Энг намунали маҳаллалар аниқланди
  • 15 Сентябрь 2015

Энг намунали маҳаллалар аниқланди

Жиззахда “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” шиори остида “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” танловининг республика босқичи ўтказилди.

Ушбу тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри босқичларида ғолибликни қўлга киритган 14 та фуқаролар йиғини жамоаси аъзолари иштирок этди.
Таъкидланганидек, истиқлолнинг илк йиллариданоқ Президентимиз раҳнамолигида маҳалла институти нуфузини ошириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, ислоҳотлар жараёнидаги фаол иштирокини янада кучайтириш масаласига устувор аҳамият қаратилаётгани бугун ўз самарасини бермоқда. Хусусан, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институти — маҳалла фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштириш, унинг вазифалари кўламини кенгайтириш ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган долзарб вазифалар белгиланган бўлиб, ана шу асосда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари янги таҳрирда ҳаётга татбиқ этилди. Эътиборлиси, ҳозирги пайтда ушбу қонун ҳужжатлари маҳаллаларни тадбиркорликни ривожлантириш марказларига айлантириш, фуқаролар йиғинларидаги жамоатчилик комиссиялари ишини такомиллаштириш ҳамда аҳоли манфаатларини ҳимоялашда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари тинч ва осуда ҳаётимизни сақлаш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, ёшларни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш сингари эзгу ишларга бош-қош бўлиб келишмоқда. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва ҳамкор ташкилотлар томонидан ушбу ноёб тузилманинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида ҳаётга татбиқ этилаётган комплекс чора-тадбирлар туфайли мазкур институт нуфузи ошиб, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда фаол иштирок этиб келмоқда.
Ҳар йили “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ташаббуси билан тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” танлови фуқаролар йиғинлари фаолиятини такомиллаштириш, тизим фаоллари билим ва малакасини ошириш, илғор иш тажрибаларни кенг оммалаштиришда муҳим роль ўйнамоқда. Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган танловнинг республика босқичи ҳам шу эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан бирга, тизим ходимларининг 30 дан зиёд вазифаларга доир билимларини мустаҳкамлашда айни муддао бўлди, ўзига хос тажриба мактаби вазифасини ўтади.
Тадбирда алоҳида эътироф этилганидек, бугунги кунда юртимиздаги 10 мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида 36 мингдан ортиқ тизим ходимлари фаолият кўрсатмоқда ва улар томонидан маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни она-Ватанга ва истиқлол ғоясига садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашига ёрдам бериш, оилавий низоларнинг олдини олиш, урф-одат ва маросимларни ихчам ва тартибли ўтказиш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Шу йилнинг  биринчи ярмида фуқаролар йиғинлари томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 50 мингдан зиёд маънавий-маърифий кечалар, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган 40 мингга яқин тадбирлар ўтказилгани ҳам шундан далолатдир.
Айни чоғда фуқаролар йиғинларининг ҳудудлардаги нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ижтимоий шериклик муносабатлари тобора ривожланмоқда. Жумладан, “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлик механизмини кучайтириш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар доирасида жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллаларда 58 мингдан ортиқ тадбирлар ташкил этилди. Маҳаллаларда истиқомат қилаётган ота-оналарнинг ёш авлодни тарбиялаш бўйича ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ва физиологик билимларини оширишга кўмаклашиш мақсадида 9100 га яқин фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари қошида ташкил этилган “Ота-оналар университетлари” томонидан 56 мингдан зиёд турли тадбирлар уюштирилди. Маҳалла фаоллари томонидан 1,4 миллиондан зиёд оиланинг маънавий ҳолати ўрганилди ва пировардида 32 мингга яқинидаги низоларга барҳам берилди.
“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида 1200 нафарга яқин ёлғиз ва ижтимоий муҳтож кексаларнинг уй-жойлари таъмирланишига кўмаклашилган. Нуронийларимиз иштирокида “Кексаси бор хонадон — файзли хонадон” ва “Кексалар дуосини олайлик” мавзуларидаги маънавий кечаларга 12 минг нафардан зиёд ёлғиз ва ижтимоий ёрдамга муҳтож кексалар қамраб олинди ва шулардан 513 нафарига мебель жиҳозлари, 3700 нафарига уй-рўзғор буюмлари, 8 минг нафардан ортиғига кийим-кечак маҳсулотлари берилди. “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида 23 минг нафарга яқин уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, ёлғиз ва ногиронлар учун Бухоро, Самарқанд, Хива, Тошкент ва Қўқон шаҳарларига саёҳатлар ташкил этилди.
— Танловнинг республика босқичи иштирокчилари илғор маҳаллалар фаолияти билан бевосита танишиш, уларнинг шу ҳудудда жойлашган корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорлиги қанчалик самара бераётганини ўрганиш ва ўзаро тажриба алмашиш имконига эга бўлишди, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Долли Аллаев. — Бу, ўз навбатида, юртимизнинг барча ҳудудидаги маҳаллалар фаолиятини янада кучайтиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Шу ўринда танловнинг май — июнь ойларида ўтказилган туман ва шаҳар босқичларида 9800 та, Қорқалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичларида эса 193 та фуқаролар йиғини қатнашганини айтиб ўтиш зарур.
Кўрик-танловда ҳудудий босқичларда биринчи ўринга сазовор бўлган 14 та фуқаролар йиғини жамоалари 3 та шарт бўйича ўзаро баҳс олиб борди. Аввало, иштирокчиларнинг ҳудудларда амалга ошираётган ишлари, эришган ютуқлари замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тақдим этилди. Бунда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижроси доирасида эришилган натижалар, асосий фаолият йўналишлари бўйича жамоатчилик комиссиялари, йиғинлардаги тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича маслаҳат марказлари, “Ота-оналар университетлари” фаолияти, “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги доирасидаги ютуқларга алоҳида эътибор қаратилди. Уларнинг жойларда маънавий муҳитни қарор топтириш, маърифий ишларни ташкил этиш, ёшларни баркамол этиб тарбиялаш, миллий урф-одат ва қадриятларни сақлаш, тўй-маъракаларни ихчам ҳамда тартибли ўтказиш, кексаларни эъзозлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасидаги фаолияти ҳам синчковлик билан ўрганилди.
Кейинги шартда иштирокчиларнинг соҳага тегишли қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятига оид билимлари синовдан ўтказилди. Янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан келиб чиққан ҳолда берган жавоблари адолат тамойили асосида баҳоланди. Учинчи шартда эса уларнинг кундалик иш фаолиятида учрайдиган саволларга берган жавоблари ҳамда дунёқараши ва ҳозиржавоблиги  текшириб кўрилди.
Якунда ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Сирдарё вилояти Гулистон туманидаги “Юлдуз” маҳалла фуқаролар йиғини биринчи ўринга лойиқ, деб топилди.
— Ҳудудимизда истиқлол йилларида кўплаб ибратли ишлар амалга оширилиб, муайян ютуқларга эришилди, — дейди мазкур маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жонобил Юсубалиев. —  2400 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган маҳалламизда 10 дан зиёд иссиқхона, 2 та тикувчилик цехи, 3 та паррандачилик корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Ўз навбатида, маҳалла аҳолисини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Масалан, жорий йил охиригача аҳолини ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилашга қаратилган қарийб 600 минг АҚШ долларига тенг лойиҳани рўёбга чиқариш ҳаракатидамиз. Танлов ҳақида гапирадиган бўлсак, биз ғолиб бўлиш билан бирга, бу ерда келгуси фаолиятимизда қўл келадиган илғор тажрибаларни ўргандик. Шу маънода, мазкур кўрикнинг аҳамияти беқиёс, десак, айни ҳақиқатдир.
Кейинги ўринларни Жиззах шаҳридаги “Қипчоқ” ҳамда Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги “Қоровултепа” маҳалла фуқаролар йиғинлари банд этди. Бир неча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Уларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Танлов иштирокчилари Жиззах вилоятидаги намунали маҳаллалар, йирик саноат корхоналари, шунингдек, жойларда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов сўзга чиқди.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn