Фарзандлар камоли — юрт истиқболи
  • 16 Сентябрь 2015

Фарзандлар камоли — юрт истиқболи

Пойтахтимизда “Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг иштироки” мавзуида анжуман ўтказилди. Унда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди.

Хусусан, 1991 йилнинг ноябрь ойида “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, бу борадаги ташкилий-ҳуқуқий асослар тўла шакллантирилди.
Бугун юртимизда ёшларни баркамол авлод сифатида тарбиялашда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлик қилиб келмоқда. Касаба уюшмалари томонидан давлат идоралари билан биргаликда ўқувчи ва талабалар, корхона, ташкилот ҳамда муассасаларда меҳнат қилаётган ёш мутахассислар манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани мисолида буни яққол кўриш мумкин. Уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган Бош келишувга, тармоқ ва ҳудудий келишувлар ҳамда корхоналарда имзоланаётган жамоа шартномаларига ёшлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар бўлими киритилди. Ҳозир шу асосда ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига меҳнат муносабатлари соҳасида қўшимча имтиёзлар берилмоқда.
Ушбу имтиёз ва кафолатлардан ёшларнинг фойдаланиши бўйича доимий мониторинг олиб борилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида жамоа шартномалари орқали 1774 та ёш оилага мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар хариди, уй-жой қурилиши учун 33 миллиард 1,9 миллион сўм миқдоридаги фоизсиз ссуда ажратилган. Айни чоғда 755 та корхонада 7129 нафар ёш ходим  бошқа касбга ўргатилиб, малакаси оширилди. Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 1217 нафар талабанинг тўлов-контракт пулини қисман қоплаш учун 3 миллиард 166 миллион сўм сарфланди.
Анжуманда ёшлар бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар хусусида ҳам сўз юритилди. Масалан, ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлганларга ишонч телефонлари ва ҳуқуқий маслаҳатхоналар орқали бепул йўл-йўриқ берилмоқда. Ҳудудий касаба уюшмаларининг веб-сайтларида вакант иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш йўлга қўйилган. Айни чоғда жойларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамкорлигида аҳолига сервиc ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилиб, ёшлар учун 192 та иш ўрни яратилди.
Шуларга мос равишда эртамиз эгаларининг инновацион ғоя ва ишланмаларини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги қарори ижроси доирасида Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Ёш мутахассислар” республика форуми ўтказилаяпти.
Тадбирда ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уюштирилаётган турли акция ва спорт мусобақалари ҳақида ҳам сўз юритилди. Масалан, ҳар йили “Касаба уюшмалари — болаларга” акцияси доирасида кўплаб тадбирлар уюштирилмоқда.
Меҳнат жамоалари, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида “Касаба тур” веломарафони, “Спорт — саломатлик гарови” спартакиадаси, “Соғлом оила” республика оилавий спорт мусобақалари ҳамда минифутбол бўйича Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси кубогини ўтказиш ҳам анъанага айланди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn