Файзу барака, фаровон ҳаёт асоси — тинчликни асраш эзгу орзу-умидларимизни, келажакни асраш демакдир
  • 24 Сентябрь 2015

Файзу барака, фаровон ҳаёт асоси — тинчликни асраш эзгу орзу-умидларимизни, келажакни асраш демакдир

Тез суръатлар билан ривожланаётган давлатлар орасида етакчилар сафидан ўрин олиб, ўз тараққиёт йўлидан собитқадам бораётган Ўзбекистонда мустақилликнинг илк йиллариданоқ инсон ҳуқуқлари олий қадрият сифатида яққол намоён бўлди. Амалга оширилган ислоҳотларда инсон омили устувор этиб белгиланди.

Бунинг ёрқин самарасини ҳар биримиз ўз турмуш тарзимиз, онгу дунёқарашимиздаги ўзгаришлар мисолида кўриб турибмиз.
Бинобарин, ҳар жиҳатдан пухта ўйланган ривожланиш стратегиясини изчил рўёбга чиқараётган Ўзбекистон “Бутунжаҳон бахт индекси”да 158 мамлакат ўртасида 44-поғонани эгаллаганида ҳам фаровон ҳаётимиз эътирофини кўриш мумкин.
Ҳозирги кунда жаҳоннинг турли бурчакларида қарама-қаршилик, зиддиятлар, низо ҳамда адоватлар кучайиб, тинч-осойишта ҳаётни издан чиқараяпти. Давом этаётган глобал молиявий-иқтисодий инқироз эса оғир муаммоларни вужудга келтирмоқда. Бошқача айтганда, хотиржам турмуш кечириш, таассуфки, Ер юзидаги кўплаб инсонларнинг орзусига айланиб бораётир.
— Ҳар куни эрталаб ўғил-қизларимизнинг ишга, невараларимизнинг ўқишга ошиқиши, дастурхонимиздаги файзу барака, кўнглимиздаги хотиржамлик — буларнинг барчаси нақадар бебаҳо неъмат эканини янада теранроқ англаб етаяпмиз, — дейди Ўрта Чирчиқ туманидаги “Қумовул” қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Тешабой Мирзажонов. — Биз бунёдкорлик, ҳузур-ҳаловат завқи билан яшаяпмиз. Обод турмуш, фароғатли кунларга нима етсин?! Бахт дегани ҳам аслида шу.
Сўзимнинг исботини узоқлардан излашнинг ҳожати йўқ. Қишлоғимизнинг бугуни — бунинг оддий тасдиғи, десам, мутлақ ҳақиқат. Чароғон кўчаларимиз, замонавий савдо дўконлари, мактаблар, намунали лойиҳалар асосида қад ростлаган уй-жойлар, ёшу қарининг юз-кўзидан ёғилиб турган қувонч... Бу юртимиздаги тинчлик, осойишталик, мустақиллик инъом этган саодат ифодаси. Шу боис тилимиздан, дилимиздан шукрона аримайди.
Айтиш жоизки, қўлга киритилаётган ютуқлар, халқимизнинг ҳаётидан рози бўлиб, Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш иштиёқида ғайрат-шижоат кўрсатаётгани замирида, авваламбор, тинчлик руҳияти мужассам.
— Президентимиз мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида тинчлик ва омонлик ўзбек халқининг истаги, мақсади ва қарори эканини алоҳида таъкидладилар, — дейди таэквондо WTF бўйича мамлакат терма жамоаси аъзоси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи Жасур Бойқўзиев. — Жаҳон миқёсидаги мусобақаларда хорижлик спортчилар билан суҳбатлашганимизда, Ўзбекистонда барча соҳа, хусусан, спорт ҳам жадал ривожланиб бораётганига ҳавас қилишларини қайта-қайта такрорлайдилар. Ана шунда қалбимизда чексиз ғурур ва ифтихор туйғуси янада юксалади.
Кўринадики, мусаффо осмонимиз, мевалари ғарқ пишган боғу роғларимиз, ризқ-рўз унаётган далаларимиз, умуман, она-Ватанимиз — бизнинг боримиз. Демак, огоҳ бўлиб, боримизни, жону жаҳонимизни, бири-биридан ширин дамларимизни кўз қорачиғимиздек асрашимиз керак.
Дарҳақиқат, осойишталик ва фаровонлик ҳукм сурган манзилу маконда тўйлар тўйларга, байрамлар байрамларга уланади. Меҳр-мурувват, ёшларга эътибор, кексаларга эҳтиром  ўз қудрати ила қадр-қимматини кўкларга кўтаради, улуғлайди. Инсон қадри улуғ юртдан эса асло файзу барака аримайди.

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn