Судда инсон ҳуқуқларини таъминлаш: миллий ва хорижий тажриба
  • 23 Сентябрь 2015

Судда инсон ҳуқуқларини таъминлаш: миллий ва хорижий тажриба

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш, жиноят, жиноят-процессуал қонунчиликни либераллаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Самарқанд шаҳрида “Жиноят ишлари бўйича судларда иш юритишни такомиллаштиришнинг долзарб масалалари: Ўзбекистон ва хорижий давлатлар тажрибаси” мавзуида ташкил этилган халқаро конференцияда мазкур йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларни ривожлантириш, жиноят, жиноят-процессуал қонунчиликни янада такомиллаштиришга оид масалалар муҳокама этилди, бу борада тажриба алмашилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти (Словения), К. Аденауэр номидаги жамғарманинг (Германия) минтақавий бюроси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий суд, жиноят ишлари бўйича вилоятлар судлари судьялари, прокуратура, ички ишлар идоралари масъул ходимлари, адвокатлар, олимлар, Германия, Дания, Жанубий Корея, Япония, АҚШ, Сербия, Франция каби давлатлардан мутахассислар иштирок этди.
Конференцияда  Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида суд-ҳуқуқ соҳасини демократик асосда ислоҳ этиш ва эркинлаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Соҳага оид қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси борасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлди.
Судлар фаолияти такомиллашиб, жиноят процессида шахс ҳуқуқларини кафолатлашнинг мустаҳкам асослари яратилди. Шахсни жамиятдан ажратиб қўйиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турларини тайинлаш имкониятлари кенгайтирилди. Хусусан, кўплаб жиноятлар таркиби ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказилгани, ярашув институти жорий этилгани инсон ҳуқуқлари юксак даражада таъминланишига хизмат қилаётир. Бундай ислоҳотлар натижасида 2014 йилда озодликдан маҳрум қилинганлар сони 2000 йилдагига нисбатан 16,5 фоиз камайган.
Мамлакатимизда “Хабеас корпус” институтининг жорий этилгани, 2008 йилдан бошлаб эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилгани муҳим қадам бўлди. Ушбу қарорнинг ўз вақтида, пухта ўйлаб қабул қилингани бугунги кунда кўпгина амалий мисолларда ўз исботини топмоқда. Мазкур институтнинг амалиётга татбиқ этилиши инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг дахлсизлигини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлмоқда.
2012 йил 18 сентябрда қабул қилинган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун асосида лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини қўллаш суд тартиби амалиётга киритилди. Суд ваколатидан жиноят иши қўзғатиш ҳуқуқи чиқарилиб, судда ишни кўришда жиноят иши бўйича айблов хулосасини ўқиб эшиттириш мажбуриятини прокурор зиммасига юклашни кўзда тутувчи нормалар жорий этилгани суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида суд назоратини кучайтиришга шароит яратди.
2014 йил 5 сентябрда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, жиноят-процессуал қонунчилигига уй қамоғи тарзидаги янги эҳтиёт чорасининг киритилгани фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг яна бир муҳим кафолати бўлди.
Халқаро экспертлар Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимидаги ушбу ислоҳотлар умумэътироф этилган инсонпарварлик тамойилларига тўлиқ мувофиқ эканлигини таъкидлади.
— Ўзбекистон мустақиллик йилларида барча соҳалар каби суд-ҳуқуқ тизимида ҳам кўплаб ютуқларни қўлга киритди, — дейди Сербия Республикаси Олий кассация суди раиси Драгомир Милоевич. — Мамлакатингиз суд тизими билан яқиндан танишиб, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли бу соҳа халқаро стандартлар даражасида такомиллашиб бораётганига гувоҳ бўлдик.
Дания Қироллиги ўарбий ерлари давлат прокурори Ян Рекендорфф мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар жараёнида “Хабеас корпус” институти амалиётга самарали татбиқ этилиши билан бирга, унинг доираси кенгайтирилгани фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясига хизмат қилаётгани эътиборга лойиқ эканини қайд этди.
— Мен юртингизга ҳар гал келганимда, кўплаб янгиликларни кашф этаман, — дейди Массачусетс штати Олий суди судьяси Роберт Корди (АҚШ). — Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг амалий натижалари халқингизнинг тинч ва фаровон ҳаётида, эртанги кунга ишончида акс этиб турибди.
Берлин-Бранденбург федерал ери (Германия) судьяси Штефан Финкенштайннинг фикрича, Ўзбекистонда барча соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар замирида инсон манфаатлари мужассам. Конференция давомида бу амалий ишлар мисолида очиб берилди. Мазкур анжуманда суд ишларини янада такомиллаштириш, бу борада тажриба алмашиш имконияти яратилгани инсон ҳуқуқларини таъминлашдек эзгу ишлар кўламини янада кенгайтиради.
Конференцияда жорий йил 21 августда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун асосида амалдаги қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар тадбиркорликни янада ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга хизмат қилиши таъкидланди.
— Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида қабул қилинган Қонун асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг “Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар” деб номланган янги боб билан тўлдирилгани хусусий мулк эгалари ҳуқуқлари кафолатларини янада мустаҳкамлади, — дейди жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди раиси Рустам Абдуллаев. — Унга кўра, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузиш, тадбиркорларнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни қонунга хилоф равишда тўхтатиб туриш, уларни ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш каби ҳолатлар бўйича жавобгарлик белгилангани тадбиркорлик эркинлигининг муҳим кафолати бўлиши шубҳасиз. Бу тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга, тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва қонунга хилоф равишда аралашганлик учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат ва бошқа давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги муқаррарлигини таъминлашга кўмаклашади.
— Ўзбекистон жиноят қонунчилиги, унинг такомиллашиб бораётгани хусусида жуда кенг маълумотларга эга бўлдик, — дейди Жанубий Корея қонунчилик илмий тадқиқот институтининг қонунчиликни режалаштириш бюроси директори Чой Хоан Ёнг. — Менга, айниқса, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва ноқонуний аралашганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги кучайтирилгани жуда маъқул келди. Бу хусусий мулк ва тадбиркорлик фаолияти янада эркин ривожланишининг, уларнинг  ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларидандир. Айнан шундай омиллар аҳолининг фаровон турмуш кечиришига, пировардида барча ҳуқуқлари таъминланишига замин яратади. 
Япониянинг Нагоя университети олий ҳуқуқ мактаби профессори Рикия Кобояманинг таъкидлашича, Ўзбекистонда жорий йилнинг август ойида озодликни чеклаш кўринишидаги янги жиноий жазо тури, яъни суд томонидан маҳкумга нисбатан яшаш жойини у ёки бу сабаб билан тарк этишни бутунлай тақиқлаш ёки сутканинг муайян вақтида яшаш жойидан чиқишни чеклашнинг жорий этилгани мамлакатда жиноий жазолаш тизимини инсонпарварлик тамойилларига янада мувофиқлаштириш, судланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва уларнинг оилалари билан алоқаларини сақлаб қолиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилаётганидан далолатдир. Бундай инсонпарварлик муносабати жиноят содир этганларнинг тўғри йўлга қайтиши, умуман, жиноятчиликнинг камайишига хизмат қилади.
Конференция иштирокчилари жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини либераллаштириш юзасидан Ўзбекистон қонунчилигига киритилган янгиликларга юқори баҳо берди. Анжуманда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, соҳанинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини мустаҳкамлашга оид фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Норгул АБДУРАИМОВА,
ЎзА махсус мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn