Замонавий ахборот технологиялари интеллектуал салоҳиятни ривожлантиришда алоҳида аҳамиятга эга
  • 15 Сентябрь 2015

Замонавий ахборот технологиялари интеллектуал салоҳиятни ривожлантиришда алоҳида аҳамиятга эга

Мамлакатимизда “ICTWEEK Uzbekistan — 2015” анъанавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги бошланди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ахборот технологиялари корхона ва ташкилотлари уюшмаси томонидан ўтказилмоқда.
Шу муносабат билан пойтахтимизда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун уюштирилган анжуманда мазкур ҳафталикнинг аҳамияти ва унинг доирасида ташкил этилиши режалаштирилаётган тадбирлар хусусида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, юртимизда истиқлол йилларида ахборот-коммуникация соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунда уни тараққий эттиришга хизмат қилувчи ҳуқуқий-меъёрий асослар яратилгани муҳим ўрин тутмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг 2012  йил 21 мартдаги “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида келгусида республикамизда мазкур соҳани ривожлантириш борасидаги устувор вазифалар белгилаб берилган. Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ҳафталик эса юртимиз ахборот-коммуникация тизими ютуқларини кенг намойиш этиш имкониятини яратмоқда. Унинг доирасида соҳани такомиллаштиришга хизмат қилувчи бир қатор тадбирлар уюштирилиши мўлжаллангани ушбу нуфузли анжуманга қизиқувчилар сафини кенгайтираяпти. 
18 сентябргача давом этадиган ҳафталик доирасидан ўндан ортиқ тадбирлар ўрин олган. Уларда 20 дан зиёд мамлакатдан ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси ишлаб чиқарувчилари ва экспертларнинг иштирок этиши кутилаётир. “ICTExpo — 2015” ахборот технологиялари кўргазмаси, АКТ бўйича миллий форум, халқаро саммит, “Best Soft Challenge” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими, киберфутбол бўйича “Uzbekistan Cyber Games FIFA-15” Ўзбекистон кубоги беллашувлари, қатор мавзулардаги семинарлар шулар жумласидандир. Яна бир янгилик шундаки, жорий йилда илк бор “Gadget Fair” деб номланган телефон, смартфон ва планшетлар кўргазмаси ҳам ташкил этилади.
Ҳафталик ана шундай қизғин ва янгиликларга бой тарзда ўтиши кутилмоқда. Зеро, анжуман мобайнида юртдошларимиз мазкур соҳадаги энг сўнгги янгиликлардан биринчилар қаторида хабардор бўлиш баробарида, унинг фаол иштирокчисига ҳам айланишади.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn