Хусусий мулк ва тадбиркорликка берилаётган ҳуқуқий кафолатлар барқарор иқтисодий тараққиётнинг муҳим омилидир
  • 10 Сентябрь 2015

Хусусий мулк ва тадбиркорликка берилаётган ҳуқуқий кафолатлар барқарор иқтисодий тараққиётнинг муҳим омилидир

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида улкан муваффақиятларга эришилди.

Буни суд-ҳуқуқ тизимида қўлга киритилган натижалар мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, одил судлов институтини шакллантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатларга эътибор қаратарканмиз, дунёнинг бирон давлатида бунчалик қисқа даврда демократик андозаларга мос келадиган суд тизими шакллантирилмаганига амин бўламиз.
Маълумки, 1992 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида суд ҳокимияти тизимининг конституциявий асослари белгилаб берилди. Шундан буён Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиб келмоқда.
Ўтган даврда хўжалик судлари ҳам ўзига хос тикланиш ва тараққиёт йўлини босиб ўтди. Конституция қабул қилиниши билан суд ҳокимиятининг бир тармоғи сифатида хўжалик судлари мақоми белгилаб берилди. Айни чоғда давлатимиз иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, уларнинг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза этилиши, дахлсизлиги ҳамда давлат ҳимоясида эканлиги мустаҳкамланди. Бунинг учун эса янгича ёндашув, қудратли ҳимоя механизмлари зарур эди. Шундан келиб чиқиб, Асосий Қонунимизнинг 111-моддасида мулкчиликнинг турли шаклларига асосланган корхона, муассаса ва ташкилотлар, шунингдек, тадбиркорлар ўртасидаги, иқтисодиёт соҳасида ва уни бошқариш жараёнида вужудга келадиган хўжалик низоларини ҳал этиш Олий хўжалик суди ва хўжалик судлари томонидан амалга оширилиши белгиланди.
“Судлар тўғрисида”ги Қонун ҳамда Хўжалик процессуал кодексига биноан, Олий хўжалик суди иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ушбу жабҳада қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга қаратилган вазифаларни амалга оширишдек муҳим мақомга эга бўлди.
Давлатимиз раҳбари томонидан хўжалик судларининг шаклланиши ва фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган қатор Фармон ва қарорлар қабул қилинди. Хусусан, хўжалик судлари тизимини такомиллаштириш, хўжалик судларининг қарорлари ижросини таъминлаш, хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий ночорлиги ва шартнома мажбуриятлари бажарилиши учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтиришга оид фармонлари ушбу тизим ривожи ва мавқеини ошириш баробарида, хўжалик судларининг тадбиркорлар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги ўрнини мустаҳкамлади.
Ўтган давр мобайнида хўжалик судлари фаолияти ислоҳотлар руҳига мос равишда тубдан ўзгарди. Энг муҳими, фуқаролар, хўжалик юритувчи субъектлар вакилларининг судларга бўлган ишончи ортиб, улар ўзларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоялашни сўраб хўжалик судларига мурожаат қилмоқдалар. Масалан, 1994 йилда хўжалик судлари томонидан 7 мингдан зиёд низоли иш кўриб чиқилган бўлса, 2014 йилда бу кўрсаткич 263 мингдан ошди. 2015 йилнинг биринчи ярмида эса кўриб чиқилган суд ишларининг сони 147 мингдан зиёдни ташкил этди.
Хўжалик судлари томонидан 2001 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари манфаати йўлида кўрилган ишлар сони қарийб 2,2 мингтани ташкил этган ҳамда улар фойдасига 3,5 миллиард сўмга яқин маблағ ундирилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич тегишинча 27,5 мингта ва 321,4 миллиард сўмни ташкил этди. 2015 йилнинг биринчи ярмида кўрилган шу тоифадаги ишлар сони қарийб 17 мингтага етиб, тадбиркорлар фойдасига ундирилган маблағлар миқдори 306,5 миллиард сўмдан ортган.
Давлат ва назорат органларининг тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига хилоф равишда чиқарилган ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш орқали ҳам мулкдорлар синфининг янада ривожланишига кўмаклашилмоқда. 2005 йилдан ҳозирги пайтгача ана шундай ҳужжатларнинг қарийб 3400 таси ҳақиқий эмас, деб топилган.
Президентимизнинг 2005 йил 14 июндаги “Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари фақат суд томонидан қўлланилиши тартиби жорий этилди. Бу, аввало, мамлакатимизда назорат қилувчи давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан тадбиркорлик субъектларига нисбатан етарли асоссиз таъсир чоралари қўлланилишининг олдини олишга замин яратмоқда ва шу тоифадаги низолар судларда ошкора, тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги ҳамда тортишуви тамойили асосида ҳал этилишига хизмат қилаётир.
“Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон эса тадбиркорлик субъектларининг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш, уларнинг фаолиятини ташкил қилиш йўлидаги мавжуд тўсиқ ва чекловларга барҳам бериш, тадбиркорлар учун яна кўплаб имтиёз ва имкониятлар яратилишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур Фармон асосида ишлаб чиқилган ва жорий йилнинг 21 августида эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан юртимизда хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳимоя қилиш соҳасидаги амалдаги қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилди.
Мазкур Қонун билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг барча жиҳатига — давлат рўйхатидан ўтказиш, бизнес юритиш тартиби, назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари билан ўзаро муносабатларидан тортиб, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қирқдан ортиқ қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу янгиликлар хусусий мулк ва тадбиркорлик фаолиятининг янада эркин ривожланиши, соҳа субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмини яратиш имконини берди. Муҳим жиҳати — тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва ноқонуний аралашгани учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги кучайтирилди.
Шу нуқтаи назардан, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларига зид бўлган ҳуқуқбузарликлар — тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик ҳамда ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги моддалар Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг алоҳида бобларига бирлаштирилиши хусусий мулк ҳимоясини янада мустаҳкамлади.
“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар тадбиркорлик субъектлари учун назарда тутилган имтиёз ҳамда преференциялардан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган.
Хўжалик процессуал кодексининг 116, 122 ва 125-моддаларига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Яъни хўжалик судлари томонидан даъво аризасини кўриб чиқишга қабул қилиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқариш муддати 10 кундан 5 кунгача қисқартирилди. Айни чоғда давлат органи, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш, мансабдор шахснинг шундай ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш муддати 30 кундан 15 кунга қисқартирилди. Бу эса судга мурожаат қилувчи шахсларга қисқа муддатда ўз бузилган ҳуқуқларини тиклаш имконини беради.
Шу ўринда хўжалик судларига тегишли ишлар кўлами кенгайтирилиб, меҳнатга оид низолардан ташқари, барча корпоратив низолар хўжалик судлари томонидан кўриб чиқилиши белгиланганини ҳам айтиш зарур. Хўжалик процессуал кодекси “Корпоратив низолар бўйича иш юритиш” деб номланган янги боб билан тўлдирилди. Унда суд томонидан ҳал этиладиган корпоратив низолар турлари белгиланди, мазкур низолар бўйича ишларни кўриб чиқиш тартиби ва ўзига хос хусусиятлари, низо бўйича даъво аризасига қўйиладиган талаблар, бу борада даъвони таъминлаш чоралари тартибга солинди.
Хўжалик процессуал кодексига киритилган яна бир муҳим янгилик, бу — хўжалик судларига даъвони таъминлаш чораси сифатида давлат органи, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг низолашилаётган ҳужжати ижросини тўхтатиб туриш ҳуқуқи берилганидир.
Кассация инстанцияси суди томонидан ишларни янгидан кўриш учун юбориш асослари камайтирилиши Кодексга киритилган ўзгартишлардан яна биридир. Шу пайтгача кассация инстанцияси суди қуйи суд ҳужжати етарлича асосланмаган бўлса, уни бекор қилиш, ишни тегишли инстанция судига янгидан кўриш учун юбориши мумкин эди. Эндиликда кассация инстанцияси суди қуйи судлар томонидан ишларни кўришда фақат процессуал ҳуқуқ нормалари бузилганлигини аниқлаган тақдирда, суд ҳужжатини бекор қилиш ҳамда ишни тегишли инстанция судига янгидан кўриш учун юбориши мумкинлиги белгиланди. Кассация инстанцияси қуйи судларнинг қарорлари ҳар томонлама асосли ва қонуний эканлигини батафсил кўриб чиқиши иш юзасидан якуний тўхтамга келиш, шунингдек, қуйи судлар учун тўғри суд амалиётини шакллантириш имкониятини яратади.
Солиқ кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, солиқ тўловчи томонидан солиққа оид бир неча ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда, жарима тарзидаги молиявий санкциялар унча оғир бўлмаган молиявий санкцияни оғирроқ жарима билан қамраб олиш ёхуд тайинланган жарималарни тўлиқ ёки қисман қўшиш орқали солиққа оид  ҳуқуқбузарликлар мажмуи бўйича қўлланилиши белгиланди.
Шу билан бирга, молиявий санкция ҳуқуқбузарликнинг оқибатларига номутаносиб бўлган, жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда, шунингдек, ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олиб, суд молиявий санкциянинг энг кам даражасидан ҳам камроқ, бироқ белгиланган санкция энг кам миқдорининг 25 фоизидан кам бўлмаган миқдорда, сабаблар ва асосларни албатта кўрсатган ҳолда молиявий санкция қўллашга ҳақли эканлиги ҳақида янги норма киритилди.
Бундан ташқари, кирим қилинмаган товарлар қўзғатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ёки жиноят иши доирасида давлат даромадига ўтказилган тақдирда, Солиқ кодекси 114-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган молиявий санкция қўлланилмаслиги белгиланди.
Мазкур Кодекснинг 330-моддасига киритилган қўшимчаларга кўра, мулкдорлар — хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида давлат органлари ва бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳақидаги ишлар юзасидан, шунингдек, аризачи ва жавобгар — ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар бўйича хўжалик судларида давлат божини тўлашдан бутунлай озод қилинди. Бу ҳам мулкдорлар ва тадбиркорларга хўжалик судида ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун қулай имкониятдир.
Янги Қонун матбуотда эълон қилинган кундан бошлаб, Олий хўжалик суди томонидан унинг мазмун-моҳиятини судьяларга етказишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, хўжалик судларининг барча судьялари иштирокида видеоконференц-алоқа орқали Қонуннинг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ташкил этилди. Унда судьяларга тегишли тавсиялар берилди. Қонунчиликдаги янгиликларни аҳоли, жумладан, тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида судьяларнинг оммавий ахборот воситаларида чиқишлари уюштирилмоқда.
Умуман, қонун ҳужжатларига киритилган ушбу янгиликлар суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда хўжалик судларининг ролини ошириш баробарида, хусусий сектор фаолиятини ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишда, пировардида қулай ишбилармонлик муҳитини бундан-да такомиллаштиришда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб  хизмат қилади.

Козимжон КАМИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий хўжалик суди раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn