АКТ ва тараққиёт
  • 17 Сентябрь 2015

АКТ ва тараққиёт

Аввал хабар қилганимиздек, “ICTWEEK Uzbekistan — 2015” ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиалида “ICTExpo — 2015” халқаро кўргазмаси қизғин давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмада мамлакатимизда мазкур соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилиб, қатор истиқболли лойиҳалар тақдимотлари, танлов ва мусобақалар ўтказилаяпти.
Кўргазмада Самарқанд ва қўшни вилоятларда фаолият юритаётган компаниялар, идора ҳамда муассасаларнинг юқори техноло-гияли маҳсулот ва хизматлари намойиш этилаётир. Жумладан, симли ва симсиз телекоммуникация технологиялари, компьютер техникаси, дастурий таъминот, ахборотни ҳимоя қилиш тизими каби қатор йўналишлар тадбирга ташриф буюрганларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Қайд этиш керакки, Самарқанд вилоятида “электрон ҳукумат”, Ягона интерактив давлат хизматлари ва электрон ҳужжат айланиш тизимлари ҳам тез суръатларда ривожланмоқда. Масалан, вилоят ҳокимлиги томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 14 дан ортиқ хизматлар онлайн тарзда кўрсатиб келинаяпти. Солиқ ва статистик ҳисоботлар тўлиқ электрон шаклда топширилаётир.
Кеча мазкур ҳафталик доирасида Самарқанд шаҳрида “Ахборот-коммуникация технологиялари ва туризм” мавзуида конференция ҳам бўлиб ўтди.


Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn