Болалар учун китоб байрами
  • 16 Сентябрь 2015

Болалар учун китоб байрами

Шу йилнинг 17 — 19 сентябрь кунлари мамлакатимизда “Соғлом ва маънавий етук авлод — юрт келажаги!” шиори остида “Болалар китоби” иккинчи республика фестивали бўлиб ўтади. Кеча пойтахтимизда мазкур тадбир олдидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ўтказилган тадбирда жамоат ташкилотлари вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, маънавият тарғиботчилари, ноширлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Таъкидланганидек, юртимизда Президентимиз раҳнамолигида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш, хусусан, уларнинг маънавиятини юксалтириш, китоб мутолаасига бўлган меҳрини ошириш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Нашриётлар, босмахоналар моддий-техник базаси мустаҳкамланиши, ахборот-ресурс марказларининг ташкил этилиши ўқувчиларга сифатли босма маҳсулотларини етказиб беришга хизмат қилаётир.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказиладиган “Болалар китоби” фестивалидан кўзланган асосий мақсад мустақиллик йилларида адабиёт, маданият ва ноширлик соҳаларида қўлга киритилган ютуқ ва марраларни жамоатчиликка етказиш, шу орқали, айниқса, ёшларда мутолаа маданиятини янада юксалтириш, ўғил-қизларни миллий истиқлол ғояларига садоқат, она-Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга қаратилган.
Китоб байрамида юртимизда фаолият юритаётган олтмишдан зиёд нашриёт ва матбаа корхоналари ўз маҳсулотларини ўқувчилар эътиборига ҳавола этади. Шу билан бир қаторда, нашриётларнинг икки юз номдаги янги китоблари тақдимотлари, ижодкорлар билан учрашувлар ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Тадбир доирасида “Энг яхши китобхон”, “Китобхон оила”, “Менинг биринчи китобим”, “Атроф олам муҳофазаси — саломатлик гарови”, “Мўъжиза эмасдир фалакда офтоб, мўъжиза аслида беминнат китоб” каби мавзуларда интеллектуал ўйин ва викториналар, “Китоб ўқишни ёқтирасизми?” мавзуида ижтимоий сўровнома ўтказилади.
Матбуот анжуманида алоҳида айтиб ўтилганидек, бу тадбир болажонлар ва уларнинг ота-оналари учун бир олам таассуротлар тақдим этади.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn