Истиқлол саодати ва шукроналик
  • 23 Сентябрь 2015

Истиқлол саодати ва шукроналик

Тинч ва осойишта, озод ва обод юртда яшаш — инсон учун олий саодат. Шу маънода, биз осмони мусаффо, кундан-кун чирой очиб бораётган, ҳар қарич тупроғи азиз ва муқаддас Ватанда умргузаронлик қилаётганимиздан чексиз фахру ифтихор туямиз.

Зеро, истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасидан ҳар биримиз баҳраманд бўлмоқдамиз.
Айтиш жоизки, мустақиллик шарофати билан муқаддас динимизни, азиз-авлиёларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, табаррук қадамжоларни обод қилиш, анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш, ривожлантириш борасида кўплаб хайрли ишлар бажарилди. Бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатлар бугун ҳам изчил давом этмоқда. Юртбошимиз ташаббуси билан Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайитининг халқимиз маънавий ҳаётидаги ўрни ҳамда аҳамияти инобатга олиниб, мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келинаётгани, айниқса, эътиборга молик. Ушбу айёмларда юртдошларимиз эътиқод амалларини эмин-эркин адо этиб, тинчлик-осойишталик, қут-барака ҳамда фаровон ҳаёт ҳақига дуо қилишади, ризолик ва шукроналик билдиришади.
Давлатимиз раҳбарининг ўтган ҳафтада эълон қилинган “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорини юртдошларимиз катта хурсандчилик билан кутиб олишди. Хайру саховат, меҳру мурувват каби эзгу амаллар бажариладиган мазкур байрамни кўтаринки руҳда ўтказиш учун мамлакатимизнинг барча жойларида зарур чора-тадбирлар кўрилди.
Дарҳақиқат, Қурбон ҳайити — эзгулик, яхшилик, шоду хуррамлик кўнгилларда барқ урган айёмдир. Ҳайит кунлари ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар, ногиронлар, беморлар ҳолидан хабар олинади. Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади. Шаҳару қишлоқларимизда ободонлаштириш ишлари янада қизғин давом эттирилади, кўча ва майдонлар, қутлуғ қадамжолар, қабристонлар тартибга келтирилади. Чунки ҳайит, том маънода, маънавий кўтаринкилик, беқиёс қувонч, чинакам инсонийлик маърифатини ўзида мужассам этган.
Фаровон мамлакатимизнинг бахтли одамларига байрамлар ярашади. Халқимиз Қурбон ҳайитини катта тадорик ва хуш кайфият ила кутиб олаётганида теран маъно-моҳият бор. Чунки дориламон замондан мамнунлик, эртанги кунга бўлган улкан ишонч туйғуси, фарзандлар камолидан масрурлик — қалбларимизнинг айни пайтдаги устувор ҳолатидир. Шундан нуроний отахон ва онахонларимиз дуога қўл очиб, саодатли кунларимизга, осойишта ҳаётимизга шукроналар айтиб, хонадонларга қут-барака тилашмоқда. Юртдошларимиз ўз оиласи, маҳалласи, она-юрти равнақи учун сидқидилдан хизмат қилишга интилаётгани кунларимизнинг файзу таровати зиёда бўлишига, халқимизнинг эзгу ниятлари ижобат топишига кафолат беради.

Хайрулла ТУРМАТОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn