Рағбат ва масъулият
  • 22 Сентябрь 2015

Рағбат ва масъулият

Халқимиз ўз орзу-умидларини келажак авлод, унинг бахт-саодати, камолу иқболи билан боғлайди. Шу маънода, мамлакатимизда ёшларнинг пухта билим олиши, маънан ва жисмонан етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида амалга оширилаётган ишлар юксак эътирофга лойиқ.

Хусусан, истиқлол йилларида ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил татбиқ этилаётган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури замон талабларига мос салоҳиятли мутахассисларнинг янги авлодини шакллантиришга хизмат қилаётир.
Мазкур жараёнда таълим мазмунини тубдан такомиллаштириш, соҳага илғор педагогик технологияларни кенг жорий этиш ҳамда ўқитувчи ва мураббийлар малакасини оширишга устувор аҳамият қаратилаётгани ўз самарасини бермоқда. Қолаверса, бугун биз, педагогларнинг меҳнати халқимиз эъзоз-эътиборида. Жамиятдаги мавқеимиз тобора юксалиб бораётир. Давлатимиз ғамхўрлигини ҳамиша, ҳар қадамда ҳис қилиб турибмиз. Албатта, бу кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшаяпти.
Ўз фаолиятим мисолида айтай. Ўттиз беш йилдирки, шу соҳада ишлаб, ёш авлод таълим-тарбиясига ҳисса қўшиб келаётганимдан фахрланаман. Аввалига умумтаълим мактабида келажагимиз эгаларига сабоқ берган бўлсам, эндиликда истиқлол шарофати билан ташкил қилинган замонавий таълим муассасаси — касб-ҳунар коллежи ўқитувчисиман. Кичик мутахассислар тайёрлаш йўлида бор билим ҳамда маҳоратимни ишга солаяпман.
Фаолиятим давомида хаёлимдан тез-тез “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган савол ўтади. Бундан 30-40 йил аввалги даврни эсласам, этим жимирлаб кетади. Шукрки, у кунлар ортда қолди. Бугунги коллежларимизни қаранг! Биносини кўрибоқ ҳайратга тушасиз. Кошонанинг ўзгинаси. Барча қулайлик, шарт-шароит муҳайё! Бу ердаги энг сўнгги русумдаги техникаю жиҳозларни айтмайсизми?! Собиқ тузум давридаги ҳунар-техника билим юртлари қаёқда-ю, бу замонавий таълим муассасаларимиз қаёқда?! Ўртада ер билан осмонча фарқ бор. Ҳозир мазкур коллежларни битираётган ёшларимиз уч-тўрттадан турдош касб эгаси бўлиб етишиб чиқмоқда. Икки-уч тилни билади. Қолаверса, бу ерда маънавият, миллий қадриятлар, инсонийлик сабоқларини олаяптилар.
Мана, бизнинг коллежимизда бошланғич таълим, мактабгача тарбия муассасалари учун мутахассислар тайёрланади. Айни кунда бу ерда таҳсил олаётган йигит-қизлар сони — 1020 нафар. Ўқувчиларнинг фан ва касб-ҳунар сир-синоатларини чуқур эгаллашлари учун етарли имкониятлар яратилган. Ўқитишнинг илғор технологияларидан фойдаланаётганимиз туфайли таълим сифати ва самарадорлиги ошиб бораяпти. Чунончи, ўзим дарсларни ноанъанавий усулда ўтишга алоҳида эътибор қаратаман. Бу йўналишдаги изланишларим ҳамкасбларим томонидан  ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Масалан, аввалги ўқув йилида “Куни узайтирилган гуруҳларда машғулот самарадорлигини оширишда ҳаракатли моделларнинг аҳамияти” мавзуидаги услубий ишим педагогика ва махсус фанлар кафедрасида кўриб чиқилиб, оммалаштириш учун тавсия қилинди. Машғулотлар чоғида қўғирчоқ театрини намойиш этиш бўйича очиқ дарсдаги тажрибамдан  ҳам ҳамкасбларим самарали фойдаланишаяпти. Фаолиятим давомида дарс ўтиш билангина чекланиб қолмай, коллеж ижтимоий ҳаётида фаол қатнашиш, айниқса, ўқувчи қизлар тарбияси билан шуғулланиш, улар ўртасида маънавий-маърифий ишларни ташкил этишга ҳамиша вақт ажратаман. “Ораста қизлар” тўгарагида олиб бораётган машғулотларимда иштирок этаётган шогирдларим турли кўрик-танловларда фаол қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллашаяпти. Масалан, Зуҳра Юнусова “Онам айтган аллалар”, Гулжаҳон Усубжонова “Наврўз ва маҳаллий қадриятлар” танловларининг вилоят босқичида совриндорлар қаторидан ўрин олишди.
Албатта, таълим тизимидаги муваффақиятлар давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятлар, қолаверса, соҳа ходимларининг касбига садоқати, фидойи меҳнати туфайли тобора мустаҳкамланаяпти. Буни, айниқса, педагоглар интилиш ва изланишлари муносиб баҳоланиб келинаётганида кўришимиз мумкин. Жумладан, истиқлолимизнинг 24 йиллик байрами арафасида мен ҳам Юртбошимиз Фармонига биноан, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” фахрий унвонига сазовор бўлдим. Бу мукофотни бутун жамоамиз, умуман, устоз ва мураббийлар меҳнатига берилган юксак баҳо, деб биламан. Зеро, рағбат — муваффақият калити. Бундай юксак ишонч эса зиммамизга янада залворли ва шарафли масъулият юклайди. 

Гавҳаржон МИРЗАҲАМДАМОВА,
Косонсой педагогика коллежининг махсус фан ўқитувчиси,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган
халқ таълими ходими.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn