натижада оворагарчиликларга барҳам берилиб, яратилган ана шундай имкониятлар асосида 1631 кичик бизнес субъектига 76,1 миллиард сўмлик солиқ имтиёзлари қўлланилди. 
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Ш. Газиев, Сирдарё вилояти прокуратураси, адлия бошқармаси мутасаддилари ва бошқалар Президентимизнинг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда хусусий секторнинг янада равнақ топиши ҳамда ижтимоий-иқтисодий тараққиётимиздаги иштирокини кенгайтиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилишини  таъкидладилар.
Анжуманда яқинда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида ҳам батафсил маълумот берилди.
— Юртимизда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги ҳар бир фуқаро учун кенг имкониятлар яратилган, — дейди Янгиер шаҳридаги “Нозигул Сардор Оқолтин” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Гулчеҳра Жонжигитова. — Ўзимдан қиёс. Бундан бир неча йил олдин хусусий клиника ташкил қилиш орзусида эдим. Тижорат банкининг кредит маблағи ҳамда давлат идораларининг қўллаб-қувватлаши туфайли тез орада ниятимга етдим. Мустақиллигимизнинг йигирма тўрт йиллиги арафасида эса шифо масканимизнинг Гулистон шаҳридаги филиали ҳам иш бошлади. Буларнинг барчаси давлатимиз томонидан биз, тадбиркорларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик самараси, деб биламан. Бугунги тадбирда иштирок этиб, фаолиятимизни ривожлантиришга доир жуда кўп маълумотларга эга бўлдим. Президентимиз Фармони ҳамда қабул қилинган мазкур Қонун мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Конференция-семинарда Юртбошимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурининг аҳамияти ҳақида фикр билдирилди.
Анжуман доирасида кўргазма ташкил этилди. Конференция-семинарда Сирдарё вилояти ҳокими О. Ашурматов сўзга чиқди.


Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn