Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги демократик жамият барпо этишнинг муҳим омилидир
  • 22 Сентябрь 2015

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги демократик жамият барпо этишнинг муҳим омилидир

Самарқандда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги — ахборот олишда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқи таъминланишининг муҳим кафолати: Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда бошқа ҳамкорлар, шунингдек, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан биргаликда ташкил этилган мазкур анжуманда манфаатдор вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, хорижий ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, ахборот соҳасидаги етакчи экспертлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Анжуманда таъкидланганидек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ахборотдан эркин фойдаланишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш, кенг жамоатчиликни юртимизда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар, давлатнинг ички ҳамда ташқи сиёсати хусусида тизимли хабардор қилиб бориш Ўзбекистонда демократик янгилаш ва модернизациялаш жараёнининг, кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим йўналиши ҳисобланади.
Дарҳақиқат, юртимизда фуқаролар, жамоат бирлашмалари ва оммавий ахборот воситаларининг давлат органлари фаолиятига оид ахборотни эркин олишини кафолатлаш юзасидан самарали механизм амалиётга татбиқ этилган. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласи инсоннинг ахборот олиш, ахборотни ва ўз шахсий фикрини тарқатиш ҳуқуқи ва эркинлигини ўзида мужассам этган бўлиб, бу Ўзбекистонда демократик жамият асосларини барпо қилишнинг муҳим шарти, таъбир жоиз бўлса, тамал тоши ҳисобланади.
Мамлакатимиз Конституциясига мувофиқ, ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ҳамда қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир. Ушбу қоида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, БМТнинг ахборот олиш, жамоатчиликнинг қарор қабул қилишдаги иштироки ҳамда фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларига оид халқаро конвенциялари нормаларига тўлиқ жавоб беради.
Сўз ҳамда ахборот эркинлиги соҳасида конституциявий қоидалар асосида ривожланган, демократик талаб ва стандартлар билан уйғун бўлган қонунчилик базаси яратилди.
Хусусан, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда бошқа қонунлар қабул қилинди. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида 2014 йилда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди, мамлакатимизда биринчи марта у ҳуқуқий тажриба йўли билан синовдан ўтказилди ва қабул қилинди. Бу, ўз навбатида, фуқароларга ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини янада кенгроқ амалга ошириш имкониятини бериши билан бирга, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органларининг қабул қилинаётган қарорлар сифатини ошириш борасидаги масъулиятини ҳам кучайтирди.
Мамлакат қонунчилигида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан тақдим этиладиган ахборотдан ҳамманинг фойдаланиши мумкинлиги, унинг ўз вақтида берилиши ҳамда ишончлилиги, улар фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлиги, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг асосий принциплари сифатида белгилаб қўйилди. Уларни рўёбга чиқаришнинг амалий механизмлари сифатида ахборотни эълон қилиш (чоп этиш), тегишли расмий веб-сайтларда жойлаштириш ва янгилаб бориш, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали тақдим этиш, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлиши учун шароитлар яратиш, ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўрови асосида уларга ахборот тақдим қилиш белгилаб қўйилди.
Бугун Ўзбекистоннинг қарийб барча вазирлик ва идораларида ахборот хизматлари фаолият юритмоқда. Уларнинг амалий кўникмаларини ҳамда малакасини ошириш бўйича тизимли ишлар мунтазам олиб борилаяпти. Барча давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари ўз расмий сайтларини ташкил қилиб, ҳукумат томонидан тасдиқланган рўйхат асосида жисмоний ва юридик шахслар эркин ахборот олиши учун ресурслар шакллантирилмоқда, ахборот хизматлари кўрсатилаяпти. Ахборот очиқлиги, қонун ҳужжатларини ҳамда тегишли материалларни электрон маълумотлар базасида эълон қилиш орқали таъминланмоқда. Хусусан, сўнгги бир ярим йил давомида Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 184 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси, жумладан, 17 та қонун лойиҳаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг иккита фармони лойиҳаси, ҳукуматнинг 136 та қарори лойиҳаси ва бошқалар эълон қилинди. Бу қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сифатини оширишга, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ҳамда онгини юксалтиришга ижобий таъсир кўрсатди.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақида ҳисоботлар, буклетлар, рисолалар ҳамда бошқа турли материаллар чоп қилиниши, оммавий ахборот воситалари фаоллашаётгани, давлат органлари очиқлиги рейтинги юритилаётгани, кенг ахборот-тушунтириш ишлари олиб борилиши аҳолининг хабардорлик даражасини изчил оширишга хизмат қилмоқда. Натижада фуқароларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллиги юксалмоқда.
Халқаро конференция иштирокчиларига Ўзбекистонда ахборот соҳасини демократлаштириш, ахборот ҳамда сўз эркинлигини таъминлаш жараёнининг бориши ҳақида батафсил сўзлаб берилди. Экспертларнинг ахборот очиқлигини таъминлаш бўйича хориж тажрибаси юзасидан маърузалари тингланди.
Долзарб мавзу муҳокамаси давомида ахборот хизматлари ташкилий тузилмаси ва ҳуқуқий мақомини такомиллаштириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини кенг ёритишда оммавий ахборот воситалари ҳамда давлат органлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хорижлик экспертлар фуқароларнинг ахборот соҳасига оид ҳуқуқларини таъминлаш борасида Ўзбекистон тажрибасини янада чуқур ўрганишга қизиқиш билдиришди. Улар, жумладан, оммавий ахборот воситаларининг юқори суръатлар билан ривожланаётганини, давлат органлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилаётганини, “Электрон ҳукумат” тизими самарадорлигини алоҳида эътироф этишди. Ахборот соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, ахборот хизматлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини белгилаш, давлат идораларининг оммавий ахборот воситалари билан очиқлик ҳамда ошкораликни таъминлаш борасидаги ҳамкорлигини кучайтириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.
Конференция якунлари бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. Шундан сўнг анжуман иштирокчилари Тошкент шаҳрида пойтахтимиз, Сирдарё, Жиззах ва Тошкент вилоятлари давлат органлари ахборот хизматлари ходимлари, ОАВ вакиллари билан учрашдилар. Шунингдек, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси билан ҳамкорликда ўтказилган журналистлар форумида қатнашдилар. Ушбу тадбирларда оммавий ахборот воситаларининг давлат органлари фаолиятини ёритишда улар билан ҳамкорлигини кучайтириш, ахборот соҳасида қонунчиликни самарали амалга ошириш, журналистларнинг ижтимоий масъулиятини юксалтириш, журналист этикасига риоя этиш масалалари кўриб чиқилди.

Сўз — халқаро конференция иштирокчиларига

Криста ПИККАТ,
ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари:
— Самарқандда ўтган халқаро конференция сўз ва ахборот эркинлиги соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда демократлаштириш бўйича фикр ва тажриба алмашиш учун катта имконият яратди. Ўзбекистонда қабул қилинган давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунни ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш сари қўйилган муҳим қадам, дейиш мумкин. Қонунда ҳокимият ҳамда ҳокимият институтлари фаолиятига дахлдор ахборотларнинг фуқаролар учун очиқлиги белгиланган ва табиийки, махфий маълумотлар бундан мустаснодир. Агар 1990 йилда жаҳондаги 13 та давлат худди шундай мазмундаги қонун ҳужжатига эга бўлган бўлса, бугунги кунга келиб, тўқсонга яқин мамлакатда давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги қонун билан кафолатланган. Ўзбекистон ҳам ана шундай давлатлар қаторида экани қувонарлидир.

Дэвид ГОЛДБЕРГ,
Қиролича Мария номидаги Лондон университети профессори:
— Маълумки, ахборот олиш эркинлиги демократик ҳуқуқларнинг асоси ҳисобланади. Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки йилларидан эътиборан ахборот олиш эркинлигига доир қатор қонун ҳужжатларини қабул қилди ва уларни изчиллик билан такомиллаштириб борди. “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ана шулар жумласидандир. Дарҳақиқат, ахборот олиш ва давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар кўплаб давлатлар учун долзарб аҳамият касб этмоқда. Бинобарин ахборот кимнингдир мулки эмас, балки жамиятга тегишлидир. Мен мустақиллигига эндигина 24 йил тўлган Ўзбекистонда мана шундай муҳим мавзу муҳокамасида иштирок этаётганимдан мамнунман. Бу ерда биз кўҳна тарихи ва бугуни билан, аждодлар даҳоси ила бунёд этилган ҳамда мустақиллик йилларида қад ростлаган буюк обидалари билан ҳар қанча фахрланса арзийдиган, янги қиёфадаги, замонавий Самарқанд шаҳрини кўрдик. Ўзбекистон халқи турмуш тарзи юксалиб бораётганига гувоҳ бўлдик.

Петер СЛАМА,
Германиядаги “Behorden Spiegel” газетаси мухбири:
— Ўзбекистон қонунчилигида жамоатчиликка ўз вақтида ахборот тақдим этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Масалан, давлат тузилмаларида сўровларни ўрганиш 15 кундан ошмаслиги лозим. ГФР, Финляндия ва АҚШда бу муддат икки ҳафтадан иборат этиб кўрсатилган, Буюк Британия қонунчилигига кўра мурожаат келиб тушгандан сўнг йигирма иш кунидан ошмаган вақт ичида уни ўрганиш лозим, Франция қонунчилигида эса бу масалада аниқ муддат белгиланмаган.
Эътирофли жиҳати, Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақидаги ахборотлар бепул тақдим қилинади. Дунёнинг кўплаб давлатларида эса бундай хизматларнинг қиймати арзон эмас. Сўнгги йилларда Ўзбекистон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, расмий веб-сайтлар, очиқ коллегиал йиғилишларга таклиф қилиш, матбуот анжуманлари ҳамда брифинглар орқали ахборотлар тақдим этиш давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг ўзига хос усули ва самарали механизми сифатида намоён бўлмоқда.

Дмитрий МАКАРАЙДИС,
фуқаролик жамияти муносабатларини ривожлантириш бўйича эксперт (Греция):
— Юртингизга биринчи маротаба келишим ва бу ерда амалга оширилаётган демократик жараёнларни яқиндан билиш имкониятига эга бўлганимдан жуда ҳам хурсандман. Ўзбекистон — ёш мустақил давлат. Мен мамлакатингизда ахборот соҳаси нақадар тараққий этганидан ҳайратга тушдим. 2014 йилда қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни фуқароларнинг ахборот олиш эркинлиги кафолатини мустаҳкамлайди. Грецияда ҳам яқинда жамоатчилик учун ахборот олиш очиқлигини назарда тутадиган мана шундай қонун ҳужжати қабул қилинди. Бинобарин, фуқаро давлат органлари қандай ишларни амалга ошираётгани, давлат бюджети маблағлари қаерга йўналтирилаётгани ҳақида ахборот олиш ҳуқуқига эга. Назаримда, ахборотнинг очиқлиги учун биргина қонун ҳужжатларини қабул қилишнинг ўзи етарли эмас. Уларда белгиланган қоида ва нормаларнинг ижросини таъминлаш ҳам зарур. Хусусан, Грецияда турли идораларнинг ахборот ресурслари мавжуд, лекин улардаги баъзи маълумотлар тўлиқ ахборот олиш учун кифоя қилмайди ёки ўз вақтида янгиланмаган ахборотлардан фойдаланиш муайян қийинчиликларни туғдиради.
Анжуманда мазкур йўналишдаги ишларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан очиқ ва амалий мулоқот бўлиб ўтди. Ўзбекистонда турли касб эгаларининг, журналистларнинг ўзаро муносабатлари, бетакрор, кўркам шаҳарларингиз менда унутилмас таассурот қолдирди.

Ярмо КОПОНЕН,
Финляндиянинг медиа, коммуникация ва ривожланиш фонди лойиҳаси (VIKES) координатори:
— Ўзбекистонда сўнгги йилларда социал-иқтисодий, маданий, ижтимоий-сиёсий жабҳаларда туб ўзгаришлар амалга оширилган. Буни халқаро анжуман бўлиб ўтган Самарқанд шаҳри мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу ерда маданий ёдгорликлар қайта тикланган, замонавий инфратузилма барпо этилган, ёшлар жуда фаол ҳамда билимли. Юртингизда фуқаролик жамиятини шакллантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги бу борада муҳим ўрин тутади. Фуқароларнинг ахборот олиш эркинлигини таъминлаш механизми қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамланиши уларнинг сўз ва ахборот эркинлиги соҳасидаги ҳуқуқларини тўла рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Финляндияда ҳам давлат ҳокимияти фаолиятининг очиқлигига оид қонун амалиётга татбиқ этилган. Фикримча, юртимиздаги қонунлар бир-бирига жуда ҳам ўхшаш ва халқаро нормаларга тўлиқ жавоб беради.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Замонавий савдо мажмуи Рағбат ва масъулият »