Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлод эртанги кунимизнинг бунёдкорларидир
  • 18 Сентябрь 2015

Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлод эртанги кунимизнинг бунёдкорларидир

Кеча Тошкент ва Нукус шаҳарлари, шунингдек, барча вилоят марказларида “Соғлом ва маънавий етук авлод — юрт келажаги!” шиори остида “Болалар китоби” иккинчи республика фестивали бошланди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Хотин-қизлар қўмитаси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, “Ўздавкитобсавдотаъминот” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Пойтахтимизнинг ўафур ўулом номидаги маданият ва истироҳат боғида эса фестивалнинг очилиш маросими ўтказилди.
Унда қайд этилганидек, мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад истиқлол йилларида адабиёт, маданият ва ноширлик соҳаларида қўлга киритилган ютуқларни жамоатчиликка етказиш, шунингдек, болаларда китоб мутолаасига бўлган қизиқишни ошириш, шу орқали уларнинг маънавиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшишдир.
— Китобни офтобга менгзашади, — дейди Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон. — Офтоб оламни нурафшон этса, китоб инсон қалбини ёритиб, эзгулик сари чорлайди. Фарзандларимизнинг яхши фазилатлар соҳиби бўлиб вояга етишида ҳам китобнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Мазкур фестивалга кўплаб мактаблардан ташриф буюраётган ўқитувчи ва ўқувчилар, ота-оналари ҳамроҳлигида келаётган болажонларни кўриб, қувонасан киши.
Республикамизда ҳар йили нашриётлар томонидан 3 минг номдаги умумий адади 45 миллион нусхадан ортиқ китоб маҳсулотлари нашр этилмоқда. Эътиборли томони шундаки, юртимизда нашр қилинаётган адабиётларнинг ҳар учтадан биттаси болаларга бағишланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 апрелдаги “2010 — 2015 йилларда болалар ва ўсмирларни маънавий камол топтиришга йўналтирилган ноширлик маҳсулотларини нашр этиш дастури тўғрисида”ги қарори доирасида ўтган йилларда ўзбек ҳамда жаҳон адабиёти, мутафаккирлар ҳаёти ва фаолияти, аждодларимизнинг маънавий жасорати, қаҳрамонликларига бағишланган китоблар, энциклопедик адабиётлар, плакатлар нашр этилиб, ўқувчиларга етказилди.
Фестивалда 60 дан зиёд нашриёт ва матбаа корхоналари мингга яқин номдаги болалар адабиётлари билан қатнашмоқда.
Сайил тарзидаги фестиваль доирасида Маданият ва истироҳат боғининг турли ҳудудларидаги махсус стендларда нашриётлар томонидан Кексаларни эъзозлаш йилига бағишланган ҳамда нуфузли халқаро анжуманларда эътироф этилган китоблар тақдимотлари ўтказилмоқда.
Тадбир доирасида “Менинг биринчи китобим”, “Атроф олам муҳофазаси — саломатлик гарови”, “Мўъжиза эмасдир фалакда офтоб, мўъжиза аслида беминнат китоб”, “Китоб — энг яхши совға” каби мавзуларда интеллектуал ўйин ҳамда викториналар, “Китоб ўқишни ёқтирасизми?” мавзуида ижтимоий сўровнома ўтказилаётир.
Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида “Болалар китоби” иккинчи республика фестивалининг очилишига бағишланган концерт дастури ҳам намойиш қилинди.
Фестиваль 19 сентябргача давом этади.

Мавжуда ХОЛМАТОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn