Олий суд Пленуми мажлиси
  • 19 Сентябрь 2015

Олий суд Пленуми мажлиси

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий суд судьялари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ҳамда унга тенглаштирилган судлар раислари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий суд ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Олий суд раиси Ш. Газиев бошқарган йиғилишда таъкидланганидек, Президентимиз раҳнамолигида жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва либераллаштиришга хизмат қилмоқда. Пировардида эса фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш самарадорлиги ортиб, жамиятда адолат барқарорлиги таъминлаб келинаётир.
Мажлис муҳокамасига киритилган “Судланганлик ҳолати тугалланиши ва олиб ташланишига оид қонунчиликни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги, “Шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ҳамда сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ётқизиш ёки унинг ушбу муассасаларда ётиши муддатини узайтириш билан боғлиқ фуқаролик ишлари бўйича суд амалиёти ҳақида”ги Олий суд Пленуми қарорлари лойиҳалари ҳам инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бу борадаги қонун ҳужжатларини бир хилда ҳамда тўғри қўллаш, ягона суд амалиётини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Қайд этилганидек, Олий суд Пленуми томонидан демократик ислоҳотлар жараёнида қабул қилинаётган қонунларнинг амалиётда тўғри қўлланилишини таъминлаш ҳамда ягона суд амалиётини шакллантириш, ишларни кўришда юзага келаётган тушунмовчиликларни бартараф этиш юзасидан муайян чора-тадбирлар олиб борилмоқда. “Судланганлик ҳолати тугалланиши ва олиб ташланишига оид қонунчиликни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ана шу саъй-ҳаракатлар самарасидир.
Жиноят қонунчилиги либераллаштирилиши, ярашув институти жорий этилиши, инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойиллари асосида амнистия актлари қўлланиб келинаётгани, умуман, амалга оширилаётган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари туфайли мамлакатимизда судланганлик ҳолати йилдан-йилга камайишига эришилмоқда. Буни 2014 йилда судланганлар сони 2001 йилдагига таққослаганда 23 фоиз камайгани ҳам тасдиқлайди.
Маълумки, судланганлик ҳолати жазо тайинланган суд ҳукми қонуний кучга киргандан бошлаб, у тугалланган ёки олиб ташланган пайтгача давом этади. Айни чоғда судланганлик ҳолати тугалланмагани ва олиб ташланмагани қатор жиноят-ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради. Шахс судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган пайтда жиноят содир этса, жавобгарлик кучайтирилишига олиб келади.
Шулардан келиб чиққан ҳолда, Олий суд Пленуми қарори лойиҳасида судланганлик ҳолати тугалланган ёки олиб ташланган пайтдан эътиборан шахс судланмаган ҳисобланиши, яъни ушбу шахс томонидан жиноят содир этилгани факти ва унинг учун судланганлик билан боғлиқ барча ҳуқуқий оқибатлар қатъиян бекор қилиниши назарда тутилмоқда. Бу ҳужжатда суд ва дастлабки тергов амалиётида судланганлик ҳолати тугалланиш муддатини ҳисоблаш, унинг тўхталиши, судланганлик ҳолатини олиб ташлаш тартиби ва механизмига тааллуқли масалаларга ҳам тушунтириш берилган.
Тадбирда иккинчи қарор лойиҳаси бўйича атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Эътироф этилганидек, юртимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, ушбу йўналишда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги, “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги ҳамда “Аҳолини сил  касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.
Хусусан, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунда соғлиқни сақлаш соҳасида инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши, аҳоли барча қатлами тиббий ёрдамдан баҳраманд бўлиши, профилактика чора-тадбирларининг устунлиги ҳамда соғлиғини йўқотган тақдирда фуқаролар ижтимоий ҳимоя қилиниши алоҳида белгилаб қўйилган.
Фуқаролик процессуал кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга биноан эса шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш ёки унинг стационарда ётиш муддатини узайтириш, шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги фуқаролик ишларини алоҳида иш юритиш тартибида кўриш назарда тутилган. Ана шу норма талаблари асосида Олий суд Пленумининг “Шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ҳамда сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ётқизиш ёки унинг ушбу муассасаларда ётиши муддатини узайтириш билан боғлиқ фуқаролик ишлари бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур қарор лойиҳасида бундай тоифадаги ишлар тиббий муассаса жойлашган ердаги ёки шахснинг яшаш (турар) жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлар судловига тааллуқлилиги, аризалар ўз вақтида ва тўғри ҳал қилиниши фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатларининг бири экани, стационарга ётқизилаётган шахснинг қонуний вакили ва стационарга ётқизиш асослари тўғрисида хулоса берган комиссия таркибидаги шифокор психиатр, прокурор, шунингдек, шахс ётган психиатрия муассасаси вакили иштирокида кўриб чиқилиши каби қатор масалалар ўз аксини топган.
Тадбирда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Пленум мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И. Абдуллаев иштирок этди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn