Ахборот-коммуникация технологиялари: Янгиликлар, ютуқлар ва илғор ишланмалар намойиши
  • 16 Сентябрь 2015

Ахборот-коммуникация технологиялари: Янгиликлар, ютуқлар ва илғор ишланмалар намойиши

Кеча Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “ICTExpo — 2015” халқаро кўргазмалари иш бошлади.

Юртимизда давом этаётган “ICTWEEK UZBEKISTAN — 2015” ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда илғор ахборот технологияларини қўллаш жамиятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим шарти эканини таъкидлади. Республикамизда ушбу йўналишда катта ютуқларга эришилмоқда. Президентимиз томонидан асосий тамойиллари белгилаб берилган ахборотлаштиришни ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсати Ўзбекистонни жаҳон ахборот маконига интеграциялаштиришга қаратилган. Давлатимиз раҳбарининг
2013 йил 27 июндаги тегишли қарори билан 2013 — 2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантиришнинг комплекс дастури қабул қилиниши ахборот ресурслари, тизим ва тармоқларини жадал юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир.
Анъанавий “ICTExpo” ахборот технологиялари кўргазмаси Марказий Осиё минтақасидаги муҳим ва нуфузли кўргазма майдонларидан биридир. Ташкилотчиларнинг изоҳлашича, бир пайтнинг ўзида иккита шаҳарда шундай тадбирнинг ўтказилишидан кўзланган асосий мақсад ахборот технологияларини ҳаётимизга жорий этишнинг ҳудудий даражаси қанчалик юксалиб бораётганини кенг намойиш қилишдир. Ташриф буюрувчилар бу ерда йўлга қўйилган видеокўприк орқали реал вақт режимида ҳар икки анжуман фаолияти билан яқиндан танишишлари, иштирокчилар томонидан тақдим этилаётган илғор технологиялар ва замонавий хизмат турлари, АКТ соҳасидаги энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлишлари мумкин.
“ICTExpo — 2015”да мамлакатимиз компаниялари билан бир қаторда, Жанубий Корея, Хитой, Япония, Германия ва бошқа давлатларнинг телекоммуникация ускуналари, компьютер технологиялари ҳамда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилари, коммуникация хизматлари кўрсатувчи провайдерлари ҳам қатнашаяпти.
Халқаро кўргазмаларда намойиш қилинаётган маҳсулотлар билан яқиндан танишган киши кейинги йилларда юртимиз ва дунё ахборот-коммуникация технологиялари бозори жадал суръатларда тараққий этаётганига яна бир бор ишонч ҳосил қилади. Зеро, бугун интернет, компьютерлар, мобиль алоқа воситалари кундалик фаолиятимизга шу қадар чуқур кириб бормоқдаки, улардаги ҳар қандай ўзгариш ёки изланиш маҳсули эътибордан четда қолмаяпти.
Тадбирлар асносида айни шу жиҳатлар инобатга олиниб, ташриф буюрувчилар учун турли семинарлар, маҳорат сабоқлари ва тақдимотлар ташкил этилиши режалаштирилгани бу борадаги халқаро тажриба, хусусан, жаҳондаги етакчи ишлаб чиқарувчиларнинг илғор ишланмалари ҳамда hi-tech янгиликлари хусусида батафсил маълумотга эга бўлиш имкониятини яратади.
Бу галги кўргазмаларнинг ўзига хос янгилиги — барча иштирокчи компаниялар ўз маҳсулотларини таништиришда турли акциялар ва имтиёзларга алоҳида урғу бераётганидир. Масалан, мамлакатимизнинг миллий мобиль алоқа оператори — “UZMOBILE” жорий йилдан Тошкент шаҳри ва вилоятида GSM тармоғини ишга туширди. Бу оператор томонидан жисмоний шахслар ҳамда корпоратив мижозлар учун мўлжалланган қулай ва арзон тариф режалари ишлаб чиқилган. Абонентлар овозли ҳамда тезлиги сониясига 21 мегабитгача етадиган маълумотлар узатиш хизматларидан фойдаланиши мумкин.
Кўргазманинг ўзида GSM тармоғига уланувчилар учун барча шарт-шароит яратиб берилган бўлиб, фойдаланувчилар турли ўйинлар ёрдамида катта ҳажмдаги бепул интернет пакетларини ютиб олишаяпти.
Кейинги пайтларда юртимизда интернет-телевидение ҳам изчил тараққий этмоқда. Буни “ICTExpo — 2015”да қатнашаётган шу йўналишдаги компанияларнинг кўплигидан ҳам билиш мумкин.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn