Хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим шарти
  • 11 Сентябрь 2015

Хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим шарти

Самарқандда “Фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳамда давлат ва жамият қурилишида хотин-қизларнинг ўрни: Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида халқаро конференция ўтказилди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамда бир қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур анжуманда Америка Қўшма Штатлари, Италия, Германия, Хитой ва бошқа бир қатор давлатлардан экспертлар, шунингдек, мамлакатимиз парламенти аъзолари, вазирлик ҳамда идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро жамоат ташкилотлари, ҳудудий хотин-қизлар қўмиталари раислари ва журналистлар қатнашди.
Тадбирда Ўзбекистонда хотин-қизлар масаласининг ҳал этилиши, чунончи, аёлларнинг жамиятнинг ижтимоий-сиёсий, социал ҳамда иқтисодий соҳаларидаги иштирокини таъминлаш, давлат ташкилотлари ва фуқаролик институтларининг аёллар ҳамда оилалар манфаатларини қўллаб-қувватлаш борасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги ижтимоий шериклигини рўёбга чиқариш, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини асраш, тадбиркорлик, оилавий бизнес ва уй меҳнатининг турли шаклларини ривожлантириш каби йўналишларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хорижий мамлакатлар аёллари ҳаракатининг бу борадаги тажрибалари атрофлича муҳокама қилинди.
Маълумки, мамлакатимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ хотин-қизларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, сиёсий фаоллигини ошириш, касбий, жисмоний, маънавий ҳамда интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, қиз болани замонавий касб-ҳунарга ўргатиш, уларни спортга кенг жалб этиш, соғлом оилани шакллантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Буни Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳаракатлари ва ташкилотлари ҳам миқдор, ҳам мазмун жиҳатидан тобора юксалиб бораётганида ҳам яққол кўриш мумкин.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мамлакатимиз хотин-қизларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, халқаро аёллар ҳаракати ҳамда бошқа нуфузли тузилмалар билан кенг ҳамкорлик қилиб келмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 1991 йилда ташкил топган мазкур ташкилот охирги йилларда халқаро майдонда ўз обрў-эътиборини кучайтирди. Айниқса, Президентимизнинг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қўмита тизимининг яна бир босқич кўтарилишига асос бўлди.
Анжуманда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, оила, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилишда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ўнлаб қонунлар, саксонга яқин Фармон ва қарорлар, давлат дастурлари ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди. Чунончи, Асосий Қонунимизнинг 46-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги белгилаб қўйилгани уларнинг давлат ҳамда жамиятни бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш, юртимиз равнақи йўлида бор салоҳият ва имкониятларини ишга солиб, меҳнат қилишларига шароит яратаяпти. Шу билан бирга, мамлакатимиз соҳага оид турли конвенция, битим ҳамда шартномаларга қўшилган.
Эътироф этилганидек, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ушбу йўналишдаги ислоҳотларни изчил давом эттиришда янги босқични бошлаб берди. Мазкур ҳужжатда хотин-қизларнинг аҳволини ижро ҳокимияти даражасида яхшилаш бўйича миллий механизм асослари яратилди, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий ривожланиши бўйича давлат дастурларининг амалга оширилишига йўл очилди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари янги лавозими жорий этилиб, унинг зиммасига хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ролини янада юксалтириш билан боғлиқ масалаларни бошқариш юкланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси айни пайтда Бош вазирнинг ўринбосари этиб тайинланди, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, ҳокимларнинг ўринбосарлари лавозимлари жорий қилинди ва уларни тегишли хотин-қизлар қўмиталарининг раислари эгаллашлари белгилаб қўйилди.
Анжуманда давлат бошқарувида аёлларнинг иштироки ҳамда ролини кучайтириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий фаоллигини ошириш, аҳоли саломатлигини таъминлаш ҳамда атроф-муҳит муҳофазасида хотин-қизлар ўрнини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар ўртасида кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, бу борада фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ишини мувофиқлаштириш ва ўзаро ижтимоий шериклик самаралари хусусида миллий ҳамда хорижий мутахассисларнинг маърузалари тингланди.
Қайд этилганидек, юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий майдондаги фаоллигини янги бир поғонага кўтариш мақсадида 2004 йили Ўзбекистон Республикасининг сайлов қонунчилигига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, сиёсий партиялардан вакиллик органлари ҳамда парламент депутатлигига номзод кўрсатиш жараёнида хотин-қизлар учун 30 фоизли квота жорий этилди. Бунинг самарасида ҳозирги пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг 17 фоизи, Қонунчилик палатаси депутатларининг 16 фоизи аёллардан иборатдир. Айни чоғда юзлаб аёллар халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларида фаол меҳнат қилмоқда. Уларнинг ушбу йўналишдаги вакиллиги, шубҳасиз, ижтимоий соҳалар, хотин-қизлар, оила, оналик ҳамда болалик муҳофазасига оид мукаммал қонунлар қабул қилинишида долзарб аҳамият касб этади.
Шу ўринда турли тармоқ ва соҳаларда ҳам аёллар улуши ортиб бораётганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Жумладан, ишлаб чиқариш соҳасида 42,8 фоиз, қишлоқ хўжалигида 42,8 фоиз, таълим, маданият ва илм-фан соҳасида 72,9 фоиз, соғлиқни сақлаш тизимида 75,3 фоизни аёллар ташкил этмоқда. Ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарларининг 25 фоизи аёллардан иборат экани эса, шубҳасиз, уларга кўрсатилган юксак ишонч натижасидир.
Конференцияда Ўзбекистондаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш ва давлат томонидан молиявий кўмак бериш бўйича яратилган ўзига хос модель ҳамда унинг амалиёти қатор давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг эътиборини ўзига тортаётгани алоҳида эътироф этилди. Айниқса, аҳоли орасидаги ижтимоий масалаларни ҳал қилишда “учинчи сектор” вакилларининг ҳукумат ва давлат органлари билан ўзаро ижтимоий шериклик асосидаги ҳамкорлиги ижобий самара бермоқда. Рақамларга кўра, хотин-қизлар нодавлат нотижорат ташкилотлари сони 2010 йилда 456 тани ташкил этган бўлса, ҳозирги вақтда бу кўрсаткич 540 га яқиндир. Улар, ўз навбатида, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, хотин-қизлар саломатлигини асраш, бандлигини таъминлаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган кўплаб ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни рўёбга чиқаришда фаол иштирок этиб келмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 10 июнидаги Фармони асосида таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти ва унинг соҳибалари, уларнинг бугунги кунда эришаётган ютуқларига эътибор қаратилди. Дарҳақиқат, 2000 йилдан буён аъло хулқи, зукколиги, ўқишдаги муваффақиятлари, ташаббускорлиги билан ноёб истеъдодини намоён этаётган иқтидорли қизларга адабиёт, маданият, санъат, фан ва таълим йўналишларидаги ютуқлари учун бериб келинаётган мазкур мукофот соҳибалари айни чоғда 226 нафарга етди.
— Ўзбекистонда ёшлар манфаатларини таъминлаш, уларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўлдик, — дейди Шанхай аёллар федерацияси аёллар ишлари бўйича департаменти директори Гу Съю Жуан. — Бу, албатта, юртингиз равнақи учун жуда ҳам муҳим. Айниқса, касб-ҳунар коллежларидаги қизларнинг ҳунар ўрганишлари учун яратилган шарт-шароитлар таҳсинга сазовор. Шанхайда ҳам ёш истеъдодларни эъзозлаш, уларнинг иқтидорини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Бироқ Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибаси мени ҳайратга солди.
— Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида мамлакатингиз эришаётган ютуқлар ҳар қанча эътирофга сазовор, — дейди “Европа аёллари лоббиси” ташкилоти Италия бўлими бош котиби Мария Людовика Боттарелли. — Хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш борасида ҳам муайян тажриба тўпланган. Айниқса, уй меҳнатини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар диққатимни тортди. Буни ўтган даврда ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан биргаликда аёлларни тадбиркорликка жалб этиш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини кучайтириш, ижтимоий мослашуви бўйича қатор лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида амин бўлган эдик. Юртингизнинг бу борадаги тажрибаларини ўрганиш бугун айни муддаодир.
Анжуман доирасида хорижий экспертлар Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари билан учрашдилар. Улар, шунингдек, Самарқанд енгил саноат касб-ҳунар коллежида битирувчи қизлар бандлиги бўйича тузилган штаб фаолияти, Самарқанд шаҳридаги 21-умумтаълим мактабида ташкил этилган “Ораста қизлар” тўгараги, Чашма маҳалласидаги “Саломатлик” сектори фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Конференцияда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва социал фаоллигини ошириш, уларнинг бандлиги, меҳнат ҳамда таълим олиш шароитларини яхшилаш, аёлларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, оналик ва болаликни муҳофаза этиш, соғлом оилани шакллантириш ҳамда мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оилалар билан ишлашни кучайтириш, фуқаролик жамиятини шакллантириш ва давлат ҳамда жамият қурилишида хотин-қизларнинг ўрнини янада мустаҳкамлаш каби бир қатор масалалар юзасидан зарур таклифлар билдирилди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn