Дўстлик фестивали
  • 15 Сентябрь 2015

Дўстлик фестивали

Она Ватан — инсон учун энг азиз гўша. Унинг равнақи, буюк келажаги учун хизмат қилиш эса олий саодатдир.

Бугун мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида ёшларимизнинг замонавий билимларни пухта эгаллашини таъминлаш билан бирга, уларнинг онги ва қалбида туғилиб ўсган юртига чексиз муҳаббат ҳамда садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлашдек эзгу ғоя ҳам мужассамдир.
Мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан “Нима қилдик Ватан учун?” ҳамда “Биз, ёшлар гиёҳвандлик ва терроризмга қаршимиз!” шиорлари остида ташкил этилган ёшлар фестивали навқирон авлод вакилларининг юртимиз истиқболи йўлида илм-фан, маданият, адабиёт, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда қўлга киритаётган улкан ютуқ ва марраларини яна бир карра намоён этди. Албатта, буларнинг барчаси Ўзбекистонимизда ёшларнинг баркамол бўлиб вояга етиши, истеъдодини рўёбга чиқариши учун яратилаётган беқиёс шарт-шароитларнинг ёрқин самарасидир.
Фестивалнинг республика босқичи Термиз шаҳрида ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маданият ва санъат соҳаси мутахассислари, ёзувчи ва шоирлар, маънавият тарғиботчилари, педагоглар, фаол ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ташкил этилган мазкур фестиваль Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Унинг доирасида қатор маданий-маърифий муассасалар, Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари ҳамда таълим муассасаларида таниқли ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, ёшлар иштирокида суҳбатлар, ижодий учрашув ҳамда концерт дастурлари намойиш қилинди. Шунингдек, ёшларга терроризм, экстремизм, гиёҳвандлик, “оммавий маданият” каби иллатларнинг зарарли оқибатлари ҳақида батафсил тушунчалар берилди.
Термиз шаҳридаги муҳташам амфитеатрда ўтказилган фестивалнинг якуний босқичида санъат усталари томонидан гала-концерт намойиш этилди.

Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn