Маҳаллалар танловидан — илғор тажрибаларни оммалаштириш сари
  • 18 Сентябрь 2015

Маҳаллалар танловидан — илғор тажрибаларни оммалаштириш сари

Аввал хабар қилинганидек, яқинда Жиззахда “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” шиори остида “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” танловининг республика босқичи ўтказилди.

Унда ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган 14 та фуқаролар йиғини жамоаси баҳс олиб борди. Шу маънода, айтиш мумкинки, мазкур танлов соҳадаги илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш, шунингдек, маҳалла фаоллари учун ўзига хос тажриба мактаби вазифасини ўтади.
Булар юртимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ишончли таянчи ва таъсирчан кучи сифатида маҳалла институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар самарасидир. Тадбирда қатнашган маҳаллалар фаоллари, шунингдек, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари буни алоҳида эътироф этдилар.

Тожихон ҚОДИРОВА,
Гулистон туманидаги “Юлдуз” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси:
— Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги сўзида истиқлол йилларида юртимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, қўлга киритилган улкан ютуқларимизнинг туб моҳияти ва аҳамиятига, хусусан, мамлакатимизда ўзимизга хос ҳамда мос бўлган ҳаётни қуришда “бошқаларга ўхшаб, маррани ким тезроқ эгаллайди”, деган мусобақаларга қўшилмаганлигимиз, ўзгалардан нусха олмаганлигимиз, “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун” тамойилига қатъий амал қилиб, “ўзбек модели” деб тан олинган стратегик тараққиёт дастурини босқичма-босқич амалга оширганимизга алоҳида эътибор қаратилди.
Шу маънода, ушбу масаланинг мазмун-моҳиятини маҳалла тизимида фаолият юритаётган ҳар бир ходим тушуниб етиши, кенг жамоатчиликка етказиши долзарб вазифалардан биридир.
“Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” танлови, айтиш керакки, фаолиятимизни янада самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, уч босқичли тизимдан иборат ушбу нуфузли тадбир маҳаллалар учун маҳорат мактаби вазифасини ўтаётир.
Ўзимиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, биз танловда ғолиб чиқиш билан бирга, мамлакатимиздаги энг фаол фуқаролар ўзини ўзини бошқариш органларининг илғор иш услуби ва тажрибаларини ўрганиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш имкониятига эга бўлдик. Қолаверса, соҳанинг қонунчилик асослари бўйича билимларимизни янада мустаҳкамладик.
Таассуротларимиз катта. Танлов асносида Жиззахнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ва ҳудуддаги маҳаллалар фаолияти билан яқиндан танишдик. Шаҳардаги бир неча саноат корхоналарида бўлдик. Уларда меҳнат қилаётган ёшларимиз шижоати ҳамда энг замонавий ишлаб чиқариш технологияларини моҳирлик билан бошқариши қалбимизни севинч ва ғурурга тўлдирди. Бу ерда истиқлол йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари эса ҳайратимизни оширди. Гап шундаки, Жиззах туманидаги “Учтепа” маҳалла фуқаролар йиғинида бунёд этилган намунали лойиҳадаги уй-жойлар унинг кўркига кўрк қўшиб тургани ҳавас қилса арзигулик. Массивга уйғун равишда қурилган йиғин биносида зарур шароит ҳамда қулайликлар мавжуд. Буларнинг ҳаммаси юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига юксак эътибор ва ишонч ифодасидир.

Ажинияз МНАЖОВ,
“Маҳалла” хайрия фонди Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошқаруви раисининг ўринбосари:
— Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги сўзида халқимизнинг ҳам истаги, ҳам мақсади ҳисобланган тинчлик ва омонликни, осойишталикни сақлаш, огоҳ ҳамда сезгир бўлиб яшаш, тинч ва осуда ҳаётимиз учун, мусаффо осмонимизни ҳимоялаш учун курашишимиз, энг катта суянчимиз ва таянчимиз бўлган ёшларни ана шу руҳда тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратдилар.
Бинобарин, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни турли зарарли таъсирлардан, “оммавий маданият” ниқоби остидаги таҳдиду хатарлардан асраш, уларни она-Ватанга муҳаббат, садоқат руҳида тарбиялаш учун, аввало, ҳар бирининг қалби ҳамда онгида мафкуравий иммунитетни янада кучайтириш масалалари биз, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг энг муҳим вазифамиз ҳисобланади.
Жиззахда бўлиб ўтган “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” танлови доирасида шаҳарда амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ҳамда бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдик. Намунали маҳаллалар, замонавий иншоотлар, илғор технологиялар билан таъминланган корхоналарга ташрифимиз, айниқса, мароқли кечди.
Танловдан олган тажриба ва таассуротларимиз ҳудудимиздаги фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга услубий-амалий кўмаклашиш борасидаги фаолиятимизни янада самарали ташкил этиш имконини беришига ишонаман.

Муҳаммаджон ЖЎРАБОЕВ,
Тошлоқ туманидаги “Тошлоқ” шаҳарча фуқаролар йиғини раиси:
— Танловда “Маҳаллада ижтимоий шериклик муносабатларини кенгайтириш масалалари” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритдик. Ижтимоий шериклик, аввало, давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари билан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасидаги ўзаро тенг ҳамкорлигидир.
Шундан келиб чиқиб, биз туманимиздаги давлат органлари билан ўзаро ҳамкорликда чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этишга эътибор қаратмоқдамиз. Бу эса яхши самара бераяпти. Жумладан, туман бандликка кўмаклашувчи ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази кўмагида жорий йилнинг ўтган даврида йиғинимиз ҳудудида истиқомат қилувчи 45 нафар фуқарони иш билан таъминлашга, 35 нафар фуқаронинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишига, 4 та бўш турган бинода ишлаб чиқариш цехларини ташкил этишга ёрдамлашдик.
Танловнинг республика босқичи юқори савияда ўтказилди. Жиззах вилоятида амалга оширилаётган бунёдкорлик юмушлари билан яқиндан танишдик.
Бугунги кунда нафақат Жиззах вилоятида, балки республикамизнинг барча ҳудудида, шу жумладан, Фарғона вилоятида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, маҳалла тизимини қўллаб-қувватлаш бўйича саъй-ҳаракатлар ҳар биримизни янада шижоат билан ишлашга ундамоқда. Хусусан, Юртбошимизнинг яқинда нашр қилинган “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” китобида қайд этилганидек, “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?”, “Эртага ким бўлишимиз, қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?” деган саволларнинг моҳияти ҳамда аҳамияти бўйича ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда аҳоли ўртасида тарғибот ишларини тизимли ташкил этиш, уларни янги марралар сари руҳлантиришимиз биз, маҳалла фаоллари олдидаги долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Шаҳло ҚОБИЛОВА,
Жиззах шаҳридаги 8-умумтаълим мактаби ўқитувчиси:
— Мамлакатимизда жисмонан соғлом, маънан етук ва ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги доирасидаги ишлар мисолида буни яққол кўриш мумкин. Бизнинг мактабимизда ота-оналар ҳамда маҳалла билан мустаҳкам алоқа йўлга қўйилган бўлиб, ибратли оилалар, турли касб эгалари билан учрашувлар ўтказиб келинмоқда. Хусусан, Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан ташкил этилган “Нуроний — эъзозимизда” деб номланган тадбирга мактабда кўп йиллар самарали меҳнат қилган устозлар таклиф қилинди. Улар ўзларининг ҳаётий тажрибаси орқали ўқувчиларни тарбиялашда оила, маҳалла ва мактаб ҳамкорлиги нечоғли муҳим эканлиги алоҳида таъкидлади. Тадбир доирасида “Менинг бобом, менинг бувим”, “Маҳалламизнинг ибратли кишилари” мавзуларида ижодий ишлар кўргазмаси уюштирилди. Унда ўқувчиларимиз фаол қатнашди.
Вилоятимизда бўлиб ўтган “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” танлови республика босқичида “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлик механизми доирасида юртимизнинг бошқа вилоятларидаги фуқаролар йиғинларида тўпланган илғор иш тажрибалари, маҳалла фаоллари ташаббуслари билан амалга оширилаётган чора-тадбирлар самараси билан танишдик. Бу биз учун айни муддаодир.

Илҳом МУҲАММАДИЕВ,
Термиз шаҳридаги “Алпомиш” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси раҳбари:
— Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” танлови ушбу тизимнинг янги қирраларини очиб бермоқда. Мазкур тадбир туфайли жамоамиз билан биргаликда жиддий ўқиб-ўргандик, изландик. Ана шу ўрганган билимларимиз ва намунали маҳаллаларнинг илғор иш тажрибалари билан танишиш келгусида фаолиятимизни бугунги кун талаблари даражасида давом эттиришимизда қўл келади.
Мен фаолият юритаётган маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилаётган аҳолининг 61 фоизини ёшлар ташкил этади. Уларнинг ҳар бири билан дўстона муносабатни йўлга қўйганимиз натижасида вояга етмаганлар ва ёшлар жиноятчилиги ҳамда ҳуқуқбузарликлари кейинги йилларда умуман қайд этилмади. Бу борада ҳудудда жойлашган ахборот технологиялари ва Термиз саноат касб-ҳунар коллежи, шунингдек, 13-умумтаълим мактаби жамоаларининг ёрдами салмоқли бўлаётир.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ
ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn