Интерфаол тақдимотлар, қизғин мулоқотлар
  • 19 Сентябрь 2015

Интерфаол тақдимотлар, қизғин мулоқотлар

“ICTWEEK UZBEKISTAN — 2015” ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги якунланди.

Мазкур йирик анжуман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ташкил этилди.
Айтиш жоизки, ҳафталик дастуридан ўрин олган тадбирлар қамрови кенглиги, мавзуларнинг ранг-барангли ва қизиқарлилиги билан ажралиб турди. Жумладан, унинг доирасида АКТ бўйича миллий форум, халқаро саммит, конференция ва давра суҳбатлари, семинарлар, “Best Soft Challenge” ва “Intellect2All” танловлари ғолибларини тақдирлаш маросимлари, компьютер ўйинлари бўйича “Uzbekistan Cyber Games” кубоги беллашувлари, “Gadget Fair” — телефон, смартфон ва планшетлар кўргазмаси ўтказилди.
Масалан, Тошкент шаҳрида ташкил этилган конференцияда ахборот хавфсизлиги масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Унда дунёдаги етакчи ахборот хавфсизлиги тизимлари ишлаб чиқувчилари, олим ва мутахассислар, вазирликлар, идоралар ва саноат корхоналари вакиллари қатнашди. Тадбирда иштирокчилар томонидан қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди. Ахборот хавфсизлиги аудити, эҳтимолий хатарларни бошқариш, ахборот тизимлари, ресурслар ва шахсий маълумотлар ҳимоясини таъминлаш каби масалалар шулар жумласидандир.
Давлат органларининг ахборот тизимларини ҳимоя қилишга йўналтирилган техник ечимлар ва дастурий таъминотлар тақдимотлари мутахассислар эътиборини тортди. Жаҳонга машҳур “Intel” ва “Huawei” каби компаниялар, шунингдек, Халқаро электр алоқаси иттифоқи ахборот хавфсизлиги соҳасидаги ўз ишланмаларини тақдим этди. Иштирокчилар кибержиноятчиликка қарши кураш, эҳтимолий киберҳужумлар профилактикаси ва уларнинг асоратларини бартараф этиш бўйича илғор тажриба ҳамда усуллар билан танишди.
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги — ахборот олишда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқи таъминланишининг муҳим кафолати: Ўзбекистон тажрибаси” мавзуидаги халқаро конференция ҳам долзарблиги билан диққатга моликдир. Унда қатнашган хорижлик эксперт ва мутахассислар  Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда ахборот соҳасини демократлаштириш, мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар юқори самара бераётганини қайд этишди.
Шу ўринда ҳафталикнинг йирик анжуманларидан бири “ICTExpo — 2015” халқаро кўргазмасига ҳам тўхталиб ўтсак. Ушбу тадбир, мана, ўн йилдирки, халқаро IT-соҳаси, тадбиркорлик доиралари ва илм-фан жамоатчилиги томонидан юқори баҳоланмоқда. Сўнгги йилларда кўргазма иштирокчиларининг сони икки баробар ошди. Пировардида у ахборот технологиялари соҳасида миллий ва халқаро ютуқлар намойиш этиладиган, мутахассислар, экспертлар учрашадиган, мулоқот қиладиган нуфузли майдон, қолаверса, оддий АКТ фойдаланувчиси ҳамда ишлаб чиқарувчининг ўзаро фикр алмашиш имконини берадиган йирик форумга айланди. Мамлакатимизда АКТдан фойдаланиш бўйича минтақавий даражанинг ўсиб бораётгани боис кўргазма, анъанага кўра, тармоқли кўринишда ташкил этилиб, бир вақтнинг ўзида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилди.
Маълумки, айни пайтда жамиятнинг ривожланишини “электрон ҳукумат” тизимисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу жиҳатдан республикамизда мазкур йўналишни тараққий топтириш бўйича муҳим ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бу йилги кўргазмада олдингиларидан фарқли равишда алоҳида секцияларда “электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, хусусан, давлат бошқаруви органлари томонидан аҳолига, тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган интерактив хизматлар намойиш этилди.
Ўз навбатида, кўргазмада дастурий таъминот бозорида фаолият юритаётган 40 та кичик тадбиркорлик субъекти учун алоҳида бўлимлар ташкил этилди. Унда юртимизда ишлаб чиқарилаётган янги дастурий маҳсулотлар билан танишиш имконияти яратилди.
“ICTExpo — 2015”да Тошкент шаҳрининг ўзида 1,5 минг кв. метрдан ортиқ ҳудудда маҳаллий ҳамда халқаро IT-бозорининг 120 дан ортиқ, Самарқанд шаҳрида эса 500 кв. метрга яқин ҳудудда 50 та етакчи компания томонидан соҳада кўрсатилаётган хизматлар, замонавий технология ҳамда ишланмалар намойиш қилинди. Уч кун давомида кўргазмаларга 30 мингдан зиёд киши ташриф буюрди.
Кеча ҳафталик доирасида пойтахтимизда халқаро саммит ташкил этилди. Унда “АКТ давлат секторида”, “АКТ — бизнесда” “Интернет ва ахборот ресурслари” каби йўналишлар бўйича маърузалар тингланди. Ялпи ҳамда шўъба йиғилишларида юқори технологиялар бозорининг етакчи экспертлари, давлат органлари, жамоат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, мамлакатимиз ҳамда чет эл IT-компаниялари раҳбарлари ва мутахассислари ахборот-коммуникация технологияларини иқтисодиёт ҳамда жамият ҳаётининг турли жабҳаларига жорий қилишга доир долзарб масалаларни муҳокама этди. IT-саноати стратегиялари ва уни ривожлантириш, технология ҳамда инфратузилмаларни такомиллаштириш, янги илова ва ечимлар ишлаб чиқиш масалалари кўриб чиқилди.
Ниҳоясига етган “ICTweek Uzbekistan — 2015” ҳафталиги ахборот-коммуникация технологиялари бозорини таҳлил қилиш, бу борадаги сўнгги ютуқлар билан танишиш, ҳамкорликни ривожлантириш, пировардида мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини жадал тараққий эттиришга хизмат қилиши билан муҳим ўрин тутади.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Олий суд Пленуми мажлиси Умр зийнати »