Миллий журналистикани ривожлантириш истиқболлари
  • 26 Сентябрь 2015

Миллий журналистикани ривожлантириш истиқболлари

Тошкентда миллий журналистикани ривожлантириш истиқболларига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси каби қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур тадбирда парламент аъзолари, оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, халқаро ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, хорижий экспертлар қатнашди.
Қайд этилганидек, мустақиллик йилларида мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари ривожини таъминлайдиган, демократик талаб ва стандартларга тўла мос келадиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Хусусан, оммавий ахборот воситаларини эркин ҳамда жадал тараққий эттиришга, ахборот соҳасининг самарали фаолиятини таъминлашга қаратилган кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Айни пайтда нодавлат оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, уларнинг ахборот соҳасини демократлаштиришда фаол иштирокини таъминлашга доир кенг қамровли институционал ислоҳотлар амалга оширилди. Юртимиздаги босма нашрларнинг 60 фоизга яқини, телерадиоканалларнинг 67 фоизи, интернет нашрларининг эса 95 фоизи давлатга қарашли бўлмаган оммавий ахборот воситалари экани ана шу саъй-ҳаракатларнинг амалий тасдиғидир.
Халқаро анжуман иштирокчилари фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим институти сифатида оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада либераллаштириш, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш, глобаллашув шароитида миллий журналистикани янада равнақ топтириш истиқболлари хусусида сўз юритдилар.
— Ўзбекистонда миллий журналистикага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш, нодавлат оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳа қонунчилигини либераллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўлдик, — деди Жануби-шарқий Европа оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш бўйича эксперт, “Seecom” жамоатчилик билан алоқалар уюшмаси президенти Огниан Златев (Болгария). — Натижада юртингизда журналистиканинг сифати ва самарадорлиги ортмоқда. Ушбу мавзу Европа мамлакатлари учун жуда муҳимдир. Бинобарин, миллий журналистика халқаро медиамаконида ўзининг муносиб ва мустаҳкам ўрнини эгаллаши бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидандир.
Конференция доирасида оммавий ахборот воситалари фаолиятини замон талаблари асосида ривожлантириш, журналистларни тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш, телерадиоканалларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасида мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ишлар ҳамда бу борада хорижий давлатлар тажрибасига оид қатор масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир якунида тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Қ. ХИДИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn