Меҳр-оқибат ва саховат айёми
  • 26 Сентябрь 2015

Меҳр-оқибат ва саховат айёми

Осмони мусаффо, турмуши фаровон юртнинг байрамлари доимо кўтаринки руҳда давом этади. Мамлакатимизда дориламон кунларга шукроналар айтиш, эҳтиёжмандларга ёрдам бериш, кексаларни эъзозлаш, беморлар ҳолидан хабар олиш, меҳр-мурувват, оқибат кўрсатиш эзгу анъанага айланган.

Халқимизга хос ушбу фазилатлар, айниқса, Қурбон ҳайити муносабати билан жойларда ўтказилган тадбирларда янада ёрқин тус олди.
Хусусан, айём муносабати билан табаррук отахону онахонлар, кам таъминланган оилалар, ногиронлар, беморлар ҳолидан хабар олиниб, Меҳрибонлик, Мурувват ҳамда Саховат уйларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Тегишли ташкилотлар иштирокидаги бу каби хайрли ишлар одамлар ўртасида меҳр ришталарининг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Бунда давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 18 сентябрдаги “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган устувор вазифалар муҳим дастуриламал бўлаётир.
Бинобарин, жойларда тегишли идора ва ташкилотлар томонидан тинчлик-осойишталикни сақлаш, ҳайит намози ўқиладиган масжидларда жамоат тартиби, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилган ҳолда аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш чоралари кўрилди.
Қорақалпоғистон Республикасида ҳам Қурбон ҳайити уюшқоқлик билан ўтказилди. Тадбирларда мустақил юртимизда инсон манфаатлари бош мезонга айлангани, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар беқиёс самаралар бераётгани, халқимиз фаровон ҳаёт оғушида бунёдкорлик юмушлари билан банд эканлиги таъкидланди.
Айём муносабати билан Оролбўйидаги муқаддас қадамжолар обод қилиниб, тарихий обидалар саришта ҳолга келтирилди. Байрамни ўтказиш жараёнида саховат, яхшилик, эҳтиром каби азалий хислатлар янада теран акс этди.
— Қурбон ҳайити туманимизда шодликларга лиммо-лим тарзда нишонланди, — дейди “Нуроний” жамғармасининг Беруний тумани бўлими раиси Шукрулла Худойберганов. — Ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган хонадонларга хайр-саховат кўрсатилди. Байрам дастурхони ёзилди.
Бухоро вилоятида байрам арафасида “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят бўлинмалари ташкилотчилигида зиёратгоҳ масканларда катта ҳажмдаги ободонлаштириш ишлари бажарилди.
— Ҳудудимизда 558 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғини фаолият юритаяпти, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси ўринбосари Акмал Қазоқов. — Қурбон ҳайити муносабати билан уюштирилган байрам дастурхонлари атрофида отахону онахонлар тинч ва фаровон кунларга шукроналар айтишди. Улашилган совға-саломлар, дийдорлашув, ширин суҳбатлар кўнгилларга қувонч устига қувонч олиб кирди.
Эзгулик нурлари билан қалбларни чароғон этувчи Қурбон ҳайитини самарқандликлар ҳам муносиб нишонладилар.
Имом Бухорий мажмуаси шу куни, айниқса, гавжум бўлди. Бу ерда мамлакатимиздаги барча жоме масжидида бўлгани сингари ҳайит намози эмин-эркин адо этилиб, юртимизда хотиржамлик, фаровонлик ва тараққиёт бардавомлигини тилаб дуолар қилинди.
Муборак айём куни вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, ташкилот ҳамда корхоналар, тадбиркору фермерлар, саховатпеша инсонлар томонидан беморлар, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинди, совға-саломлар тарқатилди. Биргина “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг вилоят бўлими томонидан эҳтиёжманд кексаларга 236 дона гилам туҳфа қилинди.
— Қурбон ҳайити биз, ёшлар учун улуғвор эзгулик мактаби, — дейди “Камолот” ЁИҲ Самарқанд шаҳар кенгаши раиси Жасур Раҳмонов. — Байрам кунлари амалга оширилган саъй-ҳаракатлар, савобли юмушларга келажагимиз ворислари ўз ҳиссаларини қўшганларидан жуда ҳам мамнун.
Шукроналик айёми Навоий вилоятида ҳамжиҳатликда ўтди.
— Шундай кунларга етказганига шукр, — дейди карманалик меҳнат фахрийси Азим Бозоров. — Ота-боболаримиз учун армон бўлган истиқлолни кўрдик. Мустақиллик шарофати билан азалий қадриятларимиз, ҳақ-ҳуқуқимиз қайта тикланди. Ўзбекистонимиз дунёга юз тутди. Турмушимиз ҳавас қилгулик даражада. Бунинг учун, энг аввало, Юртбошимиздан миннатдормиз.
Вилоятда меҳр-оқибат байрамини завқу шавқ ила кутиб олиш ва ўтказиш учун қизғин ҳозирлик кўрилди. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси ҳамда кўплаб жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйларига ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.
Наманганда муборак айём арафасида тегишли давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, саховатпеша инсонлар ўзгалар қаровига муҳтож, бемор ва ногирон кишилар хонадонларида бўлишди. Хусусан, бундай йўқловдан Уйчи туманидаги Қўрғонча қишлоғида яшовчи Одилжон Ҳакимовнинг кўзларида севинч ёшлари қалқиди. Совға-саломлар, бир пиёла чой устидаги гурунгдан кўнгиллар тоғдек кўтарилди.
— Бу байрам бизга куч-қувват, завқ-шавқ, шукуҳ бахш этди, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимининг масъул котиби Зоҳид Дадабоев. — Фуқаролар йиғинлари, кўпни кўрган оқсоқоллар, фаол ёшлар ташаббуси билан жойларда ташкил этилган тадбирлар ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар аъзолари, якка-ёлғиз кексаларнинг ишончига ишонч қўшди. Биргина бўлимимиз ходимлари шаҳар ва туманлардаги қаровчиси йўқ ҳамда беморлар яшаётган 84 хонадонда бўлиб, уларга саккиз турдаги озиқ-овқат ва ширинликлардан иборат туҳфаларни топширдилар.
Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарорига мувофиқ, Қурбон ҳайити байрамини юксак савияда ўтказиш учун Андижон вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлинмалари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан турли учрашувлар ўтказилди. Маданият ва истироҳат боғлари, аҳоли гавжум масканларда халқ сайиллари уюштирилди. Байрам муносабати билан давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳомийлар томонидан кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга совға-саломлар берилди. Шу куни Меҳрибонлик, Саховат ҳамда Мурувват уйларида байрам дастурхони ёзилди.
Сурхондарё вилоятида Қурбон ҳайити арафасида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари бажарилди. Жумладан, кўчалар ва ариқлар, муқаддас қадамжолар, қабристонлар, хиёбонлар тартибга келтирилди. Шодиёна куни кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, ногиронлар ва кексаларга моддий-маънавий ёрдам кўрсатилди. Айниқса, вилоятда яшовчи икки юздан ортиқ юз билан юзлашган юртдошимиз хонадонларига борилиб, уй юмушларига кўмаклашилгани диққатга сазовордир.
Тошкент вилоятида ҳам кўча ва хиёбонлар, зиёратгоҳ манзилларда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексаларнинг ҳовли-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланди.
Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, Маънавият тарғибот маркази ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда байрам муносабати билан жойларда “Кексалар дуосини олайлик”, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!”, “Қариси бор уйнинг — париси бор”, “Қариялар хонадонимиз файзи” каби мавзуларда маданий-маърифий тадбирлар, “Меҳр-муҳаббат ва тотувликда кечаётган узоқ умр” шиори остида ўзининг фидокорона меҳнати билан мустақиллигимизни мустаҳкамлаш ҳамда ёш авлод тарбиясига муносиб ҳисса қўшаётган ёши улуғ инсонлар билан учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилди.
* * *
Ушбу айём мамлакатимизнинг бошқа вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ҳам кўтаринки руҳда ўтказилди.

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари
асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn