Юксак эътиборнинг амалий ифодаси
  • 17 Сентябрь 2015

Юксак эътиборнинг амалий ифодаси

Мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган, ихчам, тезкор, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланган, юксак тайёргарликка эга Қуролли Кучларимизни барпо этиш баробарида, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими ҳам йўлга қўйилди.

Хусусан, ҳарбий шаҳарчалар қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш, бу объектларда бугунги кун талабларига ҳамда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари эҳтиёжларига жавоб берадиган қулай ижтимоий-маиший шароит яратиш бўйича давлат дастурлари қабул қилингани бунинг яққол тасдиғидир. Ана шу ҳужжатларнинг изчил ижроси туфайли ҳозирги пайтгача кўплаб ҳарбий хизматчилар шинам уй-жойлар ва бошқа зарур инфратузилма объектлари билан таъминланди. Муҳими, ушбу йўналишдаги эзгу саъй-ҳаракатлар давом этаяпти.
Куни кеча Тошкент ҳарбий округининг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларига кўп қаватли уй фойдаланиш учун топширилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда ҳарбий округ масъул офицерлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.
Маросимда сўзга чиққанлар юртимиз мудофаа салоҳиятини ошириш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб, ушбу жараёнда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик изҳор этишди.
— Бизга уч хонали уй насиб қилди, — дейди сержант Муроджон Мироқилов. — Кўриб турганингиздек, ичи кенг ва шинам, барча шароит яратилган. Турмуш ўртоғим Комиланинг қувонганини айтмайсизми?! Икки ўғлимиз — Мирмуҳаммад ва Иброҳим шу файзли хонадонда ҳеч кимдан кам бўлмай камолга етишини ўйлаб, севинчини яширолмаяпти. Оилада шундай хурсандчилик, хотиржамлик бўлса, кўнглимиз тўлиб, ишимизда ҳам самара бўлади. Албатта, берилаётган бундай улкан имкониятларга жавобан юртимиз тинчлигини асраб-авайлаш йўлида бор куч ва салоҳиятимизни ишга соламиз.
Гулсанам Умарова — офицер Тўлқин Тешабоевнинг рафиқаси. Жавоҳир, Жавлонбек, Камронбек исмли уч азамат ўғлонни тарбиялаб, вояга етказишяпти. Дарвоқе, Гулсанамнинг ўзи ҳам етти йилдан буён Қуролли Кучлар тизимида фаолият олиб бораётган экан.
— Қаранг, янги хонадонимиз пойтахтнинг энг кўркам гўшаларидан бирида жойлашган, — дейди у. — Қолаверса, уйимизга яқин ҳудудда мактабгача таълим муассасаси, умумтаълим мактаби, спорт иншоотлари бор. Қисқаси, бу ерда бир оила эҳтиёжи учун зарур бўлган, бир оила бекаси орзу қиладиган ҳамма имконият мавжуд. Бугунги унутилмас кунда яна бир карра дилдан ният қилдик: юртимиз тинчлигига ҳеч қачон кўз тегмасин, байрамлар байрамларга улансин. Ҳар бир хонадонда тўю томоша, яхши кунлар кўп бўлсин...
Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамбли санъаткорлари ижро этган куй-қўшиқлар тадбирга янада файз бағишлади.


Шавкат ОРТИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn