Меҳр-мурувват, юксак эҳтиром жойларда бўлиб ўтаётган тадбирларнинг мазмун-моҳиятини ташкил этмоқда
  • 19 Сентябрь 2015

Меҳр-мурувват, юксак эҳтиром жойларда бўлиб ўтаётган тадбирларнинг мазмун-моҳиятини ташкил этмоқда

Мамлакатимизда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурининг изчил амалга оширилиши ўзининг салмоқли натижаларини бермоқда. Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар хайрли тадбирларда амалий ифодасини топиши баробарида, юртимизда ёши улуғ инсонларнинг  ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча шарт-шароитни яратиш билан боғлиқ кенг кўламли ва манзилли ишларнинг бир қисмига айланмоқда.

Кекса авлод вакилларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашда жамоатчиликнинг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштироки муҳим ўрин тутади. Зотан, жамиятда кексаларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш фазилатини юксалтириш, ота-оналарга, ёлғиз қарияларга ва бошқа эҳтиёжманд қатлам вакилларига ғамхўрлик қилиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш мазкур Дастурда асосий вазифалардан этиб белгиланган.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа жамоат ҳамда давлат ташкилотлари томонидан “Кексаси бор хонадон — файзли хонадон” ҳамда “Кексаларнинг дуосини олайлик” номи остида ўтказилаётган акциялар ҳам нуронийларнинг турмуш сифати ва даражасини ошириш, бунинг учун барча қулайликни яратишга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.
Тадбирда ёши улуғ инсонларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда нодавлат тузилмаларнинг кенг иштирокини таъминлаш  назарда тутилган.
Бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлари кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрликни янада кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамасида фаол иштирок этмоқда. Шунга мутаносиб равишда қарияларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, фахрийларга, эҳтиёжманд инсонларга кўрсатиладиган тиббий, ижтимоий хизматларнинг сифатини яхшилаш, кексаларнинг  турмуши ва дам олишини ташкил этиш тизимини янги босқичга кўтариш ишлари самарадорлиги оширилмоқда.
Акциялар давомида жойларда семинарлар, давра суҳбатлари, фахрийлар ва ёшларнинг учрашувлари уюштирилмоқда. Хусусан, Наманган вилоятида “Ўзбекистон халқининг маънавий-ахлоқий ва тарихий-маданий бойлиги — жамиятда кексаларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш маданияти шаклланишининг муҳим омили” мавзуида ўтказилган семинарда қарияларга беғараз хизмат ва ёрдам кўрсатиш, уларнинг маданий ҳордиқ чиқаришини ташкиллаштиришда жойлардаги нодавлат нотижорат ташкилотларини янада фаоллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
— Наманган вилоятида 266 минг нафардан зиёд пенсионер истиқомат қилади, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Наманган вилояти бўлими раҳбари Н. Садриддинов. — Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фахрийлари 146 нафарни ташкил этади. Юз ёшдан ошганлар ҳам 100 нафардан зиёддир. Фондимиз томонидан уларнинг ҳолидан мунтазам хабар олиниб, байрамларда совға-саломлар билан йўқлаш анъана тусини олган. Барча эҳтиёжмандларга  моддий кўмак берилмоқда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кексаларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш ишларини изчил олиб бормоқда. Нуроний отахон ва онахонларга доимий ғамхўрлик кўрсатишда бутун жамиятнинг иштироки зарурдир. Бунинг учун жамоат ташкилотлари давлат органлари билан ҳамкорликдаги тушунтириш ва тарбиявий ишлар салмоғини ошириши керак. Ўйлаймизки, бу ўзининг ижобий самарасини беради.
Сурхондарё вилоятида ўтган акциялар кекса ва ёш авлод учрашувлари, мавзуга оид кўргазмалар, Мурувват уйида яшовчилар ҳамда ёлғиз қарияларнинг ҳолидан  хабар олишдек хайрли тадбирлар билан янада мазмунли кечди. 
— Ҳудудимизда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижросига нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам кенг жалб қилинган, — дейди Сурхондарё вилоятидаги Ёшларни касбга йўналтириш маркази раҳбари М. Солиева. — Бугунги кунда ижтимоий шериклик асосида қарияларни қўллаб-қувватлаш, ёшларни кекса авлодга ҳурмат руҳида тарбиялашга  йўналтирилган қатор лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда. Жорий йилда марказимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги  Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг  грантини қўлга киритди. Лойиҳага кўра, вилоятдаги ўн еттита мактабда, еттита касб-ҳунар коллежи ва саккиз маҳаллада икки авлод учрашувларини ўтказишни режалаштирганмиз. Ушбу тадбирларда Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фахрийлари иштирок этади. Бундан ташқари, бизнинг фаолларимиз ёлғиз кексаларнинг уйига бориб, рўзғор юмушларига ёрдамлашмоқда, улар билан ҳамсуҳбат бўлиб, кўнгилларини кўтармоқда. Ўйлайманки, барчамизнинг бундай хайрли ишларга, яқинларимизга эътиборли бўлиш, улар билан дилдан суҳбатлашиш, баҳоли қудрат кўмаклашишга вақт ажратишимиз айни муддао.
Акциялар доирасида мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан эл-юрт равнақига ўз улушини қўшган кекса авлод вакилларини алоҳида қутлаш тантаналари ҳам ўтказилди.
Жумладан, Бердақ номидаги Қорақалпоқ  давлат мусиқали театрида Оролбўйининг турли ҳудудларидан келган юздан зиёд уруш ва меҳнат фахрийлари жам бўлди.
— Меҳмонлар орасида яқинда тўқсон ёшини нишонлаган табаррук инсонлар ҳам бор эди. Урушда тобланган бу кексалар мамлакат ривожига салмоқли ҳисса қўшган. Уларнинг ҳаёти ёшлар учун ибрат мактабидир. Бунёдкорлик ишларини нуронийлар дуоси билан бошлашда ҳикмат кўп, — дейди “Нуроний” жамғармасининг Қорақалпоғистон бўлими раҳбари Ш. Уснатдинов.
Худойберган Ҳожаметов мазкур тадбирга Қўнғирот туманидан ташриф буюрди. Улуғ ёшда бўлишига қарамай, у жамият ҳаётида фаол бўлишга интилади, кекса ёшдаги инсонлар иштирокида ўтадиган тадбирларда доимо қатнашади.
— Озод ва обод юртда яшаётганимдан, шундай ёруғ кунларга етганимдан бахтиёрман, — дейди тўқсон ёшли оқсоқол. — Бизларга кўрсатилаётган ғамхўрлик умримизга умр, кучимизга куч қўшади.
Юртимизда меҳр-мурувватга йўғрилган акциялар давом этаяпти. Ижтимоий ҳимояни таъминлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтиришга доир долзарб масалалар муҳокамаси, аҳамиятга молик мазкур лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши кексаларни эъзозлашдек олижаноб бурчни адо этишда давлат ва жамият кучларини бирдек сафарбар қилишнинг муҳим омили сифатида намоён бўлмоқда.

«Халқ сўзи» мухбирлари
хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn