Улкан ютуқларимиз эътирофи
  • 22 Сентябрь 2015

Улкан ютуқларимиз эътирофи

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги сўзида алоҳида таъкидланган ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ютуқлар муқаддас Ватанимиз, унинг бугуни ва эртанги истиқболи йўлида меҳнат қилаётган миллионлаб юртдошларимиз қалбига юксак фахр-ифтихор бағишламоқда.

Қаранг, Ўзбекистонимиз иқтисодиёти, жаҳон миқёсида ҳали-бери давом этаётган инқирозга қарамай, истиқлол йилларида 5,5 каррадан зиёд ўсиб,  аҳолимизнинг реал даромадлари жон бошига 9 марта кўпайибди. Мамлакатимиз Ер юзидаги энг тез ривожланаётган давлатлар орасида бугун бешинчи ўринда экан. Буни сўнгги ўн бир йил давомида ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиш ҳажми 8 фоиздан юқори бўлиб келаётгани ҳам яққол ифода этади. Айниқса, ҳозирги кунда дунёдаги энг нуфузли халқаро иқтисодий ва ижтимоий марказларнинг охирги маълумоти бўйича юртимиз “Бутунжаҳон бахт индекси”да 158 та мамлакат ўртасида 44-поғонани, Ҳамдўстлик давлатлари орасида эса биринчи ўринни эгаллаганини эшитганимда, шундай фахрланиб кетдимки, буни сўз билан ифодалаш қийин.
Бундай улкан ютуқларимизнинг энг муҳим омили ва мезони борки, у ҳам бўлса, замон ўзгариши билан халқимиз, одамларимизнинг дунёқараши, онгу тафаккури, ҳуқуқий маданияти, сиёсий фаоллиги, фуқаролик масъулияти ва бурчи юксалиб бораётганида намоён бўлмоқда, дедилар Юртбошимиз.
Албатта, шундай кезларда, хаёлимиздан “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган ўй-мулоҳазалар кечиши табиий. Бу саволга ҳар биримиз ўз ҳаётимиздан, кундалик турмушимиздан жавоб олишимиз мумкин.
Биласиз, комбинатимиз мамлакатимиз металлургия соҳасида ўз ўрни, салоҳиятига эга бўлган йирик саноат субъекти ҳисобланади. Шу ерга ишга келганимга ҳадемай ўттиз йил тўлади. Яширишнинг ҳожати йўқ, мустақиллигимизнинг илк йилларида фаолиятимизда бир қадар пасайиш кузатила бошлаганди. Негаки, жамоамиз собиқ тузум даврида хом ашё, технологик ускуналар ва эҳтиёт қисмлар таъминотида марказга бутунлай қарам эди. Айтайлик, кичик бир деталь ишдан чиқса — тамом, фаолият тўхтаб, бутун жамоа олисга кўз тикишга мажбур бўларди. Шундай бир мураккаб вазиятда Президентимиз томонидан олиб борилган оқилона сиёсат туфайли кўп минг сонли жамоамиз иқтисодий тангликдан тезда қутулиб, барқарор ривожланиш йўлига чиқиб олди. Комбинатимизда мавжуд қувватларни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича кенг кўламли дастур ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилди. Шу тариқа пўлатни қайта ишлашнинг илғор усуллари жорий этилиб, ички ва ташқи бозорда харидоргир бўлган янги маҳсулотлар тайёрлашга қаратилган бир қатор лойиҳалар амалга оширилди. Шунингдек, маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ҳам салмоқли қадамлар ташланди.
Ҳар гал сменада белгиланган ҳажмдаги ишни уддалаб бўлгач, уйга қайтар чоғимизда она шаҳримиз Бекободни пиёда айланамиз. Ана шунда танадаги бутун чарчоқлар чиқиб кетгандек бўлади. Негаки, кейинги йилларда шаҳримизда қад ростлаётган муҳташам ва маҳобатли иншоотлар, янги йўл ва инфратузилма объектлари, таълим, спорт ва маданият муассасалари чиндан ҳам кўрган кўзни қувонтиради.
Эътиборлиси, бундай хайрли ишларда комбинатимизнинг, демакки, ҳар биримизнинг ҳиссамиз бор. Ахир юрт ободлиги, тараққиёти учун дахлдор бўлиб яшашдан ҳам ортиқ бахт борми, дунёда?!

Абдусамат РАЗИКУЛОВ,
«Ўзбекистон металлургия комбинати» АЖ смена устаси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Умр зийнати Замонавий савдо мажмуи »