Ёш оилаларга — янги уй-жойлар
  • 19 Сентябрь 2015

Ёш оилаларга — янги уй-жойлар

Юртимизда ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш борасида кенг кўламли тадбирлар олиб борилмоқда.

Президентимизнинг 2014 йил 6  февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар  тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарди.
Навқирон авлод вакилларига кўрсатилаётган бундай эътибор уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига мустаҳкам замин ҳозирламоқда. Хусусан, айни пайтда Вазирлар Маҳкамасининг  “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида жойларда “Камолот” уйлари  бунёд этилаётир. 
Ўтган қисқа муддатда Фарғона вилоятининг Учкўприк, Тошлоқ туманлари ҳамда Қувасой шаҳри марказида жами 131 хонадонга мўлжалланган шундай муҳташам кўп қаватли тураржой бинолари фойдаланишга топширилди.
— Кексаю ёш бирдай эъзоз-эътиборда яшаётган азиз юрт фарзанди эканимдан жуда фахрланаман, — дейди Қувасой шаҳридаги “Кварц” акциядорлик жамияти ишлаб чиқариш цехи механиги Соҳибжон Мелибоев. — Яқинда спорт соҳасида эришган ютуқларим ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаоллигим инобатга олиниб, оиламизга шаҳримиз марказида қад ростлаган “Камолот” уйидан хонадон ажратилди. Бу ердаги шарт-шароитларни кўриб, жуда қувондик. Дарвоқе, фарзандимиз ҳам янги уйга кўчиб ўтганимиздан кейин дунёга келди. Қизимизга яхши ниятлар билан Гулюзхон деб исм қўйдик. Ҳар куни ишимни тугатганимдан сўнг оилам бағрига ошиқаман. Шунда тинч ва осуда, фаровон ҳаёт завқидан шукроналик туяман.
Айни пайтда вилоятнинг Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида ҳам “Камолот” уйлари бунёд этилмоқда.

Маъмур МУСУЛМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn