Равон йўллар тараққиёт ва фаровонликка хизмат қилади
  • 26 Сентябрь 2015

Равон йўллар тараққиёт ва фаровонликка хизмат қилади

Пойтахтимизда Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси томонидан жаҳон андозаларига мос автомобиль йўллари тармоғини такомиллаштириш, транспорт коммуникация тизимини ривожлантириш масаласига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Таъкидланганидек, юрт тараққиёти, аҳоли фаровонлигини кенг ва равон йўлларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Айниқса, мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий алоқалар ривожида дунёнинг турли нуқталарини бир-бири билан туташтирувчи йирик автомагистралларнинг аҳамияти катта. Шу боис истиқлол йилларида мамлакатимизда янги йўл ва кўприклар қуриш, унинг халқаро андозалар даражасидаги инфратузилмасини яратиш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилаяпти. Жумладан, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўллари тизими қарийб 184 000 километрни ташкил этса, умумий фойдаланишдаги 42654 километр йўллар  жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда.
Президентимизнинг 2015 йил 6 мартдаги “2015 — 2019 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида ишлаб чиқилган махсус дастурда шу давр ичида 2699,8 километрлик автомобиль йўллар, 350 метрлик кўприклар ҳамда 7 та йўл ўтказгич ва транспорт ечимлари қуриш режалаштирилган. 
Жорий йилда 376,6 километр масофадаги тўрт тасмали автомобиль йўли ва 3 та йўл ўтказгични қуриш ҳамда реконструкция қилиш, янги техникалар сотиб олиш учун
1 триллион 543,5 миллиард сўм миқдорида маблағ йўналтирилди. Ваҳолонки,  2006 йилда 241 километрлик икки тасмали автомобиль йўлини таъмирлашга атиги 31,6 миллиард сўм сарфланган эди.
Бундан ташқари, ҳукуматимиз томонидан ушбу мақсадлар учун 500 миллиард сўмлик сармоя ажратилдики, бу тўрт йил олдинги кўрсаткичдан 5 баробар кўпдир.
Қолаверса, 2009 — 2018 йиллар ичида 1108 километрлик йўлни таъмирлаш учун халқаро молия  институтларининг 2014 миллион АҚШ долларилик сармоясини жалб этиш ҳам мўлжалланмоқда. Ҳозирги кунда 1241 миллион долларлик кредит эвазига бир қатор лойиҳалар рўёбга чиқарилаяпти.
Албатта, равон ва текис йўллар атрофи ҳам шунга яраша обод бўлиши лозим. Шу маънода, яқин вақт ичида Ўзбек Миллий автомагистрали бўйида 240 та инфратузилма ва хизмат кўрсатиш шохобчасини барпо этиш кўзда тутилаётгани диққатга сазовордир.
Тадбирда мутахассислар томонидан журналистларга бу борада бажарилаётган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn