Тинчлик ва осойишталигимиз қалқонлари
  • 10 Сентябрь 2015

Тинчлик ва осойишталигимиз қалқонлари

Президентимиз мустақиллигимизнинг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги сўзида таъкидлаганидек, “Мустақиллик биз учун ҳаётимизнинг маъно-мазмунини бутунлай ўзгартирган, тарихимизда янги саҳифа очган буюк воқеа бўлиб, Ватанимизни, халқимизни эски мустабид тизим кишанларидан озод қилгани, миллий демократик давлат қуриш, барча мамлакатлар ва халқлар билан тенг бўлиб, фаровон ҳаёт барпо этиш йўлини очиб бергани билан қадрли ва мўътабардир”.

Дарҳақиқат, истиқлолнинг қадрини, аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Олиб борилаётган оқилона сиёсатга, кўрсатмаларга қатъий амал қилган ҳолда, юртни обод этиш йўлида бир тану бир жон бўлиб интилаётган халқимиз ўтган 24 йил мобайнида улкан ютуқларни қўлга киритди. Буни жаҳон ҳамжамияти ҳам тан олмоқда, эътироф этмоқда. Мамлакатимиз Ер юзидаги энг тез суръатлар билан ривожланаётган давлатлар орасида бугун бешинчи ўринни эгаллагани, дунёдаги энг нуфузли халқаро иқтисодий ва ижтимоий марказларнинг охирги маълумоти бўйича, Ўзбекистон “Бутунжаҳон бахт индекси”да 158 та мамлакат ўртасида 44-поғонани, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида  биринчи ўринни эгаллагани, шубҳасиз, барчамизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Бугун яна янги уфқлар сари дадил қадам ташланаяпти. Шаҳару қишлоқларимизда қурилиш, ободонлаштириш ишлари қизғин давом этаётир. Йирик ишлаб чиқариш субъектлари, тураржойлар, таълим муассасалари, ижтимоий инфратузилма объектлари, меҳмонхоналар, спорт иншоотлари қад ростлаяпти, боғу хиёбонлар кўркамлашиб, транспорт коммуникацияси соҳаси халқаро талаблар даражасига келтирилаяпти. Йўлингиз тушиб Нукусга борасизми ё Урганчни айланасизми, буёғи Бухорою Навоий, Самарқанду Жиззах, Қаршию Термиз ёки водийда бўласизми, улкан бунёдкорлик ишларидан қалбингизни ажиб бир ҳаяжон, фахр ҳисси қамраб олиши, шубҳасиз. Пойтахтимиз Тошкент эса, том маънода, мегаполис шаҳарга айланди.
Шу боис ҳам файзли дастурхон атрофида, турли учрашув ва давраларда бундай янгиланишлар бот-бот тилга олинади, мустақиллик берган имкониятлар ҳақида тўлқинланиб гапирилади. Кексаларимиз доимо дуога қўл очганида, нафақат юртимизда, балки бутун дунёда тинчлик-омонлик бўлишини сўраб, ният қилишади. Биз шундай халқмиз. Ўзгаларга ҳам фақат яхшиликни раво кўрамиз. Мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсат ҳам шундай, бу — тинчлик сиёсати!
Аслида шиддат билан ўзгариб, тобора кескинлашиб бораётган ҳозирги замонда тинчликни таъминлаш, уни асраб-авайлаш ўз-ўзидан бўладиган иш эмас. Негаки, жаҳоннинг турли минтақа ҳамда ҳудудларида қарама-қаршилик ва зиддиятлар, тўқнашув ҳамда қон тўкишлар, низо ва адоватлар кучайиб бормоқда. Бегуноҳ одамлар, норасида гўдаклар нобуд бўлаяпти. Булардан тўғри хулоса чиқариш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаш, мусаффо осмонимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш муқаддас бурчимиз эканлигини ҳам, бир зумга бўлсин, унутмаслигимиз лозим.
Қайд этиш жоиз, Юртбошимизнинг халқимиз бахти, тинчлиги, фаровон келажагини ўйлаб ўз вақтида миллий армиямизни барпо этишга қаратган эътибори, бу йўлда олиб бораётган сиёсати мустақиллигимиз солномасидаги муҳим воқеалар сирасига киради. Айни шу жиҳатдан ҳам биз истиқлолни қўлга киритишимиз тарихи ҳақида гапирганда, унинг узвий бир қисми сифатида Қуролли Кучларимизни ташкил қилиш жараёнини ҳам алоҳида тилга оламиз.

Тарих сабоғи, ислоҳотлар натижаси
— Мустабид тузум даврида иттифоқ таркибидаги халқларнинг ҳаммасига ҳам бирдек муносабатда бўлинмаганини биргина ҳарбий хизматдаги мавжуд аҳвол мисолида яққол тасаввур қилиш мумкин эди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги шахсий таркиб билан ишлаш бошқармаси бошлиғи, полковник Алишер Қличев. — Ота-оналар нима учун фарзандларини армияга минг азобда, йиғи-сиғи билан кузатишарди? Чунки жигарбандлари олис ўлкаларда, қийин шароитларда хизмат қиларди. Фарзандларимиздан асосан қурилиш батальонларида, оғир ишларда фойдаланилганини, уларга бамисоли қандайдир “иккинчи сорт одамлар” деб қаралганини ўша даврда ҳарбий хизматни ўтаганлар ва ёши катталар яхши эслайди. Давлатимиз раҳбари жуда асосли таърифлаганларидек, бундай беписанд қараш мана шу Ўрта Осиё минтақасидан чиққан барча йигитларнинг қисмати эди.
Ўша замондаги носоғлом муҳит оқибатида ҳарбий хизматдаги қанча йигитлар ҳалок бўлиб, уйларига тобут келганида, бу мусибатдан бағри-дили эзилган ота-оналарнинг аҳволини кўз олдингизга бир келтириб кўринг-а. Дунёда фарзанд доғидан ортиқроқ кўргилик бўлмаса керак. Халқимиз мана шундай оғир, ҳеч кимга раво кўрмайдиган даҳшатли кунларни бошдан кечиргани айни ҳақиқат.
Албатта, ўз мустақиллигини қўлга киритган ҳар қайси миллат уни ҳимоя қилиш ҳақида ҳам ўйлаши зарур. Бунда армия муҳим ўрин тутади. Аммо бунинг уддасидан чиқолмайдиган, қурби етмайдиганлар эса кимгадир итоат этишга, бўйин эгишга мажбур бўлади. “Агар кимки ўз армиясини боқмаса, эртага ўзгалар армиясини боқишга мажбур бўлади”, деган ҳикмат ҳам бежиз айтилмаган. Шу маънода, давлатимиз раҳбари Ватанимизни кўз қорачиғидай асраш, эл-юртимизни ҳар қандай хавф-хатардан сақлашга қодир бўлган қудратли Қуролли Кучларга эга бўлишимиз кераклигини устувор мақсад сифатида белгилаб бердилар. Бу йўлда жуда катта ва тарихий ишлар амалга оширилди.
Маълумки, Президентимизнинг 1991 йил 6 сентябрдаги Фармони билан Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилди. Кейинчалик у Мудофаа вазирлигига айлантирилди. 1992 йил 14 январь куни эса мустақил давлатимиз тарихида ўта муҳим бир тадбирга қўл урилди — республика Олий Кенгашининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида”ги қарори билан мамлакатимиз ҳудудидаги барча ҳарбий тузилмалар мустақил Ўзбекистон тасарруфига ўтказилди. Давлатимиз раҳбари ташаббусига асосан қабул қилинган мазкур ҳужжат юртимиз хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ҳар томонлама таҳлил этиш асосида армиямизни ислоҳ қилишнинг узоқ муддатли дастури ишлаб чиқилишига йўл очди. 1993 йил 29 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига биноан, 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни” деб белгиланди.
Қуролли Кучларимизни шакллантириш жараёнида энг долзарб масалалардан бири — кадрлар масаласи эди. Буни 1990 йилда маҳаллий офицерлар юртимиздаги ҳарбий кадрларнинг атиги 0,6 фоизини ташкил этгани ҳам тасдиқлайди. Мазкур масалани ҳал этиш мақсадида ҳарбий таълим соҳаси тубдан ислоҳ қилина бошланди. Бир қатор олий ҳарбий таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилиб, уларда ҳарбий хизматга салоҳияти етарли, миллий истиқлол ғояларига садоқатли, аҳди қатъий, мард ва жасур ҳарбий кадрлар тайёрлашга киришилди. Ҳозирги вақтда Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти, Тошкент ахборот технологиялари университети Махсус факультети, Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий-тиббиёт факультетидан профессионал, назарий ва амалий билимларни пухта эгаллаган офицер кадрлар етишиб чиқмоқда. Шунингдек, 1995 йил 2 сентябрдан фаолиятини бошлаган, Марказий Осиёда ягона ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академияси зиммасига олий қўмондонлик таркибидаги офицерларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, қолаверса, мудофаа қурилиши соҳасидаги илмий-амалий тадқиқот ҳамда ишланмаларни мувофиқлаштириш, юртимизда ҳарбий таълимни ривожлантириш каби устувор вазифалар юклатилган.
— Президентимизнинг 2010 йил 4 августдаги Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академиясини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қароридан сўнг ушбу таълим муассасаси фаолияти янги босқичга кўтарилди, — дейди академиянинг масъул офицери, подполковник Мансуржон Мўминов. — Бу ерда ўқитишнинг замонавий шакллари ва услублари жорий этилган бўлиб, мазкур жараёнда илғор ахборот-коммуникация технологиялари, моделлаштириш ва симуляция воситалари, машқ комплекслари ҳамда тизимларидан кенг фойдаланилади. Тингловчилар назарий жиҳатдан олган билим ва кўникмаларини дала шароитларида амалий жиҳатдан янада мустаҳкамлашади. Жисмоний тайёргарлик ва спорт машғулотларини ўтказиш учун ҳам барча имконият мавжуд. Қисқаси, Ўзбекистон Қуролли Кучлар академиясида юксак интеллектуал салоҳиятли, мураккаб ва кескин шароитларда вазиятни тўғри баҳолаб, тезкор қарорлар қабул қила оладиган профессионал ҳарбий кадрлар тайёрланмоқда.
Эътироф этиш лозимки, ҳаётга татбиқ қилинган янгича анъаналар туфайли миллий армиямизда сержантлар корпусига бўлган эътибор ҳам кучайтирилиб, уларнинг мақоми юксалди. Тошкент, Марказий, Жануби-ғарбий махсус, Шимоли-ғарбий ва Шарқий ҳарбий округларда Сержантлар тайёрлаш мактаблари ташкил этилди. Ушбу таълим муассасалари фаолияти замон билан ҳамқадам модернизация қилинмоқда, моддий-техник ва ўқув базаси мустаҳкамланиб, таълим жараёнига ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда илғор услублар кенг жорий этилаётир.
— Очиғини айтиш керак, шўролар даврида сержант ёки прапоршчик деганда, маънавияти мўрт, муштумзўр, содда қилиб айтганда, ҳар қандай йўл билан тартиб-интизомни ўрнатадиган ҳарбий тушуниларди, — дейди Тошкент ҳарбий округи Сержантлар тайёрлаш мактаби бошлиғининг ўринбосари, подполковник Илҳом Бегимқулов. — Аслида уларнинг ўрнатган интизоми замирида инсон зотига ҳурматсизлик, таҳқирлаш, ҳақоратни кўриш мумкин эди. Бугун Ўзбекистон армиясининг сержанти юксак маънавий фазилатларга эга. У қўл остидагиларни юксак маънавий-ахлоқий руҳда тайёрлайдиган ҳарбий хизматчидир. Аскарлар билан тактик, ўт очиш, индивидуал-тарбиявий ишлар бўйича машғулотлар ўтказувчи устоз ҳам сержант.
Ана шундай талабларга мос келувчи ҳарбий хизматчиларни шакллантириш мақсадида, аввало, сержантликка номзодларни танлашнинг муайян тизими яратилди. Яъни Сержантлар тайёрлаш мактабларига ўқишга киришда номзодларнинг умумтаълим, интеллектуал даражасига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Ўз навбатида, бундай таълим муассасаларидан қўшинларга йўлланма олганларнинг ҳар томонлама тайёргарлик натижалари таҳлил қилиниб, хулосалар чиқарилаётир.
Биласиз, Ўзбекистон Қуролли Кучлари тизимида ҳар йили ўтказиб келинаётган “Энг илғор мутахассис” танловида “Энг илғор сержант” номинацияси ҳам бор. Бу унда қатнашаётган сержантларнинг Ватанга, мардлар касбига бўлган муҳаббати янада ошишига хизмат қилмоқда. Қолаверса, интеллектуал салоҳияти, етакчилик сифатлари шаклланиши юксак маънавий-жанговар руҳ, соғлом рақобат муҳити вужудга келишида беқиёс аҳамият касб этаяпти.
Умуман, мана шу саъй-ҳаракатларнинг барчаси бугун ўз самараларини бераяпти. Сержантлар миллий армиямизнинг том маънодаги таянчи, аскарларнинг устози, офицерларнинг энг яқин ёрдамчиси, деган номни оқламоқдалар.

Ҳар йигитнинг орзуси
Миллий армиямиз салоҳиятини юксалтириш йўлида ҳаётга татбиқ этилган ислоҳотлардан яна бири Қуролли Кучларимиз сафини тўлдириш тизимининг такомиллаштирилганидир. Маълумки, 2002 йилнинг 29 августида Иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг тўққизинчи сессияси бўлиб ўтган эди. Ўшанда Президентимиз “Қандай қилсак, армияда хизмат қилиш том маънодаги нуфузли ишга айланади? Қандай қилсак, ёшларимиз ўртасида армия хизматидан бўйин товлаш эмас, аксинча, унинг сафидан жой олишга интилиш кучаяди? Қандай қилсак, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёш авлоднинг энг муносиб вакиллари армияга танлаб олинадиган бўлади?” деган саволларни ўртага ташладилар. Ўшанда фарзандларимизнинг Қуролли Кучларда хизматни ўташ муддатини 18 ойдан 12 ойга, яъни бир йилгача қисқартиришни таклиф қилдилар. Бунинг аҳамияти, ўзига хос жиҳатларини ҳаётий далиллар асосида батафсил тушунтириб бердилар. Шундан сўнг, Иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ўнинчи сессиясида “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Унга мувофиқ, ҳарбий хизмат муддатини 12 ойгача қисқартиришга доир ҳуқуқий асос яратилди. Бундай ислоҳотлар амалда ўз самараларини кўрсатди. Яъни Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш Ўзбекистон фуқаролари учун нафақат конституциявий бурч, балки чин маънодаги шон-шараф ишига айланди. Бугун улғайиб, камолга етган ҳар бир йигитнинг ўз хоҳиш-иродаси билан ана шу муқаддас вазифани адо этишга интилаётгани қалбимизга алоҳида фахр бағишлайди.
Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 20 ноябрдаги “Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ шарт-шароитларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони чақирув самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Мазкур Фармонга мувофиқ, 2009 йилдан бошлаб фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга йилига бир марта — февраль-март ойларида чақириш йўлга қўйилди.
Бир жиҳатни алоҳида фахр билан таъкидлаш жоиз. Бугунги кунда ҳарбий хизматга чақирилаётган ёшлар аввалги йиллардаги муддатли ҳарбий хизматчилардан мутлақо фарқ қилади. Эндиликда мустақиллик йилларида туғилиб вояга етган, мамлакатимиздаги лицей ва коллежларда энг замонавий таълим-тарбия олган йигитлар армия сафларига кириб келмоқда. Улар ахборот-коммуникация технологияларини, хорижий тилларни пухта билади. Энг асосийси, ҳаёт ҳақида ўзининг мустақил фикри ва қарашига, ахлоқий-маънавий қадриятларига эга. Бундай салоҳиятли ёшлар халқимизнинг ишончи ва таянчидир.
Миллий армиямизда ўз бурчини ўтаб қайтган фуқароларнинг кейинги фаолияти ҳам давлатимизнинг доимий эътиборида. Олий таълим муассасаларига ўқишга киришда уларга алоҳида имтиёзлар белгилаб қўйилгани, ишга жойлашишда амалий ёрдам кўрсатилаётгани шулар сирасидандир. Жумладан, Президентимизнинг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасини олган фуқароларга республика олий ўқув юртларига ўқишга киришда тест синовларида тўплаш мумкин бўлган энг кўп баллнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл бериш жорий этилган.

Оила мустаҳкамлиги — юрт равнақи
Президентимизнинг “Миллий армиямиз — мустақиллигимизнинг, тинч ва осойишта ҳаётимизнинг мустаҳкам кафолатидир” китобида армиямизнинг илк шаклланиш жараёнлари ҳақида сўз юритилар экан, “90-йиллардаги мураккаб иқтисодий вазиятга қарамасдан, биз ҳарбий қурилиш соҳасида олдимизда турган долзарб ва улкан вазифаларни ҳал этиш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини ижтимоий ҳимоя қилиш учун зарур бўлган моддий ва молиявий манбаларни излаб топиш мақсадида қаттиқ иш олиб бордик”, дейилади.
Чиндан ҳам, мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ушбу масалага энг муҳим устувор вазифалардан бири сифатида аҳамият қаратилмоқда. Ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш, замонавий ҳарбий шаҳарчалар қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш, бу объектларда бугунги кун талабларига ҳамда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари эҳтиёжларига жавоб берадиган қулай ижтимоий-маиший шароит яратиш бўйича махсус давлат дастурлари қабул қилингани бунинг яққол тасдиғидир. Ана шу ҳужжатларнинг изчил ижроси туфайли ҳозирги пайтга қадар кўплаб ҳарбий хизматчилар шинам уй-жойлар ва бошқа зарур инфратузилма объектлари билан таъминланди.
Кўзни қувнатадиган бундай бунёдкорликлар, ўзгаришларни кўриб, хаёлимиздан беихтиёр ҳали-ҳануз жаҳонда давом этаётган молиявий-иқтисодий инқироз ўтади. Қайсидир мамлакатда банклар ҳамон қийин аҳволда иш юритаяпти, корхоналарни асраб қолиш мақсадида иш ўринлари қисқартирилаяпти, натижада ижтимоий муаммолар кескинлашмоқда. Шу маънода олиб қараганда, биз танлаган ўзимизга хос ва мос миллий тараққиёт йўли, инқирозга қарши ўз вақтида кўрилган чора-тадбирларнинг нақадар тўғри эканига такрор ва такрор амин бўлади киши.
Ҳарбий хизматчиларимизнинг ижтимоий ҳимояси бўйича амалга оширилаётган улкан ишларнинг глобал молиявий-иқтисодий инқироз шароитида ҳам изчил давом эттирилаётгани тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, ҳаётимизни янада обод ҳамда фаровон этишга қаратилган юксак эътибор самарасидир.
— Биз, ҳарбий хизматчилар учун ҳеч кимдан кам бўлмаган шарт-шароитларни яратиш борасида кўрсатилаётган ғамхўрликни ҳар қадамда ҳис этиб турибмиз, — дейди Тошкент ҳарбий округи ҳарбий қисмларидан бирида хизмат қилаётган майор Жаҳонгир Абдукабиров. — Ўзимиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, биз ҳам тўрт хонали кўркам уйнинг соҳиби бўлдик. Бундан жуда хурсандмиз. Юксак эътиборга жавобан юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни сақлаш йўлида бор куч ва салоҳиятимизни ишга соламиз.
Биз янги уйларга эга бўлган, қалби қувончга тўлган кўплаб ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари билан суҳбатлашганимизда, ҳар биридан ана шундай самимий сўзларни эшитдик. Албатта, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар бундан кейин ҳам давом эттирилади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “Бугунги замонда фақат ижтимоий жиҳатдан яхши таъминланган ҳарбий хизматчилар, шу билан бирга, пухта тайёргарликка эга бўлган, кучли, ҳар томонлама таъминланган Қуролли Кучларгина давлатимиз хавфсизлигини таъминлашга қодир бўлади”.

Қуролли Кучлар ва жамоатчилик назорати
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 24 октябрдаги қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузурида Жамоатчилик кенгаши ташкил этилди. Мазкур кенгаш маслаҳат берувчи орган ҳисобланади ва фаолиятини жамоатчилик йўли билан амалга оширмоқда. Жумладан, мудофаа ва ҳарбий қурилиш соҳасига оид масалалар юзасидан жамоатчилик томонидан билдирилган фикр-мулоҳазаларнинг мониторингини юритиб, таҳлил қилиб бораяпти. Ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий-маиший ва хизмат шароитларини яхшилаш, резервга бўшатилган шахсларни ижтимоий муҳофаза этишга қаратилган давлат дастурларининг амалга оширилиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланишини ҳам назорат қилаётир. Бўлинма ва ҳарбий қисмларда соғлом маънавий-руҳий муҳит, юксак ахлоқ ва маданият сақланишини таъминлаш мақсадида тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бориб, Мудофаа вазирлигининг бу борадаги фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқмоқда. Кенгашнинг ижодий уюшмалар, жамғармалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, олий ҳарбий таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, маданият, санъат, фан ва спорт намояндаларидан таркиб топгани кўзда тутилган вазифаларни изчил бажариш имконини бераяпти. Бунда унинг аъзолари кенг ваколатларга эга экани муҳим ўрин тутаётир. Масалан, улар ҳарбий қисм ва бўлинмаларда бўлиб, шахсий таркибнинг ижтимоий ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилинаётгани, ҳарбий қисмда қарор топган ҳуқуқий тартибот ва ҳарбий интизом ҳолати билан бевосита танишиш, ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари билан суҳбатлашиб, ўй-фикрлари, муаммо ва истакларини ўрганиш ишларини олиб боришмоқда.
Қолаверса, ёшлар орасида соғлом маънавий-руҳий муҳит, юксак ахлоқ ва маданиятни шакллантириш, соҳага дахлдор ташкилотлар билан биргаликда чақирувга тайёрланаётган ўспиринлар ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг маънавияти ва дунёқарашини кенгайтириш, ён-атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга муносабати ҳамда ҳаётий позицияларини шакллантириш, Ватан тақдири, унинг мустақиллиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун шахсий масъулиятини кучайтириш ҳам кенгашнинг асосий вазифалари сирасига киради.
Жамоатчилик кенгаши таркибида ташкил этилган бешта комиссия бу борада изчил фаолият юритиб келмоқда.
— Ўтган давр мобайнида кенгаш томонидан олий ҳарбий таълим муассасалари ва ҳарбий қисмларда Олий Мажлис Сенати аъзолари ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари, ёзувчи ва шоирлар, маданият ҳамда санъат намояндалари иштирокида мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, ҳарбий хизматчиларда ватанпарварлик туйғусини кучайтиришга қаратилган қатор маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди, — дейди Жамоатчилик кенгаши аъзоси, Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси Баҳодир Fаниев. — Биз ҳар гал жойларда бўлганимизда, аскарларнинг яшаши ва ҳордиқ чиқариши учун яратилган шарт-шароитларни кўриб, очиғи, ич-ичимиздан қувониб кетамиз. Мана мустақиллик шарофати, мана Ўзбекистон армиясининг ўзига хослиги, деган фахр туйғуси ўтади кўнглимиздан. Ота-оналар ҳам хурсанд. Қисмлардаги кутубхоналар, маънавий-маърифий тайёргарлик хоналарини айтмайсизми?! Уларда нафақат ҳарбий адабиётлар, балки бадиий ва тарихий асарлар ҳам мавжуд. Юрт ўғлонларининг китобга ошно экани, билимга чанқоқлиги ҳавас уйғотади.
Умуман, шуни ғурур билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон тарихан қисқа даврда мураккаб шаклланиш йўлини босиб ўтди ва бугунги кунда сон жиҳатдан ихчам, ҳаракатчан, замонавий талабларга жавоб берадиган, яхши тайёргарликка эга бўлган армия сифатида ўзини намоён этмоқда.

Эзгу ниятлар ифодаси
— Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳнамолигида жонажон Ватанимиз ўзининг тинчликсевар сиёсатига ҳамиша содиқ бўлиб келаяпти ва шундай бўлиб қолади, — дейди полковник Алишер Қличев. — Бизнинг Ҳарбий доктринамиз мудофаа хусусиятига эга бўлиб, Қуролли Кучларимизни мустаҳкамлаш, биринчи навбатда, давлат суверенитети ва мамлакатимиз ҳудудий яхлитлигини, одамларимизнинг тинчлиги ҳамда осойишталигини ҳимоя қилишга йўналтирилгандир. Давлатимиз раҳбари мустақиллигимизнинг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги сўзида сиёсатимизнинг мазмун-моҳияти ҳақида яна бир карра тўхталиб, жумладан, шундай деди: “Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмайди, ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базаларининг жойлаштирилишига, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ташқарисида бўлишига мутлақо йўл қўймайди. Ўзбекистон давлатининг қонуни даражасига кўтарилган бу тамойилларни, айни шундай чуқур ўйланган йўлни, шундай сиёсатни биз учун энг тўғри, энг маъқул деб биламиз ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмаймиз”.
Ҳақиқатан ҳам, бу сиёсат доимо эзгулик, яратувчанлик фикри билан яшайдиган халқимиз хоҳиш-истагининг ёрқин ифодасидир.
Президентимиз “Йиллар ўтади, замонлар ўтади, аммо, ҳеч шубҳасиз, миллий армиямизни ташкил этиш билан боғлиқ жараёнлар мустақил Ўзбекистонимиз солномасида, янги тарихимиз саҳифаларида ўчмас ҳарфлар билан ёзиладиган буюк воқеалардан бири бўлиб қолади”, деган эдилар. Дарҳақиқат, тинч ва фаровон ҳаётимизни асраб-авайлаш йўлида ҳаётга татбиқ этилаётган улкан ислоҳотлар, саъй-ҳаракатлар келгуси авлод вакиллари учун ҳамиша ғурур тимсоли бўлиб хизмат қилади.

Шавкат ОРТИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn