Таълим ва мутахассислик
  • 26 Сентябрь 2015

Таълим ва мутахассислик

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида ана шу мавзудаги XIII халқаро кўргазма иш бошлади.

Ватанимиз келажаги, халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши ўғил-қизларимизнинг қандай таълим-тарбия олиши, қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб боришига боғлиқ. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда билимли, соғлом, дунёқараши кенг, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган авлодни вояга етказиш масаласи муҳим ва устувор вазифа, деб белгилаб олинган.
Бинобарин, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги сўзида ёшларга қарата “Ишонаман, барча-барчангиз сизга мансуб бўлган куч-ғайрат ва қатъият, изланиш ва яна бир бор изланиш, замонавий билим ва тажрибаларни ўзлаштириш билан ўз олдингизга қўйган эзгу мақсадларга албатта эришасиз, жамиятимизда муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллайсиз. Ҳеч қачон бўш келманг, азиз болаларим, эртанги кун — келажак сизники!” дея таъкидлагани замирида ҳам уларга бўлган беқиёс эътибор ва ғамхўрлик мужассам.
Эртамиз эгаларининг нафақат илм олиши, балки танлаган мутахассислиги бўйича ишга жойлашишига кўмаклашиш ҳам ўзига хос аҳамиятга эга. “Таълим ва мутахассислик” кўргазмаси айни ана шундай эзгу мақсадга хизмат қилади.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг кўплаб олий ўқув юртлари, бўш иш ўринлари тақдим қилаётган йирик корхоналар, бандликка кўмаклашувчи марказлар қатнашмоқда.
Кўргазманинг очилишида сўзга чиққанлар таълим тизимидаги янгиланишлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам кенг эътироф этилаётгани, мазкур халқаро кўргазма ёш мутахассисларнинг ишга жойлашиш самарадорлигини оширишини таъкидлаб ўтдилар.
Маълумки, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури мамлакатимиз иқтисодиёти ва ҳаётининг барча жабҳаси учун юқори малакали, рақобатбардош кадрлар тайёрлашнинг асосларини белгилаб беради. Ўз навбатида, касб-ҳунар коллежларида умумтаълим фанлари билан бирга, меҳнат бозорида талаб қилинадиган бир неча касб-ҳунарни эгаллаш имконияти ҳам яратилган. Уларда таълим олган ёшлар жамият равнақига  муносиб ҳисса қўшаяпти.
Президентимизнинг 2011 йил 20 майдаги “Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори олий таълим муассасаларини модернизациялаш, уларни замонавий ўқув ва илмий лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш, таълим жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, илғор педагогик технологиялар ҳамда ўқитиш шаклларини жорий этиш, ўқитувчи кадрлар меҳнатини рағбатлантиришни кучайтириш асосида иқтисодиёт соҳа ва тармоқларида талаб қилинадиган олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш мақсадларини қамраб олган.
Чунончи, Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини модернизация қилиш ва мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш бўйича 2011 — 2016 йилларга мўлжалланган дастурни амалга ошириш учун давлатимиз томонидан жуда катта куч ва маблағ йўналтирилмоқда.
Шу ўринда айтиш жоизки, “Таълим ва мутахассислик” халқаро кўргазмаси “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар Дастури”га мувофиқ ташкил этилаётир. Бундан кўзланган мақсад ёшларни Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар таълим тизимининг замонавий услублари билан яқиндан таништириш, ўқув муассасалари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек, ўғил-қизларимизнинг қизиққан соҳалари бўйича таълим муассасаларини танлашларига кўмаклашиш ва мутахассислик фаолиятидаги маълум йўналишлар бўйича иш ўринларини тақдим этишдан иборат.
Икки йўналишда ўтказилаётган ушбу тадбирда Ўзбекистон, Сингапур, АҚШ, Польша, Буюк Британия, Германия, Латвия, Малайзия, Япония каби қатор давлатларнинг ўттизга яқин етакчи олий ўқув муассасалари ва тил марказлари, шунингдек, кўплаб иш берувчи ташкилотлар иштирок этмоқда.
...Ёшлар ижод саройини айланамиз. Бу ерда юртимиздаги етакчи олий ўқув юртлари, хорижий таълим муассасалари ўз фаолиятига доир тақдимотларни ўтказаяпти. Билимга чанқоқ йигит-қизларимиз эса хорижликлар билан инглиз, немис, француз, хитой ва яна бошқа чет тилларда бемалол суҳбатлашишмоқда.
— Уч йилдан буён Ўзбекистон Миллий университетида сабоқ бериб келаяпман, — дейди германиялик мутахассис, фалсафа фанлари доктори Герт-Рюдигер Вегмарсхаус. — Очиғи, юртингиз ёшларининг билим олишга бўлган иштиёқи, изланишига жуда ҳавасим келади. Улар учун яратиб берилган шарт-шароитлар ҳам таҳсинга лойиқ. Мана бундай кўргазмалар эса ёш мутахассис кадрлар учун катта имкониятдир. Бизнинг стендимизда Германия олий таълим муассасаларидаги йўналишлар бўйича маълумотлар тақдим қилинмоқда. Улар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотаётганидан хурсандмиз.
Кўргазманинг мутахассислик йўналиши мамлакатимизнинг етакчи фирма ва компанияларига мавжуд бўш иш ўринлари учун номзодларни танлаб олишда қулай имконият яратмоқда. Бу ерда нафақат таълим муассасаларини битираётган йигит-қизлар, балки тажрибали мутахассислар ҳам ўз соҳалари бўйича корхоналар билан меҳнат шартномаси тузишлари мумкин.
Ташкилотчиларнинг айтишича, кўргазмада салкам 20 минг нафар йигит-қиз қатнашиши кўзда тутилган. Уларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежларининг ўқувчилари эканлиги, айниқса, диққатга моликдир.
“Таълим ва мутахассислик” XIII халқаро кўргазмаси шу йилнинг 27 сентябригача давом этади.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn