Қирқ беш дақиқа ҳаяжони
  • 26 Сентябрь 2015

Қирқ беш дақиқа ҳаяжони

Дарс ўтишга тайёрманми? Бугун ўқувчиларга нима тақдим этаман? Машғулотимда йигирма-ўттиз чоғли ўғил-қизнинг ҳар бири қирқ беш дақиқани беҳуда ўтказса, қанча вақт, қанча имконият бой берилади?

Оҳангаронлик ўқитувчи Саломат Абдуқодирова қадрдон мактаби остонасига қадам қўяр экан, хаёлини шундай ўйлар чулғаб олади.
Тажрибали педагог, йигирма икки йилдирки, тумандаги 8-умумий ўрта таълим мактабида эртамиз давомчиларига кимё фанидан сабоқ беради. Биласиз, аниқ фанлардан дарс ўтишнинг баъзи мураккабликлари бор. Айтайлик, она тили, адабиёт, тарихдан “аъло”га ўқиган боланинг физика-математика, кимё машғулотларига “тиши ўтмай” қолиши мумкин. Баъзан мактаб дарсликларида шундай мураккаб формула ёки тенгламалар учрайдики, улар нафақат ўқувчи, ҳатто, ўз устида тинимсиз ишламаган ўқитувчини ҳам шошириб қўйиши табиий. Бироқ ҳамкасбларининг айтишича, Саломат Абдуқодирова ўғил-қизларда фанга нисбатан меҳр ва қизиқиш уйғота олган жонкуяр муаллимлар сирасидан экан. 
— Фаннинг мураккаблиги бор гап, — дейди муаллима. — Лекин ўқувчининг ўзлаштириш даражаси паст бўлса, сабабини бундан изламаслик керак. Ёдингизда бўлса, бир пайтлар мактабларда табиий фанлар бўйича болаларнинг билим даражаси жуда қониқарсиз аҳволда бўларди. Кейинчалик, педагоглик касбини танлаб, шуни англадимки, муаммонинг туб илдизи ўша даврда табиий фанларни ўқитиш методологияси эскириб қолганида экан. Эндиликда ҳаммаси ўзгарди, мактабларимизда таълим сифати муттасил юксалиб бораяпти. Бугунги ўқувчилар билан карра жадвали ҳақида эмас, соннинг квадрат илдизлари хусусида бемалол сўз юритиш мумкин. Эътибор беринг-а, ҳозир дунёда физика, математика, кимё йўналишларида ўтаётган халқаро фан олимпиадаларида олтину кумуш медалларга сазовор бўлаётганлар кимлар? Улар бизнинг, мустақил Ўзбекистонимизнинг фарзандлари эмасми?!
Дарҳақиқат, бу муваффақиятлар мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, чунончи, шаҳару қишлоқларимизда янгиланган таълим даргоҳлари ва уларда навқирон авлод вакиллари учун яратилган шарт-шароитлар, ўқитувчи ҳамда мураббийлар меҳнати муносиб қадрланаётганининг ёрқин самараларидир.
Айни пайтда мазкур таълим муассасасида 221 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга устозлик қилаётган педагогларнинг ўнга яқини истиқлол йилларида ёшлар камолоти, таълим-тарбия жараёнидаги фаоллиги ва фидойилиги учун давлатимизнинг юксак мукофотлари соҳибига айланишди. Эндиликда улар сафида Саломат Абдуқодирова ҳам бор. У мустақиллигимизнинг 24 йиллик байрами арафасида Президентимиз Фармонига мувофиқ, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирлангани жамоа ҳаётида муҳим воқеа бўлди.
Суҳбатдошимиз фикр-мулоҳазаларига қулоқ тутиш асносида ён дафтаримизга қуйидаги хулосаларни қайд этиб борамиз: ўқувчиларнинг фанни ўзлаштириши кўп жиҳатдан ўқитувчи танлаган усулнинг қанчалик тўғри ва таъсирчанлигига боғлиқ. Масалан, кимёвий ҳодисаларни оддий кундалик турмуш билан боғлай олмаган ўқитувчи мақсадига эришолмайди. Шу боисдан у ҳар сафар дарсга пухта тайёрланиши, мавзуга оид қўшимча маълумотлар, далиллар топа билиши лозим.
— Мана, оддий сув — Н2Они олайлик, — дея фикрини давом эттиради муаллима. — Унинг хоссаларини шунчаки тушунтириб бериш осон, лекин ҳар гал шу мавзуни ўтаётганда ўзимни худди профессор қаршисида имтиҳон топшираётган талабадай ҳис қиламан. Ахир болажонларга нимадир янги гап айтгим келади-да. Дарслик билан чекланиб қолган ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам ютқазади. Ўғил-қизларни кўпроқ ҳаётий тажрибалар, мисоллар қизиқтиради. Шу боис кимё лабораторияси, реактивлар ва бошқа кўргазмали воситалардан кенг фойдаланишга интиламан. Қирқ беш дақиқага “сиғмай” қолган машғулотларни дарсдан сўнг бафуржа давом эттирган пайтларимиз кўп бўлган...
Назаримизда, ўқитувчи учун машғулотни қандай бошлаб олиш жуда муҳим. Битта топиб айтилган гап ёки битта ноодатий усул бутун дарс руҳини ўзгартириб юборади. Буни яхши тушунган Саломат опа ҳар доим янгиликка интилади. Шу боис синфга кириши биланоқ йўқлама дафтарини очмайди, гапни танбеҳдан бошламайди. Айтайлик, ўтган машғулотларни бир қур ёдга олиш баҳонасида ўртага савол ташлайди:
— Нима сабабдан ҳар бир мусбат ионнинг атрофида манфий ионлар жойлашади?
Савол жуда оддий-ку, дерсиз. Тўғри, ҳар қандай ионнинг атрофида электромагнит майдони борлиги, шу боис мусбат ва манфий ионлар ўзаро тортишувчан бўлиши олтинчи синфданоқ ҳаммага маълум. Лекин қоидани ёд олиш бошқа-ю, уни ҳаётий ҳодисаларга боғлай олиш бошқа-да. Шунинг учун ўқувчилар аллақачон ўз тасдиғини топиб бўлган илмий қоида ёки аксиомаларни келтиришлари биланоқ муаллим навбатдаги саволни кўндаланг қўяди:
— Масалан? 
Ана шунда синф жонланади. Ўқувчиларнинг ҳозиржавоблигидан завқингиз келади. Баъзан улар шундай жонли мисоллар топишадики, лол қоласиз. Беихтиёр ўзингизнинг ўқувчилик дамларингизни эслайсиз. Шу тобда бугунги ўғил-қизлар фикр юритиш ва уни дадил асослаб бериш бобида аввалгиларга қараганда анча зукко ва журъатли эканликларини ич-ичингиздан тан олиб турасиз.
Аслида, қобилиятсиз бола бўлмайди. Ҳамма гап ана шу иқтидорни вақтида илғаб, тўғри йўналтира билишда. Қувонарлиси, Саломат Абдуқодированинг фидойи меҳнати, маҳорати туфайли мактабда кимёга айрича меҳр қўйиб, фанни чуқур ўзлаштиришга интилаётган ёшлар кўпайиб бораяпти. Қаранг, ўтган қисқа муддатда шогирдларининг 8 нафари фан олимпиадаларининг туман ва вилоят босқичларида ғолибликка эришган. Улардан Аброржон Маннопов, Зулфия Азимова кетма-кет икки йил билимлар беллашувининг республика босқичида ўз иқтидорини намойиш этиб, таълимнинг кейинги босқичини имтиёзли асосда давом эттириш бахтига мушарраф бўлган.
Дарвоқе, биз тилга олган мактаб жойлашган Ойбулоқ қишлоғи оралаб Ангрен дарёси оқади. Унинг бир ирмоғида қадимий чархпалак бор. У кечаю кундуз тўхтовсиз айланаркан, ўз “ҳовуч”ида бир қатра сувни пастдан юқорига кўтариб, чор-атрофга обиҳаётдан насиба улашади. Саломат Абдуқодирова ҳам қадрдон даргоҳга худди шу азим чиғирнинг ёнидан ўтиб келади. Қизиқ, у ўзининг ҳар кунги меҳнати мана шу чархпалак заҳматига тенг эканини билармикин?

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn