Қарши: Бугуни обод, эртаси нурафшон
  • 15 Сентябрь 2015

Қарши: Бугуни обод, эртаси нурафшон

Президентимиз жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида шу йили Қашқадарё вилоятига қилган ташрифи чоғида Қарши шаҳридаги бунёдкорлик ишларини юқори баҳолаб, бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини, тавсияларини билдирди, янги вазифаларни белгилаб берди.

Хусусан, “Ҳар бир шаҳарнинг бош режаси устида ишлаганда, бино ва йўллар қураётганда беш-ўн йилни эмас, балки узоқ истиқболни ўйлаб иш юритиш лозим. Улар ҳар томонлама мукаммал манзара ҳосил қилсин, шу билан бирга, пишиқ ва мустаҳкам бўлсин, нафақат бугунги, балки келажак авлодларимизга ҳам хизмат қилсин”, деди давлатимиз раҳбари.
Дарҳақиқат, икки минг етти юз йиллик тарихга эга бу кўҳна кентни кўпинча саҳро жавоҳирига менгзашади. Негаки, шаҳарни бир пайтлар одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган яйдоқ чўлу биёбон ўрнида барпо бўлган, дейишади. Бироқ бугун ушбу гапга биров ишониши қийин. Қаршининг бугунги жамолини кўрган, кундан-кунга ороланиб бораётган обод манзилларида бўлган киши бу ҳақда ҳатто ўйлаб ҳам ўтирмайди. Шаҳар марказидаги Мустақиллик майдонидан ўтиб борарканмиз, ҳамроҳимиз, Ўзбекистон Қаҳрамони, фермер Абдимурод Бозоров ҳам айни дилдаги гапларни айтади:
— Деҳқоннинг умри далада ўтади, дейишади. Бир пайтлар шундай бўлгандир, лекин ҳозир эмас! Юртимизда бугун инсон қадри улуғ. Ҳамма нарса инсон учун, унинг манфаатига қаратилган. Астойдил меҳнат қилган одам ҳордиқ ҳам чиқаради, роҳатини ҳам кўради. Қўлим ишдан бўшади дегунча, набираларни машинага ўтқазаману Қарши зиёратига олиб келаман. Она шаҳримиз кўчаларини, ям-яшил боғу хиёбонларини эринмай, бирма-бир кезиб чиқамиз. Биласизми, нега? Чунки биз бунёдкор халқмиз. Қайдаки бунёдкорликни, ободликни кўрсак, бир олам завқ оламиз. Қолаверса, Қарши шаҳрининг қиёфаси жуда тез ўзгариб, янгиланиб бораяптики, баҳорда келган бўлсангиз, кузгача қилинган кенг кўламли ишлардан ҳайратга тушишингиз, шубҳасиз...
Шу тобда беихтиёр муаззам майдоннинг бир пайтлардаги кўримсиз аҳволи кўз олдимизда гавдалангандек бўлади. Мана бу биллур фавворанинг жойи қандай эди, яшил бахмалдек ястаниб ётган анави майсазор саҳннинг ўрнида нима бўлганди, деб турганимизда, суҳбатдошимиз тасаввурларимизга анчайин ойдинлик киритади:
— Эслайсизми, ўша кезларда шу жойлар, асосан, бетон ва асфальтдан иборат эди. Бунақа сўлим, кўкаламзор майдонлар ташкил қилиш ҳақида, ҳатто, ўйлаб ҳам бўлмасди. Ёзнинг жазирама иссиғида соя-салқин йўқлигидан ўзингни қўярга жой топа олмасдинг. Кўчаю хиёбонларни обиҳаёт билан таъминлайдиган мўъжаз суғориш иншоотлари йўқ. Мана бунақа “рақс тушадиган” фавворалар ҳақида эса тасаввур қилишнинг ўзи қийин эди...
Мустақилликнинг ҳар бир куни ҳаётимизга ўзгача файзу тароват олиб кирмоқда. Эндиликда оддий воқеликка айланаётган бундай ўзгаришлар шаҳару қишлоқларимиз янада обод, турмушимиз бундан-да фаровон бўлишига мустаҳкам замин яратаётир. Ҳар қадамда бунёдкорлик, ҳар бир кишининг кўнглида юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси жўш урган. 
Бундай асрий янгиланишлар Қаршига ҳам кўркамлик бағишлаётир. Президентимизнинг 2013 йил 25 июлдаги “Қарши шаҳрининг йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш ва қурилишининг истиқболли режаси дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим ўрин тутмоқда.
Мазкур ҳужжат асосида шаҳарнинг юрагига айланган Мустақиллик майдони тубдан реконструкция қилинди. Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида янги амфитеатр бунёд этилди, замонавий аттракционлар ишга туширилди. Ноёб ҳамда ўзига хос ландшафт дизайни асосида бетакрор жозиба касб этган бундай замонавий боғ, айтиш мумкинки, дунёнинг камдан-кам жойларида учрайди.
— Болалигимизда ёши улуғларимиз ранги рўйи сўлғинроқ одамга рўбарў келишса, “Жўра, нима бўлди, Қаршининг офтобида куйдингизми?” деб мутойиба қилишарди, — дея эслайди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Январ Иноятов. — Гап шундаки, юртимизнинг қуёш нақ тиккадан урадиган нуқтасида жойлашган, яна денг, чор-атрофга нуқул тош-бетон ётқизилган шаҳримизда ўша кезлари ёзнинг жазирама кунларида ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб кетарди. Кўчаларда юриб бўлмай қоларди. Ўзи шундоқ ҳам бармоқ билан саналадиган даражада кам бўлган сайёҳлар-ку, бундай пайтда сафар манзилларини ўзгартиришарди. Энди-чи? Ён-атрофи сўлим боғ-роғлару соя-салқин жойлардан иборат шаҳар — жоннинг роҳати. Қувонарлиси, бундай бунёдкорлик ҳаракатлари ҳудудимизнинг ҳар бир нуқтасида қизғин давом эттирилаяпти. Ҳозир янги қурилган ва реконструкция қилинган маданий-маърифий масканлар, спорт иншоотлари, тарихий ёдгорликлар ён-атрофи, истироҳат боғлари, маҳаллалар, таълим-тарбия муассасалари, корхона ҳамда ташкилотлар ҳудудлари, марказий шоҳкўчалар ёқалари гулзорга айлантирилаяпти. Четдан келтирилган ноёб ва маҳаллий иқлим шароитимизга мос манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда. Ҳар тарафга гулу райҳонларнинг ёқимли бўйи таралаяпти.
Кези келганда, вилоятнинг “олтин дарвозаси” — Қарши темир йўл вокзали ҳам капитал таъмирдан чиқарилгач, ўзгача маҳобат ва салобат касб этганини айтмасак бўлмас. Пойтахтдаги “Меъмор” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан бу ерда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, манзарали дарахтлардан иборат сўлим боғ ҳамда гулзор ташкил қилинди. Айни пайтда қурилиши жадал давом этаётган гипермаркет, ҳадемай, вилоят маркази кўркига кўрк қўшувчи йирик ва замонавий савдо мажмуасига айланади. Бу ерда болалар майдончаси, кино зали, тўйхона ва меҳмонхона ҳам иш бошлайди.
Автомобилларнинг ҳаддан ташқари тирбандлиги нафақат аҳоли кайфиятига, балки атроф-муҳит мусаффолигига ҳам салбий таъсир кўрсатиб, экологик муаммоларни юзага келтириши барчамизга яхши аён. Шаҳарни қайта қуриш юзасидан қабул қилинган махсус дастурда ушбу масала ечимига ҳам эътибор қаратилган. Шу мақсадда Қарши ҳудуди ҳамда атрофидан ўтувчи йўлларни кенгайтириш, кўча ёқаларини кўкаламзорлаштириш ишлари муттасил давом эттирилмоқда. Жумладан, ҳудудни айланиб ўтувчи 56 километрлик ҳалқа йўли барпо қилинаяпти. Ушбу йирик йўл инфратузилмаси фойдаланишга топширилиши билан шаҳардан ўтувчи транспорт қатнови 50 фоиз қисқаради. Бундан ташқари, унинг темир йўл ва дарёлар билан кесишадиган нуқталарида 6 та замонавий йўл ўтказгич ҳамда кўприк қурилаяпти. Бу шаҳар ҳавоси мусаффолигини ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
— Албатта, бундай равон йўл ва маҳобатли кўприкларнинг ўрни беқиёс, — дейди бош пудратчи, Шўртан газ-кимё мажмуасининг Кўприк-йўл қурилиш бошқармаси бош муҳандиси Қаюм Рустамов. — У шаҳримиз аҳли ва меҳмонларининг узоғини яқин, мушкулини осон қилади. Минглаб манзилларга ободлик ҳамда тараққиёт олиб киради. Шу боис қурилиш жараёнида унинг мустаҳкам бўлишига алоҳида эътибор қаратаяпмиз.
Фақат бугина эмас. Кейинги йилларда Насаф, Ўзбекистон ва Амир Темур шоҳкўчалари кенгайтирилиб, уларнинг ўтказувчанлик қуввати ошди. Ён-атрофи турли ноёб гул ва дарахт кўчатлари билан сайқал топди. Тунги ёритқичлар билан нурафшон бўлди. Вилоят марказини электр энергияси, алоқа, табиий газ ҳамда ичимлик суви билан таъминловчи коммуникация иншоотлари янгиланди.
Қарши — мафтункор обидалар маскани. Бу ердаги ўрта асрларга доир илм-фан, маданият ривожидан дарак берувчи кўплаб тарихий ёдгорликлар, маданий мерос дурдоналари, археологик объектлар аждодларимиз турмуш тарзини акс эттирувчи бебаҳо кўзгудир, десак, янглишмаймиз. Халқ орасида Хўжаи Жарроҳ номи билан машҳур бўлган Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ архитектура мажмуасини олинг. Неча-неча улуғлар қадами етган ана шу мўътабар маскан собиқ тузум даврида харобага айланган эди. Истиқлол берган имкониятлар туфайли бу ерда кенг кўламли реконструкция ишлари олиб борилди. Мақбара, айвон, минора ва бошқа ёрдамчи бинолар таъмирланди. Мафтункор меъморий ансамбль қўр тўккан майдон 5,5 гектарга кенгайтирилди. Бинобарин, шаҳардаги Одина, Кўкгумбаз, Қашқадарё кўприги, Қарши туманидаги Имом Мўъийн ан-Насафий ва Хўжа Шамсиддин Ҳалвоний зиёратгоҳлари ҳам ана шундай эътибор туфайли, таъбир жоиз бўлса, иккинчи умрини бошлади.
Чиндан ҳам, бугун Қаршининг қай бир манзилига борманг, қай бир маҳалласига қадам қўйманг, бирор бир хушхабарни эшитиб, кўнглингиз қувончга тўлиши тайин. Бу тўйлар тўйларга, байрамлар байрамларга уланаётган заминимиздаги тинчлик-осойишталик, фаровонлик белгисидир. Энг муҳими, ана шундай ўзгариш ва янгиланишлар ҳудудда истиқомат қилаётган бағрикенг, жонкуяр, ташаббускор ва миришкор инсонлар қалбидаги ғайрат-шижоат, кўтаринки кайфият билан уйғунлик касб этмоқда.
Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn