Атроф-муҳит мусаффолиги соғлом турмуш гаровидир
  • 16 Сентябрь 2015

Атроф-муҳит мусаффолиги соғлом турмуш гаровидир

Атроф-муҳитни асраб-авайлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ҳаёт манбаи бўлмиш биохилмахилликни сақлаш, тиклаш ва кўпайтириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Чунки инсониятнинг узоқ йиллар давомида табиатга хўжасизларча муносабатда бўлиши қатор экологик муаммоларни келтириб чиқарди.

Озон қатламининг емирилиши шулардан биридир.
Аслида бу борадаги фикрлар ўтган асрнинг охирларида пайдо бўлган. Муаммонинг олдини олиш мақсадида 1985 йилнинг 22 мартида БМТ томонидан Вена конвенцияси қабул қилиниб, икки йилдан сўнг Монреаль протоколи имзоланиши жаҳон миқёсида ушбу йўналишдаги ишларга оммавий тарзда киришишга замин яратди. Сабаби, бу билан мазкур Конвенцияни имзолаган ва ратификация қилган давлатлар озон қатламининг ҳолатини баҳолаш ва илмий тадқиқотлар ўтказиш, маълумот алмашиш ҳамда озон қатламига жиддий хавф солувчи фаолиятни тўхтатишга оид қатъий чоралар кўриш юзасидан ҳамкорлик қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган эди.
— Экологик муаммоларни ҳамжиҳатликда ҳал этиш келажак авлоднинг соғлом ва фаровон турмуш кечириши учун мақбул шарт-шароитлар яратиш демакдир, — дейди Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бош бошқармаси бош мутахассиси Умиджон Абдужалилов. — Шу боис кейинчалик мазкур протоколга озон қатламини емирувчи моддалар рўйхатини, уларни ишлаб чиқариш ва фойдаланишни тўхтатиш муддатларини белгилаш ҳамда экспорт-импорт амалиётларини чеклаш бўйича тўрт маротаба ўзгартиш киритилди. Жорий йилда эса ушбу сана кўп томонлама халқаро битим — Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги доирасида ўтказилмоқда.
Экспертлар фикрича, озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишнинг глобал миқёсда босқичма-босқич тўхтатилиши туфайли ушбу қатлам қайта тикланмоқда.
Бугунги кунда Вена конвенцияси ҳамда Монреаль протоколига 197 мамлакат, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам аъзо. Юртимиз 1993 йилда Вена конвенцияси ҳамда Монреаль протоколини ратификация қилган бўлса, ўтган даврда ушбу халқаро ҳужжатлар ижросини босқичма-босқич бажариб келмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг “Озонни бузувчи моддаларни ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришни ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишни тартибга солишни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига биноан, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Глобал экологик жамғармаси билан ҳамкорликда “Иқтисодий ўтиш давридаги мамлакатларда ГХФУ (гидрохлорфторуглеродлар)дан фойдаланишни жадал қисқартириш” лойиҳаси амалга оширилаётгани бунинг тасдиғидир. 
2013 — 2016 йилларга мўлжалланган мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда Монреаль протоколида назарда тутилган мажбуриятларни бажаришга кўмаклашиш ҳамда шундай моддалар қўлланилган жиҳозларни импорт қилиш устидан назорат ўрнатиш, шунингдек, ушбу йўналишдаги ишларни тартибга солиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳисобланади. 2013 — 2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастурига киритилган мазкур лойиҳа икки йўналишда амалга оширилмоқда. Яъни биринчисида бошқа мамлакатлар билан ўзаро тажриба алмашиш қўллаб-қувватланаётган бўлса, иккинчи босқичда давлат ва хусусий сектор вакилларининг ГХФУга қарамлигини аста-секинлик билан камайтириш кўзда тутилган.
Қувонарлиси, бу борадаги ишлар самараси амалда намоён бўлмоқда. Яъни ҳозирги кунда республикамиздаги саноат корхоналарида экологик талабларга қатъий амал қилиниши натижасида 99,95 фоиз озон қатламини емирувчи моддалар муомаладан чиқарилгани ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.
Мухтасар айтганда, бугунги кунда юртимизда табиатни асраш, унинг бойликларидан унумли фойдаланиш ва келажак авлодга етказиш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган ишлар кўлами тобора кенгаймоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, табиатни авайлаш барчамизнинг бурчимиздир.

Дилшод ЖУМАБОЕВ.





Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn