Қалбимиз гавҳари, кўзимиз нури
  • 23 Сентябрь 2015

Қалбимиз гавҳари, кўзимиз нури

Болажон халқмиз. Фарзандларимиздан бор меҳр-муҳаббатимизни аямаймиз. Уларнинг ютуқларидан қувонамиз, ғурурланамиз. Ёш авлод камолини кўрганда, дунёда биздан кўра бахтли кишини учратиш қийин. Мен ҳам шулар сафидаман.

Оиламдаги икки ўғилдан ташқари, яна 17 нафар болажоннинг онасиман.
Президентимизнинг мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини тинглаб, кўнглим ана шундай фахр-ифтихор ҳиссига тўлди. Шунда “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган савол ўтди хаёлимдан ва обод, фаровон юртда яшаётганимизга шукроналар айтдим.
Ўтган йигирма тўрт йил ҳар биримизнинг тақдиримизда ёрқин из қолдирди. Ҳаётимиз, дунёқарашимиз ўзгарди. Дастурхонимиз тўкин, хонадонимиз файзли бўлди. Ўзлигимизни англаб етдик. Энг муҳими, фарзандларимиз зеҳну салоҳияти, истеъдод ва маҳорати туфайли мамлакатимиз довруғи жаҳонга ёйилмоқда. Бундай дейишимнинг боиси бор. Масканимизда ўсиб-улғайиб, спорт билан астойдил шуғулланган кўплаб тарбияланувчиларимиз халқаро мусобақаларда иштирок этишаяпти. Юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишмоқда. Шуларни ўйласам, меҳнатимиз зое кетмаётганига суюнаман.
Юртбошимизга минг раҳмат. Масканимизда болаларнинг ҳар томонлама соғлом бўлиб вояга етишлари учун барча қулайлик муҳайё этилган. Замонавий тураржой, турли тўгараклар, кутубхона, спорт майдони — йигит-қизлар ихтиёрида. Биз, тарбиячилар эса болалардан меҳримизни аямаяпмиз. Улар худди уй шароитидагидек  муҳитда шод-хуррам вояга етишаяпти.
Қарангки, киши болажон бўлса, ўғил-қизлардан меҳрини дариғ тутмаса, ҳурмат-эътибор топар экан. Буни шу пайтга қадар масканимизда ишловчи уч кишининг давлатимиз орден ва медалларига сазовор бўлганидан ҳам билиш мумкин. Қолаверса, бу жамиятимизда аёлларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик ифодасидир. Биз бу эътибордан бениҳоя хурсандмиз. Унга ўз меҳнатимиз билан муносиб жавоб қайтарамиз.

Дилдор САДИРОВА,
Бухоро шаҳридаги 32-Меҳрибонлик уйи тарбиячиси,
«Шуҳрат» медали соҳибаси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn