Узлуксиз таъминот асосий мақсад
  • 24 Сентябрь 2015

Узлуксиз таъминот асосий мақсад

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, энг аввало, инсон манфаати, унинг турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган. Мазкур жараёнда аҳолини табиий газ билан узлуксиз таъминлашга алоҳида эътибор берилган ҳолда, қишлоғу шаҳарларимизни газлаштириш ишлари жадал давом эттирилмоқда.

Бунда “Ўзтрансгаз” акциядорлик компаниясининг хизмати, айниқса, катта бўлаяпти. Сабаби, истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш, транзит ва экспорт қилиш ушбу компания зиммасидаги энг устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, янги магистраль газ қувурлари объектлари ва газ тақсимлаш тармоқларини қуриш, мавжудларини модернизациялаш, қайта таъмирлаш лойиҳалари кўлами тобора кенгайтирилаётир.
Қиш фасли яқинлашаётган шу кунларда эса бу каби ишлар янада жадал тус олган. Мақсад битта: у ҳам бўлса, куз-қиш мавсумида тизим объектларининг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлашдир. Бунинг учун жорий йилнинг ўтган даврида газ қувурларининг 70,6 километри мукаммал таъмирланган бўлса, 105,5 километри реконструкция қилинди. 7 минг 724,2 километр масофадаги газ тармоқлари ҳаво босими остида тозаланиб, 5 минг 806,2 километрлик ер ости қувурлари ҳолати текширувдан ўтказилди. Шунингдек, 72 минг 364 та газ тақсимлаш пункти тафтиш қилинди.
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси томонидан ташкил этилган анжуманда ана шулар ҳақида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2015 йил 7 июлдаги “Республика иқтисодиёт тармоқларини 2015 — 2016 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, компания томонидан махсус тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Унинг изчил ижроси туфайли мавсумга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Бунда суюлтирилган газ  етказиб берилаётган 942 минг 344 та хонадон таъминоти ҳам диққат-эътиборда турибди. Бугунги кунда ойлик қуввати 30 минг 894 тоннани ташкил этувчи 45 та газ тўлдириш станцияси ва пункти,  газ баллонларини тарқатувчи 209 та сервис маркази, суюлтирилган газ ташувчи 222 та вагон-цистерна, 58 та автоцистерна бу юмушга жалб этилган.
Тизим моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий техникаларни жалб қилиш борасида ҳам муайян тадбирлар олиб борилмоқда. 2014 йилда  “МАН” русумидаги 31 автоцистерна, “Исузу” русумли 55 та махсус автомашина харид қилинган бўлса, жорий йилда жами 106 та ана шундай теника воситалари сотиб олиниши мўлжалланган.
Анжуманда автомобилларга янги газ қуйиш компрессор станциялари бунёд этиш, мавжудлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг, айниқса, куз-қиш мавсумида бенуқсон ишлашига эришиш бўйича кўрилаётган тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn