Ҳарбий хизматчилар учун янги уй-жойлар
  • 29 Сентябрь 2015

Ҳарбий хизматчилар учун янги уй-жойлар

Ангрен шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари оилаларига янги уйларнинг калити топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган маросимда таъкидланганидек, мамлакатимизда аҳолини, хусусан, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, замонавий лойиҳалар асосида ҳарбий шаҳарчалар барпо этиш ва уларда қулай шарт-шароит ҳамда инфратузилма яратиш борасида улкан ишлар амалга оширилаётир. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2007 йил 14 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларини уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Шаҳарнинг “Нуробод” қўрғонида қуриб битказилган 5 қаватли, 70 хонадондан иборат мазкур замонавий тураржойнинг фойдаланишга топширилиши ҳам Ватан ҳимоячиларига кўрсатилаётган юксак эътибор  ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Сифатли қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда, замонавий андозада барпо этилган хонадонларда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари учун барча шарт-шароит муҳайё қилинган.
Эр йигит Ватан учун туғилади. Эл-юртига садоқат билан, сидқидилдан хизмат қилган инсон эса асло кам бўлмайди. Ўз ҳаётини ана шундай мезонлар билан ўлчайдиган чегарачилардан бири — оҳангаронлик Элбек Валиев ҳам янги хонадонлардан бирининг соҳибига айланди.
— Президентимиз томонидан кўрсатилаётган бундай катта ғамхўрлик биз, ҳарбийларга алоҳида куч-ғайрат бағишлайди, хизматга янада масъулият билан ёндашиш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга ундайди, — дейди у. Тадбирда санъаткорлар томонидан концерт дастури намойиш этилди.


Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn