Фидойилик, ватанпарварлик ва садоқат эътирофи
  • 11 Сентябрь 2015

Фидойилик, ватанпарварлик ва садоқат эътирофи

Тинчлик-осойишталик, хотиржамлик ҳукм сурган жойда эзгу ишлар ҳамиша бардавомдир. Халқимиз бу ҳаётий ҳақиқатни истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида барча соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, олижаноблик ва меҳр-оқибат каби инсоний туйғулар ҳар қачонгидан юксак чўққиларга кўтарилиб, осмонимиз мусаффолигини асраб-авайлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш йўлидаги беқиёс саъй-ҳаракатлар мисолида янада теранроқ англаб етмоқда.

Таъкидлаш жоизки, “ўзбек модели” деб ном олган мустақил тараққиёт йўлимиз асосида эришаётган ютуқларимизда бугунги замон талаблари асосида шакллантирилган Қуролли Кучларимизнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Чунки армиямиз юртимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолатидир. Ўтган давр мобайнида армияни қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, қўшинларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш баробарида, соҳа вакилларининг хизмат ва яшаш шароитини яхшилаш, ижтимоий муҳофаза қилиш ҳамда рағбатлантиришга доимий эътибор қаратилаётир. Чунончи, улар кейинги йилларда давлатимизнинг кўплаб юксак мукофотлари — орден ва медаллар билан тақдирланаётгани армиямиз куч-қудратини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаяпти. Хусусан, “Мустақиллик”, “Амир Темур”, “Жалолиддин Мангуберди” орденлари, “Жасорат”, “Содиқ хизматлари учун” каби медаллар давлатимизнинг мудофаа қудратини юксалтиришга ҳисса қўшаётган ҳарбийларимиз меҳнатини қадрлаш, шу билан бирга, эл-юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган, фидойи ва ватанпарвар ёшларни тарбиялашга хизмат қилаётир.
Президентимиз ташаббуси билан “Mардлик” орденининг таъсис этилиши ҳам бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Мазкур орден 1 микрон қалинликда олтин қопланган мис қотишмасидан тайёрланади.
Орденнинг баландлиги 50 миллиметр, эни 41 миллиметр, қалинлиги 4,5 миллиметр.
Орден нишони йиғма, унинг асоси тилла ранг нақшинкор парчинлари бўлган кўк эмаль ҳошияли шаклдор геральдик қалқон кўринишида бўлиб, унга қавариқ саккиз қиррали юлдуз бириктирилади. Юлдуз қирралари тарам-тарам бўлиб таралаётган заррин овалсимон нурлар кўринишида ишланган.
Саккиз қиррали юлдузга нақшинкор парчинлари бўлган, қавариқ, қадимий услубда акс эттирилган думалоқ шарқона қалқон кўринишидаги диаметри 30 миллиметрли қоплама медальон бириктирилади. Қалқоннинг ҳар иккала ён томони ғалаба, шон-шуҳрат ва мукофот рамзи бўлган қавариқ, тилла рангли дафна япроқларидан гулчамбар кўринишида ҳошияланган.
Шарқона қалқондан юқорида мовий рангда эмалланган олтин ҳалланган яримой ва юлдузли мусамман — Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг муқаддас рамзлари тасвирланган. Мусамман ёнларида саккиз қиррали юлдуз фонида миллий ор-номус ва қадр-қиммат, она-юртни ҳимоя қилишга шайлик рамзи бўлган, ўзаро кўндаланг кесишган иккита қадимий шарқона қилич эфеси (даста беламаги), қуйи томонда эса, уларнинг узун қайрилма тиғларининг учлари қавариқли тасвирланган.
Орден нишони композициясини Ватан ҳимоячисининг ҳаёт сарчашмаси ифодаси бўлган асосий рамзий белги — чор-атрофга таралаётган заррин қуёш нурлари акс этган оқ рангли эмаль фонидаги қалқон марказида жойлашган бўртма, кўкракдан юқори қисмининг ярим ён томонлама олинган тасвири якунлайди.
2012 йил 11 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, “Мардлик” ордени билан ўзини Ватанни ҳимоя қилишга ва она-юрт хизматига бағишлаган, мардлик ҳамда жасорат кўрсатган Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий хизматчилари ва бошқа фуқаролари мукофотланади. Алоҳида ҳолларда “Мардлик” ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.
— Давлатимиз томонидан биз, ҳарбийларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-маиший шароитимизни яхшилашга ҳамиша устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда, — дейди “Мардлик” ордени соҳиби, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм гуруҳ мутахассиси, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Сардор Абдураҳимов. — Бунинг учун Президентимиз, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони Ислом Каримовга ҳарбий хизматчиларни рағбатлантиришга кўрсатаётган доимий эътибори учун чуқур миннатдорлик билдирамиз. Бундай беқиёс ғамхўрлик, юксак ишонч зиммамизга янада катта масъулият юклайди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn